Чоршанба, 19 Сентябрь 2018

Зиёд Эшонхўжаевнинг кимнидир йиғлатган, кимгадир сабоқ бўлган қўшиқлари

“Учқудуқ” гуруҳи — халқимизнинг севимли эстрада гуруҳи “Ялла”нинг издоши. Унинг солисти Зиёд Эшонхўжаев дунёнинг жуда кўплаб мамлакатларида гастроль сафарларида бўлиб, ўзбек санъатини оламга танитди. Хонанда, шунингдек, бир нечта тилларда сўзлаша олиши билан ҳам барчани ҳайратга солган.

— Анча пайт хорижда фаолият юритдингиз. Ўз юртингиздан узоқда ижод қилиш қийин бўлмадими?

— Дарҳақиқат, йигирма йил давомида Россияда ижод қилдим, бу давр ичида бутун дунё бўйлаб гастроль сафарларида бўлдик. Лекин ҳеч бир тўсиқ ёки қийинчилик сезганим йўқ, чунки рус тилини яхши биламан, қолаверса, шартнома асосида ишлаш таклифини ўша пайтда уларнинг ўзлари беришган. Шарқ санъатига ишқибозлик Европада ҳам кучли. Бизга студия беришларини айтиб, бирга ишлашни таклиф қилишди ва “Cиз миллий кадрсиз, келинг, бирга ишлаймиз, дунё кезиб, турли халқларнинг санъатини ўрганамиз ва ўз санъатимизни ҳам намойиш қиламиз”, дейишди. Ижодий фаолиятимиз шу билан бошланди.

Инсон дунё кезгандан кейин ўз юртининг қадрига етаркан. Мусофирчиликда ҳатто болаликда урушиб юрган дўстларингиз, машинангизнинг баллонини тешиб қочадиган қўшни болалар ҳам кўзингизга бошқача кўрина бошларкан. Ҳатто ўшаларни ҳам соғинаркансиз. Яна шуни  англадимки, бошқа ҳеч қаерда бизнинг халқимиздек санъатга ҳурмат, эътибор, муҳаббат билан қарайдиган халқни учратмадим.

— Хориждаги гуруҳлар билан ҳамкорликда ҳам ижод қилдингизми?

— “А студио” гуруҳи билан аввалдан дўстлигимиз бор. Бир куни студияда бирга ўтирганимизда, гуруҳ ижодкорлари қўшиқ хиргойи қилаётганимни эшитиб, бирга қўшиқ куйлашни таклиф қилишди. Қўшиқ сўзлари ёзилди ва ҳамкорликда куйлаган қўшиғимиз тезда мухлислар орасида тилга тушди. Бундан хурсанд бўлдим, албатта.

— Болалигингизда сизни санъатга қизиқтирган энг муҳим сабаб нима бўлган?

— Мен ҳам кўп болалар сингари таниқли арбоб бўлишни, шеърлар ёзишни орзу қилганман, аммо санъатга ишқибозлигим кичкиналигимдан бор эди. Отам диний билимларни жуда чуқур эгаллаган инсон бўлганлар. Уларнинг олдига кўп одамлар маслаҳат сўраб келишарди. Бу инсонлар орасида таниқли шахслар ҳам кўп бўларди.

Фарруҳ Зокировнинг отаси — Карим Зокиров отамнинг яқин дўстлари бўлганлар. Оналари Шоҳиста опа онам билан яқин дугона эди. Шу сабаб, болалигимда Фарруҳ ака, раҳматли Новфал ака, Ботир акаларни кўп кўрганман. Айниқса, Ботир акам телевизорда қўшиқ айтганларини илк бор кўрганимда, уларга ҳавас қилганман.

Саттор Ярашевнинг шогирди бўлган Шарофиддин акам беш ёшлигимда гитара олиб берганлар. Уйимизда мусиқа эшитадиган ўша даврнинг замонавий ускунаси — патефон бор бўлиб, оиламдагилар эртакларни, ўз даврининг машҳур санъаткорлари — Элвис Пресли, Луи Армстронг каби хонандаларнинг ашулаларини пластинкадан бемалол эшитишимизга рухсат беришган. Санъатга кириб келишимга уйимиздаги мана шу муҳит ва жаҳон санъати вакиллари ижоди билан танишганим ҳам сабаб бўлган.

“Уйимиздаги катталар доим “Ўғлим, бизда бирон ишни бошлашдан олдин ўша ишнинг усталаридан фотиҳа олинади, ҳар бир иш фотиҳа билан бошланади”, дейишарди. Мана шу ўгитга амал қилган ҳолда, мен ҳам санъатга кириб келишда яқинларим ва устозларим — Фарруҳ Зокиров, жаҳонда гитара қироли дея тан олинган Би Би Кингдан фотиҳа олдим ва шу туфайли дунё кезиб, санъатимни намойиш қилиш бахтига эришдим”.

— Демак, болаликда хиргойи қилган қўшиқларингиз ҳам ўша пайтдаги жаҳон санъати намуналари бўлган экан-да?

— Ҳа, бу қўшиқларни болаликдан севиб тинглаганман ва хиргойи қилганман. Дадам буни билардилар. Шу сабаб,  5-6 ёшимда скрипка олиб бериб, мусиқа мактабига олиб бордилар ва “Эти сизники, суяги бизники”, дея мени ўша даргоҳда ўқитиш истагини билдирдилар. Мактаб ўқитувчилари мендан “Қани, бизга қанақа ашула айтиб берасиз?” деб сўрашди ва, назаримда, ўзбекча ашула айтиб беришимни кутишди. Мен эса Луи Армстронгнинг қўшиғидан бир сатр куйладим. Буни эшитиб кўргач, ўтирганлар “Қори ака, бу ўғлингиз касал эмасми?” дея ҳайрон бўлишди. Кейин “Ўғлингиз санъатга умуман алоқаси йўқ бола экан, уни мусиқа мактабида ўқитаман, деб овора бўлманг”, дейишди-ю, мактабга олишмади. Аммо айнан шу мактаб раҳбарлари кейинчалик Москвадаги ўша пайтдаги марказий ТВ орқали қўшиқларим билан чиқишни бошлаганимда, “Бизнинг мактабда ўқиган ўқувчилардан бири мана шу бўлади!” дейишган фахр билан…

— Демак, мусиқа мактабидагиларнинг бу жавоби ҳам қизиқишларингизни сўндира олмаган…

— Қизиқишларим сўнмади, албатта. Пойтахтдаги Қорасарой даҳасида катта бўлганман. Болалигим “Қумлоқ”, “Хасти Имом”, “Гуруч ариқ” маҳаллаларида ўтган. Дастлаб ўша ердаги 28-мактабда ўқидим. Кейинчалик оиламиз катталиги учун бизга Чилонзордан уй беришди. 77-мактабда ўқишни давом эттирдим. Ўқувчилик йилларимда тадбирларда ўз санъатимни намойиш этишда жуда фаол бўлганман, бундан ташқари, гимнастика бўйича спорт устасиман. Бу спорт тури бўйича кўп бора мактабимиз шарафини ҳимоя қилганман. Бадиий ҳаваскорлик тўгарагида, рассомлик бўйича ҳам фаол эдим, ҳатто мактаб деворий газетасининг редактори қилиб қўйишган ўшанда.

— Санъаткор сифатида иш бошлаган пайтингизда, сизни “Ялла”нинг хонандаларидан бири сифатида танишган. Гуруҳ таркибида қанча муддат бирга ишлагансиз?

— Дарҳақиқат, мактабни тугатганимдан кейин Фарруҳ акам ўз гуруҳига ишга олганлар. Лекин кўп ўтмай, ҳарбий хизматга чақириб қолишди. Хизматдан келгунимча, “Ялла”нинг таркиби тўлганди, шу сабаб, Асқар Фатхуллин мени “Наво” ансамблига ишга олди. Бу орада маданият институтида ўқидим. Институтда устозим Бахтиёр Сайфуллаевдан сабоқ олганман.

— Катта саҳнада куйлаган илк қўшиғингизни эслай оласизми?

— Катта саҳнага илк бор “Бу оқшом” деб номланган ўз қўшиғим  билан чиққанман. Қўшиққа клип ҳам ишлаганмиз.

Шарофиддин акам шеър ҳам ёзиб турардилар. Шу қўшиғимнинг шеърини акам ёзиб берганлар. Шеър ёзилаётган жараёндаёқ унинг мусиқасини басталаганмиз ва қўшиқ ёзилди. Ушбу чиқишдан кейин танловларга, телевидениега чақиришди, биз ҳақимизда мусиқали фильм олиш таклифини беришди. Яна бир нечта қўшиқларим ёзилди, аста-секин қўшиқларим ёзилган пластинкалар сотувга чиқди…

У пайтларда Камолиддин Раҳимов, Шерали Жўраев каби хонандалар йўналишида куйланадиган қўшиқлар одамлар орасида машҳур эди. Эстрада йўналишида ижод қиладиган хонандалар кам — “Ялла” ансамбли ва Ботир Зокиров қўшиқлари бор эди, холос. Мен ҳам Фарруҳ акаларнинг изидан бориб, эстрада йўналишида қўшиқлар куйладим ва озми-кўпми, мухлислар орттирдим.

“Ёшлигимиздан катта санъаткорлар: “Cанъат шундай бир илмки, инсон у орқали ҳаётий саволларига жавоб топади. Станокда ишлайдиган ишчи хато қилса, битта ускуна ишдан чиқади, лекин сиз хато қилсангиз, бутун жамиятни заҳарлашингиз мумкин. Шунинг учун ҳар бир қўшиқни яратишда ниҳоятда эҳтиёт бўлинг!” деб уқтиришган. Санъатда хато қилиш, кераксиз сўзларни ишлатиш, маъносиз ғояларни олға суриш мумкин эмаслигини ўргатишган. Юрагимга ўрнашиб қолган мана шу ўгитларга ҳозиргача амал қиламан”.

 Санъаткор сифатида ҳам, оддий бир инсон сифатида ҳам сиз ҳаётда энг муҳим деб ҳисоблайдиган нарса нима?

Инсон ҳаётида энг муҳими, бу — оила. Чунки ҳаммамиз ҳам оилам, бола-чақам деб, олға интиламиз, меҳнат қиламиз. Аммо орамизда ўткинчи ҳавас, ёлғончи туйғуларга ишониб, ўша энг муҳим бойлигини йўқотадиганлар ҳам бор. Инсоннинг аввало оиласи мустаҳкам бўлса, қолган ишлари ўз йўлида кетаверади. Ижодимда мана шу мавзу доим муҳим ўринда туради.

Яқинда концертдан кейин бир қизча сўз олди. “Ҳурматли “Учқудуқ” гуруҳи ижодкорлари, Зиёд ака, мен сизларга миннатдорчилик билдирмоқчиман, — деди у. — Чунки сиз куйлаган қўшиқни эшитган дадам оиламиз бағрига қайтди. У киши бошқа бир аёл сабабли бизни ташлаб кетганди. “Ты и я” қўшиғи ва  унга олинган клипни дадам ТВда кўрган экан. Бир куни уйимизга келиб, телефонини ёқиб, шу қўшиқни қўйди-да, онамнинг олдига тиз чўкиб, “Мен учун дунёдаги энг севимли инсон сизлар, энг қадрли маскан  оилам экан, сизларни бошқа ҳеч қачон ташлаб кетмайман, хато қилганимни тушуниб етдим”, дея бош эгди”. Менинг қўшиғим туфайли бир инсон хатосини тушунганидан, оиласига қайтганидан хурсанд бўлдим, албатта.

— Демак, яхши турмуш ўртоқ ва яхши ота бўлиш ўзингизнинг ҳам бош мақсадингиз…

— Албатта, чунки турмуш ўртоғингиз, биринчидан, болаларингизнинг онаси, иккинчидан, у сизнинг умр йўлдошингиз, қолаверса, орангизда яхши муносабат бўлса, у сизнинг энг яқин дўстингиз бўла олади. Шу борада ёши улуғ бир танишимдан “Оилани мувозанатда ушлаб туриш, турмуш ўртоғимиз билан доим тил топишиш учун қандай инсон бўлишимиз керак?” деб сўраганимда, маслаҳат бера туриб, шундай гапларни айтди: “Аёлингга ҳеч қачон ўзи севган касби билан шуғулланишини тақиқлама. Агар у рассом бўлса, суратларини чизсин, коcмонавт бўлса, Ойга учсин. Чунки инсон ўзи яхши кўрган касб билан ҳаётдан ҳам руҳан, ҳам маънан лаззат олади. Ҳаётдан мамнун аёл эса турмуш ўртоғига ҳам ҳеч қачон ёмон муносабатда бўлмайди. Аёлингга ҳаётдан ўзига керакли барча қувончларни олиш имконини бер! Ўшанда орангиздаги муносабат мустаҳкамланиб бораверади. Ва фарзандларга ҳам фақат ижобий маънода намуна бўла оласизлар”.

Биз ҳам келинойингиз билан ўттиз беш йилдан буён бир-биримизни тушунган ҳолда яшаб келяпмиз, рафиқам — тиббиёт соҳаси бўйича олим, бутун умрини шу соҳага бағишлаганлар. Уч нафар қизимизни бирга вояга етказдик. Рафиқам нафақат оилада, балки ижодимда ҳам менга илҳом бериб турадиган асосий яқин инсоним ҳисобланади. Мустақиллигимизнинг илк йилларида санъатга қайтиб, ижод бошлаган пайтимда, янги қўшиқ яратиш ҳаракатига тушдим. Ўшанда юртимиз муcтақиллигининг беш йиллиги арафасида куйлаган қўшиғимнинг шеърини аёлим ёзиб берганлар:

Ўзбек дея аталур номим,

Мен дунёга мағрур боқаман,

Меҳмон учун тасаддуқ жоним,

Дўстларимга қучоқ очаман,

Мен ўзбекман, ўзимга бекман,

Жаннатмакон эл фарзанди, ўзимга бекман.

Ушбу сатрлар билан куйланадиган қўшиғим келинойингиз билан ижодий ҳамкорлигимиз маҳсули бўлган.

— Фарзандларингиз орасида санъатга қизиқадиганлари борми?

— Улар санъатга қизиқишади, яхши кўришади, лекин бир хонадонга битта санъаткор етади. Фарзандларим — қизлар, шунинг учун қизларга хосроқ касблар билан шуғуллангани маъқул, деб ўйлайман. Катта қизим халқаро менежмент соҳасида ўқиди, иккинчи қизим тиббиёт академиясини битирди. Учинчи қизим ҳам тиббиёт соҳаси бўйича институтда талаба. Бу инсонга бир умр керакли касб. Санъаткор бўлиш яхши, лекин бу соҳада ҳамма ҳам Фарруҳ Зокиров ёки Шерали Жўраев бўла олмайди. Ҳақиқий санъаткор бўлиш машаққати барибир қийин.

—  Бу машаққатни энг кўп қачон ҳис қилгансиз? Қайси қўшиғингиз қийинчилик билан ёзилган?

— Аслида ҳар бир қўшиғимнинг ўз ёзилиш тарихи бор. Ҳеч эсимдан чиқмайди, “О, ёшлигим, тарк этма мени” қўшиғи отамдан айрилган куним ёзилган. Ўша куни отам раҳматлини қабрга қўйиб қайтганимиздан кейин студиядан қўнғироқ бўлди ва қўшиғимни ёзиш учун навбатим келганини айтишди. “Бормайман” десам, студиядагилар ва онам бундай қилиш мумкин эмаслигини тушунтиришди.

Шундан кейин иложсиз студияга йўл олдим. Борсам, овоз ёзиш студиясида Москвадан, Германиядан келган бир гуруҳ хорижлик меҳмонлар ҳам мени кутиб ўтиришган экан. Улар қўшиқларимни эшитиб кўриб, “Бу оқшом” ва “О ёшлигим, тарк этма мени” номли иккита ашуламни “Омега” номли диск чиқарадиган студияга олиб кетишни мақсад қилишган экан.

Кайфиятим йўқ бўлишига қарамай, қилиниши керак ишни қилишим керак дедим-у, куйлашни бошладим:

О, ёшлигим, тарк этма мени,

Ҳароратдан яралар ҳаёт.

Ҳаёт бўлиб кулар муҳаббат,

Ҳаловатсиз дилда ҳарорат,

О, ёшлигим, тарк этма мени…

Қўшиқни куйлаяпман-у, отам ва у киши билан боғлиқ хотиралар: оёғимни куйдириб олган пайтимда, йиқилиб оёғимни бетонга уриб олиб гипс қилдирганимда, дарахтдан тушиб кетганимда отамнинг мени қўлларида кўтариб олиб ариқдан олиб чиқаётганлари, шифохонага олиб кетаётганлари кўз олдимдан бир-бир ўтаверди. Болалигимда жуда шўх эдим, доим нимадир бўларди. Лекин доим отамнинг меҳрибонликларини, мана шу тарзда мен учун ёрдамга шай эканликларини ҳис қилиб катта бўлган эканман. Ашулани хотираларга берилиб, шу даражада юракдан айтдимки, ҳатто ўзбекчани тушунмайдиган хорижликлар ҳам “Бу қўшиғинг нима ҳақида? Жуда таъсирли айтдинг”, деб сўрашган. Қўшиқ биринчи овоздаёқ ёзилиб, диск учун қабул қилинган.

— Бугунги замонавий ўзбек санъати вакилларининг ижодига қандай баҳо беряпсиз? Ёшларнинг санъати сизга маъқулми?

— Санъатда мен тушунадиган нарса шуки, санъаткор қўшиғи орқали кўнглидаги барча ҳис-туйғуларини акс эттира олиши лозим. Яқинда бир тадбирда гитара чалиб қўшиқ айтсам, у ердагиларнинг кўзлари ёшланди. Эркак кишининг йиғлаганини кўрмаганман. Шунинг учун улардан бунинг сабабини сўрадим. Ўшанда ўтирганлардан бири “Қўшиғингизни эшита туриб, ўтиб кетган қирқ йиллик умрим, ёшлигим, топганларим, йўқотганларим ёдимга тушди. Шундан бери қанча сув оқиб ўтди, бошимдан нималар ўтмади, буларни эслаб, юрагим тўлқинланиб, кўзимга ёш келди”, деди. Демак, бу қўшиқ унинг дилидаги нозик торларга тегиб кетган, унинг дардларини ҳам ўзида акс эттирган. Санъат аслида шунақа бўлиши керак. Бугунги ашулаларнинг кўпида мана шу кўнгилдаги энг нозик торларга тегадиган жиҳат йўқ. Фонограммада куйланадиган қўшиқлар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.

— Айни пайтда қандай режалар, лойиҳалар қилиш ниятидасиз?

— Гитарадан гитара қиролининг фотиҳасини олганман. Шу сабаб, гитара чалиш маҳорати, сирлари, усулларини ёшларга ўргатиш ниятим бор. Чунки шу пайтгача олган билимларимни, санъатда эгаллаган кўникмаларимни ёшларга ўргатиш вақти келди, менимча. Агар бу борада шароит яратиб беришса, қўлимдан келганча бор маҳоратимни ишга соламан ва бу ишни йўлга қўйишнинг уддасидан чиқамиз. Чунки олган билимларимизни ёш авлодга бериш — ўз ишининг устаси бўлган ҳар бир инсон учун ҳам қарз, ҳам фарз, деб ҳисоблайман.

“Турмуш ўртоғим кардиология билан бирга эндокринология соҳасида илмий изланишлар олиб боради. Инсон бутун ҳаёти давомида кучини йўқотиб боради, тана қарийди. Улар ҳозир ана шу жараённи озгина муддатга бўлса-да, тўхтатиш устида иш олиб боришмоқда. Улар олиб бораётган тажрибаларнинг илк синовчиси — ўзимман (кулиб). Шунинг учун анча ёш кўринаман”.

 Муҳаббат ШАРИФОВА суҳбатлашди.