Сешанба, 11 Декабрь 2018

Жамиятни таназзулга етакловчи иллат

Бугунги глобаллашув замонида фуқаролик жамиятининг маънавий қиёфасига путур етказувчи иллатлар кўпайиб бораётгани келажакни ўйлайдиган ҳар бир инсонни ташвишга солмай қўймайди. Гиёҳвандлик, ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг ортиб бораётгани, оммавий маданият — буларнинг барчаси бугун кенг жамоатчиликни қийнаб келаётган ўта жиддий масалалардир. Уларнинг орасида яна бир муаммо ҳам борки, уни алоҳида эътироф этиш лозим. Чунки бу иллатнинг вақтида ечимини топилмаслик ўз навбатида бошқа улкан муаммоларни келтириб чиқаради. Унинг номи — беҳаёлик. Бир қарашда бу унчалик аҳамиятга эга эмасдек туюлади. Аммо ҳозирги кунда кўплаб учраётган салбий иллатлар: никоҳсиз болаларнинг туғилиши, бузуқликлар, фоҳишалик, жисмоний зўравонликлар — буларнинг ортида бевосита беҳаёлик турибди.

Миллатни ичидан емиришга қаратилган мафкура

Беҳаёлик кеча ёки бугун пайдо бўлган тушунча эмас. Унинг туб илдизи қадим замонларга бориб тақалади. Антик даврни бу иллатнинг айни урчиган пайти, деб бемалол айтиш мумкин. Ўша даврга оид турли манбаларда бу ҳақда жуда кўплаб материаллар учрайди. Ҳаттоки, антик даврда беҳаёлик “демократия тантанаси” деб аталганди.

Ўшанда беҳаёлик марказий Осиёда, хусусан, ватанимиз ҳудудида у қадар чуқур аҳамият касб этмаган, яъни жамиятни айтарли безовта  қилмаган. Бунга сабаб, мамлакатимиз аҳолиси ислом динига амал қилганлигидир. Ислом дини кириб келгунига қадар ҳам зардуштийлар кишиларни бу каби иллатлардан қайтариб келганлар. Ислом динига амал қилина бошлаганидан сўнг эса Имом ал-Бухорий, ат-Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳовуддин Нақшбандий, Маҳмуд Замаҳшарий сингари ўз даврининг буюк алломалари пурмаъно асарлари билан ҳаё инсоннинг асосий зийнати эканлигини доимо уқтириб келдилар. Айниқса, буюк бобомиз Алишер Навоий деярли барча асарларида ҳаё бебаҳо фазилат эканлигини тараннум қилганлар. Навоий замонидан то шўролар босқинига қадар ҳам беҳаёлик омма орасида унчалик таъсир кучига эга бўлмаган. Шўролар тизими даврида бу иллат ўз бўйини ва илк нишонларини кўрсата бошлади. Аста-секинлик билан аёллар орасида тамаки чекиш, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш одатий ҳолга айланди. Ҳаттоки, оилавий муносабатларда тенг ҳуқуқлиликни даъво қилиб, аёллик вазифаларини ҳам турмуш ўртоғи зиммасига юклайдиган аёллар кўпайди. Буларнинг бари миллатни ич-ичидан емиришга қаратилган мафкуранинг ғалабаси эди. Динга эътиқод мутлақо бўғилди. Инсонлар буюк алломаларимизнинг ниҳоятда қимматли бадиий меросидан маҳрум қилинди ва беҳаёлик ўзининг сийратини бор бўйи билан кўрсата бошлади.

Мустақиллик миллийлигимизни қайтарди

Мустақиллигимиз қўлга киритилганидан кейин, қадриятларимиз қайта тикланиб, юртимизнинг маънавий қиёфаси ҳам қайта шакллана бошлади. Биз кимларнинг авлодлари эканлигимиз, кимдан андоза олишимиз кераклиги, умуман, миллий ғуруримиз тикланди. Аждодларимизнинг бой илмий мероси яна ўзимизга қайтиб келди. Кишиларга ҳар соҳада, жумладан, маданият соҳасида ҳам эркинлик берилди. Аммо, афсуски, буни нотўғри талқин қилган қўштирноқ ичидаги санъаткорлар ҳам пайдо бўлдию, хориж “санъаткор”ларидан илҳомланган ҳолда беҳаёликни тарғиб қила бошладилар ва яна бир бор, афсуски, бу ҳозиргача давом этмоқда.

Албатта, беҳаёликни биргина санъаткорлар оммага ёяётганлари йўқ. Бутун жаҳон ўргимчак тўри — интернет ҳам бу иллатнинг оммалашишида асосий воситалардандир. Ота-она фарзандининг қўлига қанчалик кўп имкониятларга эга телефон тутқазса, шунча кўп таҳдидларга тайёр туриши лозимлигини билармикин? Фарзанди бу қурилмадан тўғри фойдаланишига доимо ишончлари комилмикин? Чунки айнан интернетда беҳаёликнинг миллиондан ортиқ турлари борки, ҳукумат сайтларидан бошқа барча wеб-сайтларда истамаса ҳам, унга дуч келиш мумкин.

Беҳаёлик ўсмирларни асир олганда…

Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, айни пайтда оммавий маданият ниқоби остида беҳаёлик кундан-кунга илдиз отиб бормоқда. Айниқса, ўсмир ёшлар орасида бу иллатнинг тарқалиши жуда хавфли. Шусиз ҳам танасида бўлаётган физиологик жараёнларни тушунмай турган бир паллада интернет, телевидение, кўча-кўйда ҳам беҳаёликнинг турли кўринишларига дуч келган ўспиринларнинг руҳиятида кучли ўзгариш рўй беради. Қарама-қарши жинс вакилларига бўлган қизиқишнинг ниҳоятда ортиши баъзан жуда аянчли оқибатларга олиб келади. Ўзидан, ташқи кўринишидан қониқмай қолади, телевизор, интернет орқали кўрганларини ҳаётга кўчириш истаги унга тинчлик бермай қўяди, натижада ўсмир жуда ҳам жиззаки, асабий ва  кўп нарсага бефарқ бўлиб қолади. Бу паллада уларни беэътибор қолдириш, кўп вақтларини бўш ўтказишга қўйиб бериш қандай оқибатларга олиб келаётганини бугун барчамиз кўриб турибмиз. Яъни жамиятимизда ўсмир ёшдаги қизлар ўртасида никоҳсиз ҳомиладор бўлиш ҳоллари учраб турибди. Бу хунук ҳолатларнинг ортида жинсий ҳаётга эрта қизиқиш ва киришиш, унинг оқибатларини билмаслик, ўсмирларнинг жинсий тарбияси етарли эмаслиги турибди.

Фарзанд ҳар қандай тарбияни ота-онадан олсин!

Доно халқимиз фарзанд тарбиясида аҳамиятсиз нарсанинг ўзи йўқ, деб бекорга айтмайди. Жажжи қизалоққа қўғирчоқ олиб беришда ҳам эътиборсизликка йўл қўйиб бўлмайди. Зеро, тарбия онанинг қорнидалигидаёқ бошланиши лозим. Шарқда негадир жинсий тарбия дейилганда, айрим ота-оналар гапиришга истиҳола қилишади. Биз, албатта, катталар фарзандларни ёнига олиб уларга жинсий ҳаёт ҳақида гапириши керак, деган фикрдан йироқмиз, шунчаки фарзандини қизиқтирган саволларга атрофлича, одоб-ахлоқ чегараларидан ўтмаган ҳолда жавоб берсинларки, бу маълумотларни ўсмирлар четдан, турли порнографик сайтлардан, кўча-кўйдан, энг муҳими, турли бузғунчи ғояларни кўзлаб юрган ғаразгўй кимсалардан ўрганишмасин!!! Бунинг учун ота-она юксак маънавиятли, дунёқараши кенг, савияси баланд бўлиши лозим.

“Эркин муҳаббат”дан йироқ бўлинг!

Шарқда азалдан оила, никоҳ қаттиқ эъзозланади. Бугун Ғарбда бонг урилаётган, замонавийликнинг мукаммал кўриниши дея баҳоланаётган “эркин муҳаббат” бизнинг ватанимизда ҳам бўй чўзмаслиги учун тарбияни тўғри олиб боришимиз зарур. Ёшларимизнинг маълум қисми жаҳонга машҳур спорт ва санъат юлдузларига ҳар томонлама тақлид қилиши бор гап.

Яқинда ОАВларимизда футбол юлдузи Роналдунинг “дугонаси” фарзанд кутаётгани ҳақида қайта-қайта бонг урилди. Аммо унинг тарғиботига эътибор қаратилмади. Эътибор беринг: қиз унинг “дугонаси” деб аталди, турмуш ўртоғи ёки аёли деб эмас. Бу биргина Роналдуга тегишли воқеа эмас. Жаҳоннинг турли соҳалардаги кўплаб юлдузларида бу ҳолат учрайди. Яъни шунчаки никоҳсиз яшаш, иккита-учталаб фарзандли бўлиш, ўзи истаганида  тўй қилиш ёки умуман жонига теккач, ташлаб кетиш. Бу нарсалар ёшларимиздаги оила муқаддас деган тушунчаларни емириб ташламасмикин? Ғарбона эркинлик ёшларимизнинг маънавий қиёфаларини издан чиқармаслигига ким кафолат беради?

Ҳадиси шарифларимизда битта валади зино бутун шаҳарни ёндириб юборишга қодир, дейилган. Бугун Европа, Американинг турли нуқталарида бўлаётган ёнғинлар, сув тошқинлари ва турли-туман фалокатлар шу ҳадиснинг исботи эмасми? Ёки гўдакларни ўз ота-оналари томонидан турли йўллар билан ваҳшийларча қатл қилинаётгани ҳақидаги хабарлар ҳам  интернет сайтларида кунора учрамоқда. Диққат билан кузатсак, уларнинг деярли барчаси эр-хотин эмас, шунчаки жуфтлик. Яхши ниятлар билан қурилган, қонуний асосга эга оиланинг фарзандлари эмас, бебошликнинг, тийиқсиз эҳтироснинг маҳсули ва бу жонли “маҳсул” ҳеч қандай қадр-қимматга эга эмаслигини уларнинг ота-онаси амалда исботлаб бермоқда.

Тарбиянинг мукаммал усули

Фарзандларимизни беҳаёлик чангалидан асраш учун, аввало, уларда кучли мафкуравий иммунитетни шакллантиришимиз лозим. Бу биринчи навбатда мустаҳкам тарбия, кучли билим ва ҳар нарсада эътибор, демакдир. Болани бугун интернетдан айириб бўлмайди, аммо ундан мақсадли фойдаланишни ўргатиш мумкин. Боланинг қиладиган ишига ёлғиз ўзи жавобгар эканлигини тушунтириш керак. Ҳар бир ишнинг албатта оқибати борлигидан хабардор қилиш — ота-онанинг бурчи. Болани тарбиялайдиган, кучли иродани шакллантирадиган, инсонпарварлик, ватанпарварварлик, ибо-ҳаё, ор-номус тараннум этиладиган китобларга ошно қилиш — тарбиянинг мукаммал усули.

Ҳунар инсонни тарбиялашда энг муҳим воситалардан. Боланинг ўзида озгина бўлса ҳам қизиқиш бўлдими, уни албатта санъатнинг қайсидир турига йўналтириш керак. Айниқса, тасвирий санъат, ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, наққошлик сингари ҳунарларни ўргатиш ғоят катта натижаларни беради. Узоқ вақт талаб этадиган санъат асарларини яратиш болада сабр-тоқат, қунт ва босиқликни камол топтиради. Боланинг асаби мустаҳкам бўлади, бу ҳунарларни эгаллаган шахсларда асабийлик, жиззакилик, қўполлик, бераҳмлик туйғулари ёт бўлди. Майли, у шу ҳунарнинг устаси бўлмасин, аммо шу фазилатларнинг эгаси бўлганини ўзи жамият учун катта ютуқ.

Яна бир гап, бугун оддий сомон парчасидан дурдона асар яратаётганлар қанча. Бу асарларнинг аксариятида Навоийнинг бебаҳо достонлари қаҳрамонлари тасвирланади, қизларнинг ҳам, йигитнинг қиёфасидан шарқона ибо-ҳаё, юксак одоб нафаси уфуриб туради. Бу ўспиринга албатта ўз таъсирини ўтказмай қўймайди. Бундай кучли иммунитетга эга ёшларни ҳеч қандай ёт ғоялар ўз йўриғига юргизолмайди.

Ҳулкар ДАРМАНОВА,

Ўзбекистон республикаси Президенти ҳузуридаги  Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти тингловчиси.