Чоршанба, 21 Август 2019

Зулайҳо Бойхонова: “Хаёлларим ҳаётга кўчди…”

Ўзбекистон халқ артисти Зулайҳо Бойхоновани санъатсеварлар актриса ва хушовоз хонанда сифатида биладилар. Ижодкор билан суҳбатимиз беғубор болалик хотиралари, санъатдаги илк қадамлар ва шахсий ҳаётдаги эсда қоларли воқеалар ҳақида бўлди.

 — “Машҳурликнинг юки оғир” деган гапни кўп эшитамиз. Ундан чарчаганингизда ҳаётингизнинг қайси дамлари ёдингизга тушади?

— Баҳор келганида Наманган ҳавосини, ота уйимнинг файзли ҳовлисини соғинаман. Отам-онам ва жигарларим билан кечган ширин хотираларни эслаганда, юрагим тошиб, беихтиёр энтикиб кетаман. Беғубор болалигим, майсалар устида чопқиллаб юрганим, онам ёпган иссиққина кулчаларнинг исига тўлган уйимизни қўмсайман. Онам раҳматли оилада ёлғиз фарзанд бўлгани учунми, жуда меҳмондўст аёл эди. Маҳалламиздаги қўшни аёллар уйимизда кўп меҳмон бўлишарди. Онам биз териб келган ялпизлардан кўк сомса ёпиб, улар билан баҳам кўрарди.

Оилада тўрт қиз, икки ўғил эдик. Тўнғич фарзанд бўлганим учун онам уй ишларини аввал менга, сўнг сингилларимга ўргатганди. Ҳали хўроз қичқирмасидан аввал бизни уйғотиб “Туринг, қизим”, деб бошимизни силаб қўярди. “Чоллар масжидга кетишди. Намоз ўқиб қайтгунларига қадар кўчалар озода бўлиши керак. Ҳали замон қайтишаётганда, эгилиб кўча супурманг”, — дерди.

Машҳурликнинг юки оғир, санъаткорни ижод эмас, гап-сўзлар чарчатади. Шундай дамларда болаликка қайтиб, сокин, ғала-ғовурсиз ҳаёт кечиришни хоҳлаб қоламан.

— Вақт оқар сув кабидир. Унинг қадрини ҳадеганда пайқайвермаймиз. Ўтган умр нималарнинг қадрини англатди?

Ота уйимда ойнаси йўқ дераза бўларди. 6-7 ёшларимда чиройли кийиниб, дераза олдида сухандонларга тақлид қилардим. “Кутиб олинг, сиз учун Ўзбекистон халқ артисти Зулайҳо Бойхонова куйлайди!” деб, ўз-ўзимга навбат бериб, қўшиқ айтардим. Хаёлларим ҳаётга кўчиб, бугун ўзим орзу қилган даражага эришяпман. Аммо бъзан кўнгил хотиржамликни, ҳаловатни қўмсайди.

Оилали бўлгач, ҳаётим фақат уй ва театр билан боғлиқ эди. Эрта тонгда туриб, уй ишларини бажариб, ош-овқатни тайёрлардим. Қайнанам раҳматли фарзандларимга ғамхўрлик қилгани учун ҳам туғруқдан кейин 3 ой ўтмай, спектаклларда иштирок этганман. Уйдан театрга, театрдан уйга шошиб юрардим (кулиб).

Уч-тўрт йил аввал оёғимни қайириб олиб, гипс қилдиришимга тўғри келди. Уч кун ўтмай, ўта муҳим тадбирда иштирок этишимни айтишди. Ноилож гипсни ечиб, баланд пошнали туфлида саҳнага чиқдим. Оғриқнинг зўридан оёғим қалтирар, саҳнадаги дақиқалар йиллардек туюлди. Ўша дамда ўз-ўзимга кулиб, “Зулайҳо, мана шундай кунларни ўзинг орзу қилгансан-ку!” дедим.

— Зулайҳо Бойхонованинг “палаги пишиқ” хонанда бўлишида театрнинг ўрни қанчалик аҳамиятга эга бўлди?

— 1981 йили отамнинг оқ фотиҳасини олиб, пойтахтга ўқишга келганман. Ўқиш мен учун энг завқли машғулот эди. Амалий дарслар сабаб, Муқимий номидаги мусиқали драма театрига тез-тез бориб, репетиция ва спектаклларни томоша қилардик. Институтни тугатмасимдан аввал мени театрга ишга таклиф этишди. Аммо институт раҳбарияти гуруҳимиздан 7 нафар талабани Қашқадарёдаги Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов номидаги мусиқали драма театрига ишга юборди. Қарангки, рўйхатда мен ҳам бор эдим. Қашқадарёдаги театрда уч ой ишлаб, Янги йил байрами арафасида устозларимни кўриш ва телеведениедаги байрам сьёмкасида иштирок этиш учун пойтахтга келганман. Ўшанда устозларнинг таклифи билан Муқимий номидаги мусиқали комедия театрига ишга қабул қилиндим.

Худди томоғи қақраган инсоннинг бирдан чанқоғи қонмаганидек, мен ҳам ролларга тўймасдим. Устозларнинг дуосини олиб, кўплаб бош қаҳрамонларнинг ролини ижро этдим. Аммо 2001 йилдан кейин қўшиқчилик билан банд бўлиб қолдим. Шу боис 2011 йилда театр раҳбариятидан илтимос қилиб, нафақага чиқишга қарор қилдим. Ўйлаб қарасам, театрда умримнинг 30 баҳори гуллади, “ёш ижрочи”ликдан “санъаткор” даражасига етдим.

— Машҳурлик ижодкор иқтидорини белгилай оладими?

— Машҳурлик нисбий тушунча, унга меҳнат ва омад орқали эришилади. Шундай чин истеъдод соҳиблари борки, уларни маълум одамлар танийди, баъзи таниқлиларни эса хонанда деб бўлмайди. Уларга чин истеъдод бегона бўлса-да, машҳурликнинг баланд зиналарида ҳаракатланиш насиб қилган.

— Ота-онангизнинг қайси жиҳатларини амалда қўллашга ҳаракат қиласиз?

Дадам тўғрисўз, жиддий, ҳазил-ҳузулдан йироқ инсон эди. Дили ва тили бир бўлгани учун ҳам маҳалла-кўй орасида ҳурмати баланд бўлган. “Тўғри гапни айт, тилга бир марта бўлса-да, ёлғон аралашса, чинордек илдиз отиб кетади”, деб тайинларди. Шу боис ҳам укам, сингилларим билан болаликдан тўғрисўзликка одатландик.

Онам ҳам ўта самимий, меҳнаткаш, фарзандлари учун жонини бахшида қиладиган аёл эди. “Катталарнинг олдида гапирма, эшит. Кун келиб сен гапирасан, бошқалар эшитади”, деб уқтирарди. Бу ўгитларга оила ва санъатда ҳам қўллашга ҳаракат қилдим.

Кенжа келин бўлганим боис, қайнанам билан бирга яшадик. Уларнинг дуоларини олганимдан, ижод ва оила деган мураккаб мактабда бир вақтда сабоқ олганимдан бахтиёрман.

— Сир бўлмаса, айтингчи, қайнанангиз санъатингизга қандай муносабатда бўлган?

Келинлик уйимга санъат бегона эмасди. Турмуш ўртоғим ҳам театрда мусиқачи бўлиб ишларди. Қайнанам санъатни, гўзалликни севадиган аёл эди. Ҳовлимиз пойтахтнинг “Бешёғоч” даҳасида бўлиб, театрга анча яқин эди. Нонуштадан сўнг театрга борардим, тушликка яқин уйга келиб, ош-овқатимни қилиб, сўнг яна кечки спектаклга келардим. Қайнанам раҳматли набираларини еру кўкка ишонмас, бизга фақат яхшиликларни илинадиган аёл эди. Премьера куни олд қаторда ўтириб, спектални кўришни канда қилмасди.

Фарзандларим улғайгач, театр ижодкорлари билан бирга кўплаб гастроль сафарларига бордим. Хориждан ҳамиша қайнанам ва онамга бирор кийим ёки рўмол олиб келардим. Қайнанам раҳматли шунчалар дидли ва гўзал аёл эдики, бўздан кўйлак кийса ҳам, қадди-бўйларига ярашиб турарди.

— Илк бор телеведение сьёмкасида иштирок этган кунингиз ёдингиздами?

— Албатта, у кунни унутиб бўлмайди. Санъат олийгоҳининг 2-босқичида таҳсил олаётганимда телевидениенинг бир гуруҳ ижодкорлари келиб, устозларим тавсияси билан менга “Отмагай тонг” қўшиғини ижро эттиришди. Ижро маъқул бўлгач, телеведениега сьёмкага чақиришди. Фортепиано олдида қўшиқни ижро этганимни суратга олишди. Бу чиқиш Янги йил байрами куни эфирга узатилишини айтишди. Қувончим ичимга сиғмай, уйга бориб синфдошларимга: “Эртага телевизорни кўринглар, мен чиқаман”, дедим. 31 декабр кунидан то 1 январнинг шомига қадар телевизорда чиқишимни кутдим. Аммо чиқишим қандайдир сабабларга кўра лентадан кесиб ташланган экан. Дугоналарим орасида роса уялдим.

Бир йиллардан сўнг яна телевидениега чақиришди. Жонли эфирда қўшиқ айтишим керак эди. Режиссёр учталик зинага чиқариб, ўртага ип ташлаб қўйган. “Шу ипдан ўтмай, ўнгга ҳам, чапга ҳам қайрилмай, камера томонга қадам ташлаб, “Ғунча янглиғ” қўшиғини айтасиз”, — дейишди. Ҳаяжоннинг зўридан қадамимни нотўғри ташлаб, жонли эфир вақтида ён томонга эгилиб қолганман. Уялганимдан қизариб кетгандим. Қарангки, ҳамқишлоқларимиз жонли эфирни кўриб, “Туппа-тузук қўшиқ айтаётгандинг. Бирдан кўз тегди-я!” деб роса гапиришганди (кулиб).

— Турмушнинг “мушти”га чидаб яшаш учун ёнингизда суянган тоғингиз, ишонч қўрғонингиз бўлиши лозим. Бу борада ўзингизни омадли деб биласизми?

— Албатта, оилангиз тинч бўлса, ишингизда ҳам унум бўлади. Театрдан миннатдорлигимнинг яна бир сабаби, у турмуш ўртоғим Шуҳрат Маҳкамов билан танишишимизга сабабчи бўлган (кулиб). Турмуш ўртоғим жуда меҳрибон, камсуқум ва самимий инсон. У киши фарзандларим ёшлигида баъзан спектаклдан қайтгунимгача, болаларга қараб туришни ҳам, фестивалларда иштирок этиш учун тайёргарлик кўраётганимда, рўзғор ишларини ҳам зиммасига олган.  Менимча, инсоннинг энг катта бахти у тушунадиган ва уни тушуна оладиган турмуш ўртоғи билан яшашда бўлса керак.

— Фарзандларингизда ҳам санъатга қизиқиш борми?

— Икки фарзандим бор. Қизим Мадина шарқшунослик институтинини тамомлаб, магистратура босқичини Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия институтида ўқиди. Айни кунларда эса Тошкент ислом университети қошида очилган араб тили курсида таҳсил оляпти. У интилувчан, олдига аниқ мақсад қўйиб яшайдиган ёшлардан бири. Ўғлим Фирдавс эса бошқа олам. Кирган еридан дуо олиб, одамларнинг кайфиятини кўтариб чиқади. У Тошкент техника университетида нефть ва газ соҳаси бўйича таҳсил олди. Айни кунларда ўз мутахассислиги бўйича фаолият юритяпти.

— Бола тарбияси ниҳоятда муҳим ва масъулиятли вазифа. Тарбияда асосий эътиборни нимага қаратдингиз?

— Оилада қиз онадан, ўғил эса отадан андоза оларкан. Тарбия борасида ҳам кўпроқ онамнинг ўгитларига амал қилишга, уларнинг ишларини такрорлашга ҳаракат қиламан. Онам раҳматли ғамхўр она бўлгани билан ютуқларимиздан қувониб кетмас, айрим оналарга ўхшаб очиқдан-очиқ эркаламасди. Ухлаётганимда ёнимга келиб, бошимни силарди, дардларини алла сингари куйларди. Уйғониб кетсам-да, онамнинг иссиқ тафтларини ҳис қилиш, алласини тинглаш учун кўзларимни юмиб ётаверардим.

Бугуннинг ёшлари ўзга олам, улар 20 йил аввалги ёшлардан анча фарқ қилишади. Уларнинг ўз қизиқишлари, мақсадлари бор. Менимча, бугуннинг ёшларига дўстона муносабатда бўлиб, қизиқишларини ўрганиб тарбиялаш зарур. Қаттиққўллик ҳам керак, аммо уни меъёридан ошириб юбормаслик лозим.

Наргиза МУРОДОВА суҳбатлашди.