Чоршанба, 17 Июль 2019

Ўзбек тўйлари ўзбекча бўлсин

Пойтахт ёки вилоятлар марказида ўтказилаётган халқимизнинг тўй маросимларида кейинги пайтда европача қўшиқлар кўпроқ урф бўлгани турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Айнан шу саволга жавоб излаб, хонанда Отабек МУҲАММАДЗОҲИДга юзландик.

— Бугунги тўйларда ўзбекча қўшиқларимизни ижро этишга иккиланиб қоламан. Сабаби, тўйларимизда ўзбекона услубдаги, миллий эстрада йўналишидаги тароналарни тинглашга одамларнинг сабри етмаётгани, европача қўшиқларни сўрашаётганига кўп гувоҳ бўляпмиз. Меҳмонлар тинимсиз равишда шўх, аммо европача оҳангдаги қўшиқларга рақсга тушишади. Халқимизнинг тинчлигидан, хурсандчилигидан қувонамиз, бироқ масаланинг бошқа томони бор: биз маънавияти, маданияти, андишаси кучли бўлган аждодларнинг авлодларимиз. Миллий менталитетимизга ёт мусиқага рақсга тушиш ёки беҳаёларча кийинган қизларимизнинг қанчадан-қанча ёши улуғ инсонлар олдида ўзларини “рақс гуруҳи аъзолари” дея таништириб, оммавий тарзда рақсга тушиши кишини жиддий ўйга солади. Энг ачинарлиси, бу каби одатлар ва ҳолатлар аста-секинлик билан шаҳардан қишлоқларга кириб бормокда.

Ёшларни ёш десангиз, қирқдан ошган эркак ва аёллар ҳам хориж мусиқасини сўрайди. Шундай вазиятларда хонанда нима қилишини билмай, оддий диск билан тўй ўтказишига тўғри келяпти. Тўйларда, концерт залларида, маданият масканларида “Мақом эшитамиз” дейдиганлар камаймокда. Ҳатто мақом кечаларида зални тўлдириб ўтирган томошабинларнинг кўп қисми концерт тугамасдан, неча минг йиллик мавқега эга санъатимизга, санъат аҳлимизга беҳурматларча зални тарк этаётгани тўғрисида куйиниб гапирилмоқда. Ўша инсонларнинг маънавияти кучли, фикрлаш даражаси юқори бўлса, бундай вазиятлар кузатилмаслиги аниқ. Чунки мақом қўшиқларининг ҳар бир мисрасидаги сўзлар ўз мазмун-моҳияти жиҳатдан инсон учун маънавий озуқа, тарбия масаласида муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.

Санъаткорларимиз тўйда халқ талабини бажараман, деб европача, туркча йўналишдаги қўшиқларни куйлашга мажбур бўлса, яна ўша халқимиз томонидан турли телеканаллардаги шоу кўрсатувларида савиясиз қўшиқ муаллифи сифатида айбланмоқда.

Мусиқа ихлосмандларининг савияси бу даражада пасайиши сабаблари билимсизлик, китоб ўқимаслик билан боғлиқ эканлиги —айни ҳақиқат. Агар халқимиз китоб ўқишга кўпроқ эътибор қаратса, фарзандларидан ҳам шуни талаб этса, маъноли сўзлар билан куйланган қўшиқларга эҳтиёж сезади ва тўйларимизда енгил-елпи, ёшлар тарбиясининг бузилишига таъсир этувчи, ота-онага, устозига, яқинларига бўлган ҳурматни сусайтирувчи видеоклиплар, тароналар сони камайиб боради. Ёш авлод китобга ошно бўлса, қадриятларимизга ёт бўлган беҳаё клиплар, сериал ёки бадиий фильмларни томоша қилиш нотўғри эканлигини ўз-ўзидан тушунади ва ва дўстларига ҳам йўл-йўриқ кўрсатади. Тўй масалалари ҳам шу муаммо билан боғлиқ.

Ш.ТОЖИДДИНОВА ёзиб олди.