Пайшанба, 18 Yanvar 2018

Жажжи паҳлавоннинг улкан ютуқлари

Бугун юртимизда барча соҳаларда кўплаб ютуқлар қўлга киритилмоқда. Айниқса, кейинги йилларда спорт соҳасида эришилган ютуқлар фахрланса арзигулик.

Ҳамюртимиз Алёр Акромов эндигина саккиз ёшни қарши олган бўлишига қарамай, анчагина мусобақаларда тажриба орттирган ёш спортчи. Унинг шода-шода медаллари анчагина салмоқли ютуқларни қўлга киритганидан дарак беради.

Алёржон 2015 йил Тошкент вилояти биринчилигида таэквондо бўйича биринчи ўринни, 2015 йил Самарқандда ўтказилган Ўзбекистон кубогида биринчи ўринни, 2016 йил Қаршида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида биринчи ўринни, 2017 йил Тошкент вилояти биринчилигида биринчи ўринни, шу йили Бухорода ўтказилган нуфузли V Халқаро турнирда биринчи ўринни қўлга киритди.

Алёржон, нега айнан таэквондони танлагансиз? Аввал бошқа спорт турлари билан ҳам шуғулланганмисиз?

— Кичкиналигимдан телевизорда шу спортга оид мультфильм, фильмларни кўриб, бу спорт турига қизиқиб қолганман. Кейинчалик мендаги қизиқишни кўриб, дадам шу спорт тўгарагига олиб борди. Мана, ҳозиргача таэквондо билан шуғулланиб келяпман. Аввал бошқа спорт тури билан шуғулланмаганман.

— Сизни бугунги кунгача эришган ютуқларингизга меҳнати синган устозларингиз кимлар?

Таэквондо бўйича илк устозим Фарҳод Собиров бўлиб, у кишидан таэквондонинг кўпгина қирраларини ўргандим. Ўрганганларим асосида турли мусобақаларда қатнашиб, тажрибамни орттирдим. Кейинчалик яна бир кучли мураббий — Иброҳим Асомов қўлига ўтдим. Икки йилдан буён шу устозим таэквондонинг қонун-қоидалари, жанг услубларини ўргатиб келмоқда. Бу устозим ҳафта якунида ҳатто кундаликларимизни ҳам текшириб, дарсда олаётган баҳоларимизни ҳам назорат қилиб борадилар. Мактабда эса Шаҳноза Ғуломова каби устозларимдан сабоқ оламан. Эришган ютуқларим учун уларнинг барчаларига раҳмат айтаман.

— Биринчи марта қайси мусобақада олтин медални қўлга киритгансиз? 

Илк олган олтин медалим Тошкент вилоятида ўтказилган мусобақада бўлган. Ўшанда барча рақибларимни енгиб, якунда чемпион бўлганман.

Фаолиятингизда энг оғир кечган жангни эслай оласизми?

Энг қийин жангим шу йил Бухорода ўтказилган V Халқаро мусобақада бўлди. Унда қозоғистонлик рақибим билан даврага чиқдик ва жанг анча қийин кечди.

— Спорт билан шуғулланиш мактабдаги дарсларингизга халал бермайдими? Ҳам мактаб, ҳам машғулотни қолдирмасдан ўзлаштириш сизни чарчатмайдими?

Йўқ, чунки дадам, ойимлар доим вақтни тўғри тақсимлашимни назорат қилиб, керак бўлганда ёрдам ҳам бериб туришади. Ҳатто дадам давлат ишида ишласа ҳам, мени барча мусобақаларимда қатнашиб, қўллаб-қуватлаб турадилар. Мен учун доим вақт ажратадилар. Бу менга янада куч бағишлайди.

— Оилангизда сиздан бошқа яна кимлар спорт билан шуғулланишади?

— Акбар акам спортнинг шахмат тури билан шуғулланади. Акам шахматни яхши ўйнайди.

— Биламизки, таэквондода бир нечта белбоғтурлари бор. Сиз ҳозир қайси белбоғ соҳиби бўлиб улгурдингиз?

Бу спорт турида оқ, сариқ, яшил, кўк, қизил ва қора белбоғ турлари бор бўлиб, спортчилар босқичма-босқич шу рангдаги белбоғларга эга бўладилар. Мен ҳозир кўк белбоғ соҳибиман. Олдинда яна иккита — қизил ва қора белбоғ бор. Мақсадим —таэквондодаги барча белбоғларни қўлга киритиш.

— Келажакда ким бўлмоқчисиз? Спорт соҳасида фаолият юритиш ниятидамисиз ёки бошқа соҳадами?

Орзуларим кўп. Аввало таэквондо бўйича халқаро мусобақаларда чемпион бўлиб, юртимиз байроғини жаҳон ареналарида юқорига кўтаришни ният қилганман. Кейинчалик устозларимдек яхши шогирдларни тайёрлаб, юртимизга ҳисса қўшишни истайман. Яна бир орзуим — архитектор бўлиш. Насиб бўлса, бу соҳада ҳам ютуқларга эришмоқчиман.

— Олдинда сизни қандай мусобақа кутяпти?

Шу йилнинг  декабрь ойида Самарқандда Ўзбекистон чемпионати ўтказилади. Ҳозирда шу чемпионатга қатнашиб, олтин медални олишни ният қилиб турибман. Агар чемпионликни қўлга киритсам, келгуси йили ёзда Италияда ўтадиган жаҳон чемпионатига қатнашиш имкониятига эга бўламан. Бу менга жаҳон чемпиони бўлиш учун катта имкониятдир. Шунинг учун бор эътиборимни ана шу икки мусобақада ғолиб бўлишга қаратганман.

— Биз ҳам сизга бу мусобақаларда ғолиб бўлишингизни тилаб қоламиз. Ўқиш ва ишларингизга ривож!

Комилжон АСЛОНОВ суҳбатлашди.