Сешанба, 25 Июнь 2019

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида ўзаро манфаатли ҳужжатлар имзоланди

Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг таклифига биноан АҚШда ташриф буюрган  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 май куни Оқ уйда Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг мутбуот хизмати маълум қилди.

Дональд Трамп Президентимизни расмий ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистон АҚШ учун муҳим давлат, стратегик шерик эканини қайд этди.

Ўзбекистоннинг обрў-эътибори ошиб бормоқда. Сиз билан Оқ уйда учрашиш биз учун шараф, деди АҚШ Президенти.

Шавкат Мирзиёев таклиф учун миннатдорлик билдириб, АҚШ Ўзбекистонни изчил қўллаб-қувватлаб келаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон ва АҚШдаги Президент сайловларидан кейин мамлакатларимиз муносабатлари янги босқичга кўтарилди. Бугун қабул қилинадиган «Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари: стратегик шериклик янги даврининг бошланиши» номли Қўшма баёнот ўз номи ва моҳияти билан кўп нарсани англатади. Томонларнинг узоқ келажакка мўлжалланган интилишларидан далолат беради, деди Ўзбекистон Президенти.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Дональд Трамп музокараларни икки мамлакат делегациялари иштирокида давом эттирдилар.

Унда асосий эътибор савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилди. Вазирлик ва компаниялар, ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, юқори технологиялар, савдо-саноат, ёқилғи-энергетика, транспорт ва бошқа соҳаларда қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Савдо соҳасида энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий қилинганига қарамай, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми имконият даражасида эмас. 2017 йилда бу кўрсаткич 210 миллион доллардан бироз ошган. Америкадек ривожланган ва Ўзбекистондек ривожланаётган мамлакат иқтисодиёти аслида бундан анча кўпроғига қодир.

Президентимиз икки томонлама ҳамкорликнинг шу каби жиҳатларини таҳлил қилиб, фойдаланилмаётган имкониятларни, ўзаро манфаатли ва истиқболли тармоқларни кўрсатиб ўтди.

Ўзбекистонда хорижий валюталар конвертацияси очилгани, янги ва замонавий инвестицион муҳит яратилгани, тўғридан-тўғри сармоялар давлат томонидан кафолатланиши таъкидланди. Мамлакатимизда юқори технологияли лойиҳаларни амалга ошириш учун АҚШнинг йирик компаниялари сармоя ва технологияларини жалб қилишга келишиб олинди.

Музокаралар сўнгида Президент Дональд Трамп Президент Шавкат Мирзиёевни кузатиб қўйди.

Шундан сўнг, Вашингтондаги «Блэйр хаус» қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга расмий ташрифи доирасида ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди.

Икки мамлакат вазирлик ва компаниялари ўртасида савдо, энергетика, молия, қишлоқ хўжалиги, фан-таълим соҳаларига доир қатор ҳужжатлар имзоланди.