Чоршанба, 19 Сентябрь 2018

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлиги: “Маданият соҳасидаги биринчи қонун ишланмоқда”

“Санъаткорларимиз олаётган лицензия ҳам тадбиркорлик фаолияти ҳисобланади, яъни хизмат турларига киради. Мазкур хизматнинг янги турларини ишлаб чиқишимиз керак. Маданият тармоқларининг рақобатбардошлигини ошириш ва муҳим вазифаларни амалга оширишда, мавжуд муаммоларга ечим  топишда ҳуқуқий база механизми яратилиши муҳим аҳамиятга эга”, — деди маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев “Маданият соҳасининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари” мавзусига бағишланган республика илмий-амалий конференцияси аввалида. Конференцияда маданият ва санъат соҳасидаги ҳуқуқий бошқарувни аниқлаб олиш борасида иштирокчилар томонидан аниқ таклифлар ва мулоҳазалар билдирилди.


Бошбошдоқликларга барҳам бериш лозим!

Бахтиёр САЙФУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири:

— Мустақиллигимизга эришганимизга 27 йил тўлган бўлса-да, бизда ҳали бирор марта маданият тўғрисида ишлаб чиқилган қонун мавжуд эмас. Шу боис, вазирлигимиз мазкур қонунни ишлаб чиқиш борасида ўз ташаббуси билан чиқди.

Шу ўринда яна бир долзарб масала ҳақида айтиб ўтмоқчиман. Кейинги пайтларда театр ва театр санъати тўғрисида қабул қилинган  меъёрий ҳужжатларга ҳам эътибор бермай қўйдик. Масалан, театр актёри бир кунда нечта роль ўйнаши керак? Олий тоифадаги актёр ва саҳна устаси-чи?

Шу билан биргаликда концерт ташкилотларимизга, масалан, дуторчилар ансамбли ходимларини ойлик маош билан ҳар ойда таъминлаймиз. Лекин улар тез-тез концерт беришяптими? “Наврўз” ва “Навбаҳор” ансамбллари қизларини фақат катта давраларда кўрамиз. Ушбу ансамбллар режа ва регламент асосида қандай ишларни амалга оширишяпти?

Ана шу каби бошбошдоқликлар кўпайиб қолганлиги боис, Бандлик ва меҳнат вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан ҳамкорликда керакли низомларни ишлаб чиқиб, тасдиқдан ўтказишимиз лозим. Тез кунда бу низомларни ҳайъатга тақдим этамиз. Ва бу жараёнда кўплаб конференция ва семинарлар ўтказилиши кўзда тутилган. Демак, маданият соҳасидаги таклифлар ва танқидий фикрлар жиддий ўрганилиб чиқилади.

Шу  ўринда бир савол туғилиши табиий: нима учун Маданят вазирлиги бу масалани кўтариб чиқди? Чунки маданият соҳасидаги ягона давлат сиёсатини Маданият вазирлиги юритади. Бадиий академия ҳам, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳам, барча-барча масъул ташкилотлар ходимлари ҳамкорликда ишласак, Президентимизнинг маданият соҳасини ривожлантириш борасидаги қатъий талабларига жавоб бера оламиз. Ҳозирги кунда барча муаммолар ҳуқуқий базанинг йўқлигида эканлиги маълум бўлиб қолди. Шунинг учун ўзимиз излаган юксак савиядаги актёр ва режиссёрларни топишга қийналяпмиз. Энг алам қиладиган жойи шундаки, мавжуд 7476та маданий объектимизда реставрацияни амалга оширадиган усталар етишмайди. Эндиликда юртимизда мавжуд барча реставраторларни йиққан ҳолда уларни устоз-шогирд анъанаси асосида ўқитиш ва уларнинг ҳуқуқий меъёрлари устида ишламоқчимиз. Авлоддан-авлодга ўтадиган бу касб сирларини ўргатишнинг ўзига яраша имкониятлари бор.

Маҳорат мактаблари қайта тикланадими?

Айтиш мумкинки, ҳар бир соҳада муаммолар мавжуд ва бу муаммоларнинг ҳаммаси ҳуқуқий меъёрларга бориб тақалади. Маданият ва санъатда илм-фанни ривожлантириш ҳам бежиз талаб қилинмаяпти. Очиғини айтаман, бугунги кунда яхши театршуносларимиз ва бастакорларимиз ҳам бармоқ билан санарли бўлиб қолди. Бир пайтлар юртимизда бастакорлар мактаби жуда яхши фаолият олиб борарди. Айни пайтда эса яхши бастакорларга эҳтиёжимиз жуда катта. Ахир ҳар йили Ўзбекистон давлат консерваториясида бастакорлар етишиб чиқяпти-ку?.. Театр рассомлари ва режиссёрлар ҳақида ҳам ана шундай ташвишли мулоҳазаларни айтишимиз мумкин. Бугунги кунда “қўшиқчи шоир” деган атаманинг ҳам қадри жуда тушиб кетган. Авваллари Туроб Тўла, Миртемир каби шоирларимиз ўз оҳанги билан туғилган шеърлари орқали ушбу номнинг қадрини баланд тутишган.

Олдимиздаги вазифалардан яна бири — ўзбек рақс санъатини ривожлантириш борасида қарор ишлашимиз лозим. “Шодлик”, “Баҳор” каби машҳур рақс ансамблларида ишлаган устоз санъаткорларимизни ушбу жараёнга жалб қилиш ниятидамиз. Маъмура Эргашева, Гулчеҳра Фозилжонова, Насиба Мадраҳимова каби устозларнинг мактаблари сирларини ёшларга ўргатишимиз лозим.

Санъат журналистикаси соҳаси ҳам кўнгилдагидек эмас. Матбуотда журналистларимиз ҳамиша яхши спектакллар ҳақида қўл учида ёзишади. Танқидий мулоҳазалар, асл муносабатни топа олмайсиз. Ахир театршуносларимиз ва драматургларимиз билан давра суҳбатлари уюштирилса, кўп муаммолар ечимини топади-ку?..


Ижрочилар диссертация ёқлаши шартми?

Карим АЗИМОВ,

Тошкент санъат ва маданият институти профессори:

— Кадрлар тайёрлаш масаласи ҳамиша долзарб ҳисобланади. Тошкент санъат ва маданият институтида фаолият юритар эканман, ҳар ўқув йили охирида битирувчиларни иш билан таъминлаш масаласи кўнгилдагидек эмаслигидан ташвишга тушаман. Ўзингиз айтинг, фольклор жамоаси раҳбари ашулачи бўлиши керакми ёки чолғучими? Институтимиз битирувчиларининг аксарияти иш тополмай қийналади. Давлат шунча маблағ сарфлаб ўқитяптими, демак, уларнинг ишлайдиган жойи ҳам аниқ бўлиши керак эмасми?

Маданият тизими шохобчаларини мутахассислар билан таъминлайдиган янги тизим ишлаб чиқилиши зарур.

Шу ўринда яна бир таклифни айтиб ўтмоқчи эдим. Магистратура босқичида ўқийдиган талабаларнинг барчасидан диссертация ёқлашни талаб қилиш шарт эмас, деб ўйлайман. Мусиқашунос, театршунослар диссертация ёқлайверсин, лекин ижрочилар ижро дастурини изоҳлаб берса, шунинг ўзи етарли эмасми?

Яна бир масалани айтиб ўтсам, нега мактабимиздан таълим олган талабаларни осонлик билан хорижга бериб юборяпмиз? Уларни юртимизда олиб қолиш учун керакли имкониятларни ва имтиёзларни ўзимиз берайлик!


Фольклор жамоалари ҳимояга муҳтож

Азамат ҲАЙДАРОВ,

Халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик маркази директори:

— Мен аждодларимиз томонидан яратилган асрлар оша авлоддан авлодга ўтиб келаётган халқ ижодиёти билан боғлиқ ҳуқуқий асослар борасида ўз фикрларимни билдирмоқчиман.

Ҳозирги кунда республикамизда 146та фольклор этнографик жамоа фаолият кўрсатяпти. Улардан 73таси халқ ҳаваскорлиги унвонига эга бўлиб, 8таси болалар фольклор жамоалари, 65таси эса катталар фольклор жамоаси ҳисобланади. Унвонга эга бўлган жамоаларда бор йўғи 2тадан штат бирлиги бор холос, қолган иштирокчилар эса жамоатчилик асосида, яъни бепул жамоада ишлайди. Шу сабабдан айни пайтда барча иштирокчилар давлат томонидан ҳимояланишга муҳтож. Минг афсуски, маҳаллий ҳокимликлар ўз ҳудудуларида халқ ижодиётини ривожлантириш билан боғлиқ бўлган барча масалалар, жумладан, санъат либослари, мусиқий чолғулар, жамоалар шуғулланиши учун керак бўлган хоналар, байрамларда уларни транспорт воситалари билан таъминлаш ва моддий рағбатлантириш каби ижтимоий аҳамиятга эга бўлган масалалар билан жиддий шуғулланмайдилар.

Ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳасига “халқ ижодиёти” деган боб киритилишини таклиф қиламан. Мазкур бобга фольклор жамоалар фаолиятини молиялаштириш, жамоаларнинг турлари ва бу жамоаларни тугатиш ва қайта ташкил этиш тартиби, жамоаларга бериладиган имтиёзлар каби моддалар киритилиши кўзда тутилиши лозим. Ана шундагина бебаҳо меросимизни асраб қолишга имкон туғилади.


Шуҳрат РИЗАЕВ,

“Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори ўринбосари, адабиётшунос олим:

— Бугунги кунда вазирлик қошида Мавжуда Сайфуддиновна бошчилигида юридик хизмат ташкил этилганидан хурсандмиз. Бу хизмат аввало шу йўналишда бир неча семинарлар ўтказса, яхши бўларди. Ана шу семинарлар доирасида биз қонун билан қонуности ҳужжатлари нима эканлигини фарқлаб олишимиз керак. Бу ерда жуда кўп масалалар ўртага ташланяпти, бу муаммолар қонун доирасида кўриладими ёки қонуности ҳужжатлари доирасидами, ана шу масалаларни тушуниб олишимиз керак.

Бевосита театр ва кино масалаларига гап бурилар экан, маданият ҳақидаги қонунда бош масалалардан биттаси репертуар сиёсати масаласи бўлиши керак, деб ўйлайман. Ахир ҳаммамиз репертуар учун ишлаймиз, кадрлар ҳам репертуар учун йўналтирилган кадрлар ҳисобланади. Республикамиздаги мавжуд театрларни  кузатганимизда, уларнинг барчасида репертуар сиёсати йўқ эканлигига гувоҳ бўлдик. Ўша театрлардаги ижодий гуруҳ ҳам режали иш йўналишига эга эмас, табиий ривожланиш ва табиий доимийлик йўқ.

Нега ҳозирги кунда кадрлар қўнимсизлиги кўпайиб кетмоқда? Бунинг сабаби кадрларни ҳимоя қилиш борасида ҳуқуқий асосларимиз йўқлигида. Кадрлар ўзи истаганида келади, истаганида кетади. Уларнинг келажагини ўйлаб маҳкам ушлаб қолиш учун барча имтиёз ва имкониятлар қонунда акс этиши керак. Агар бизга кишан бўлиб қолиши мумкин бўлса, эски анъаналаримиздан бутунлай воз кеча олишимиз керак.


Халқ артистларини қадрлай олмаяпмиз

Озодбек НАЗАРБЕКОВ, Маданият вазирининг биринчи ўринбосари,

Ўзбекистон халқ артисти:

— Ўтказилаётган конференция доирасида ўртага ташланган масалаларнинг барчаси ҳуқуқий асослар бўлмаганлиги боис, муаммога айланган. Чет элга кетиб қолаётган ижодкорлар дейсизми, фонограмма масаласими…

Айниқса, созандаларимизга тўхталиб ўтадиган бўлсам, фонограмма туфайли уларни ҳеч ким тўйга ҳам айтмай қўйган. Махсус созандалар ўзлари бориб чаладиган жойлар йўқ. Энди чироқ ва овоз борасида ҳам муаммоларимиз талайгина.  Мен ўзим 20 йилдан бери кўриб билиб юрибман. Чироқ ва овоз мутахассисликлари борасида оқсоқмиз. Ахир театрга ҳам, концертга ҳам керакли бўлган ушбу кадрларни ўқитяпмизми ўзи? Шунча йилдан бери концертда апапарат қўйиб ишлаб ўтирган овоз операторини кўрмадим. Тўғри, Ўзбекистон давлат консерваториясида овоз операторини ўқитишяпти. Лекин талабаларни ўқитаётган мутахассисларнинг ўзларини ўқитишимиз керак. Фақатгина мини диск қўйишни биладиган операторлар туфайли жонли ижро ҳам камайиб кетяпти. Чунки улар ижодкорнинг бор маҳоратини кўрсатиб беришолмаяпти. Мавжуд муаммоларнинг сабаблари ўрганилса, ўз-ўзидан ечим ҳам топилади.

Шу ўринда яна бир масалани айтиб ўтсам. Халқ артистларини биз қадрлай олмаяпмиз. Уларни ҳеч бўлмаса маълум бир солиқлардан озод қилсак ҳам, анчагина енгиллик бўлармиди… Уларнинг танг аҳволини кўриб ота-оналар фарзандлари санъаткор бўлишини исташмаяпти. Натижада кўчада санъатнинг бошқа турлари ривожланиб кетяпти. Демак, ҳуқуқий асосларга эҳтиёж масаласи анчадан бери пишиб етилиб келаётгани кўриниб турибди.

Андак эътирозимиз бор…

Аввало, ушбу конференцияда ниҳоятда долзарб масалалар ва муаммолар ўртага ташланганидан хурсандмиз. Бироқ бизнинг халқимиз азалдан маданиятга ва илм-маърифатга жуда катта эътибор қаратиб келган. Шундай экан, 27 йил ичида биронта қонун ишланмаган, дея фикр билдиришнинг ўзи тўғримикан? Қолаверса, Ҳаракатлар стратегиясининг 4-йўналиши Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари деб номланади. Айни пайтда ҳар бир соҳада шаффоф тизимни татбиқ этиш қатъий ирода ва курашчанликни талаб қилади. Бизнингча, вазирликнинг масъул ходимлари ана шу жасорат ва шижоат ҳар бир инсонда уйғонганлигини айтмоқчи бўлдилар. Бошланажак семинар ва конференцияларда ана шу руҳият устивор бўлишини тилаб қоламиз. 

 Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА.