Душанба, 18 Ноябрь 2019

Жавобсиз қолган савол

— Бир савол менга ҳеч тинчлик бермаяпти, —  деди бўталоқ онасининг пинжига суқилиб.

— Сўра, бўталоғим. Сени қийнаётган ўша нарса нима экан? — деди қиш қуёшининг заиф нурларида тобланиб ётган туя боласига разм солиб.

— Бизга баҳайбат ўркачларнинг нима кераги бор?

— Болажоним, туялар — саҳро жонзодлари. Ўт-ўлансиз, қақир саҳрода ойлаб жон сақлашимиз учун ўркачларимизда сув ва емиш олиб юришга муҳтожмиз.

— Унда нега оёқларимиз узун ва туёқларимиз ясси, юмалоқ?

— Улар қумли барҳанлар бўйлаб чаққон юришимизга мослашган. Биз уларнинг ёрдамида саҳронинг чинакам кемаларига айланамиз.

— Ундай бўлса, бизга узун киприкларнинг нима кераги бор? Улар баъзида кўзларимга халақит қилишади…

Бу саволдан кейин она туя бўйнини кўтарди ва бир оз ғурурланган бўлди:

— Болам, бу қуюқ ва узун киприклар саҳродаги чанг-тўзонда кўзларимизнинг қўриқчиларидир.

Шундан сўнг қизиқувчан бўталоқ бир фурсат ўйга толди.

— Тушундим! Улкан ўркачлар саҳрода жон сақлашга ёрдам беради, узун оёқларимиз қумзор манзилларни яқин қилади, киприклар кўзимизни шўрхок тўзонлардан асрайди. Унда айтинг-чи, биз бу ҳайвонот боғида нима қиляпмиз ўзи?

Сўнгги саволдан сўнг она туя мум тишлаб қолди ва бўйнини эгиб, чуқур хаёлга чўмди.

Қиссадан ҳисса шуки, хато йўлни танлаш — билим, истеъдод ва тажрибани ҳавога совуриш билан баробардир.

Инглиз тилидан

Шуҳрат САТТОРОВ таржимаси.