Сешанба, 25 Июнь 2019

Ўзбек санъатининг фахри

“Сен етим эмассан”, “Тошкент — нон шаҳри”, “Маҳаллада дув-дув гап”, “Отамдан қолган далалар” сингари кўплаб фильмлари билан ўзбек киноси тарихига муносиб ҳисса қўшган кинорежиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати, “Эл-юрт ҳурмати” ордени, “Шуҳрат” медали соҳиби Шуҳрат Аббосов 2018 йилнинг 25 апрель куни ёруғ оламни тарк этди.

 Бўлғуси режиссёр уруш йиллари ўзининг биринчи роли —мажруҳ аскар образини ярадор аскарлар даврасида 11 ёшида яратганди. Санъатга чанқоқ бу йигитчанинг тиббиёт техникуми саҳнасидаги ижросини кўрган актёр Ҳамза Умаров уни театр олийгоҳига етаклаб келади. Тақдир тақозоси билан у режиссёрлик факультетининг талабаси бўлди. “Мосфильм” қошидаги Олий режиссёрлик курсида икки йил дунёга машҳур, буюк режиссёрларнинг қўлида таълим олган Шуҳрат Аббосовнинг пешанасига  машҳур режиссёр бўлиш ёзилган экан…

“Режиссёрнинг энг асосий вазифаси — съёмка майдонида кўринмас, аммо инсонни ўзига тортувчи муҳит ярата олиш. Бу муҳит актёрни ўзига жалб қилсин-у,  ўз-ўзидан шу қаҳрамон сиймосида ҳаракатга келсин. Режиссёр учун кўп билиб, хўп гапириш бефойда. Асосийси — актёрга муносабат. Мени таклиф қилган актёрларимдан талаб қиладиганим — ролда яшаш. Чунки буни уддаламаган актёр томошабинни забт этолмайди”, дея таълим берарди таниқли режиссёр ўз талабаларига.


Маънавиятимиз дарғаси сифатида тарихда қолди

Ҳилол НАСИМОВ, кинорежиссёр:

– Шуҳрат Аббосовнинг фильмлари мени актёр ёки режиссёр сифатида эмас, оддий томошабин сифатида ларзага солган. Бу туйғу келажакда ўз тақдиримни кино санъати билан боғлашимга ҳам туртки бўлганди. Унинг фильмларидаги чеҳралар, характерлар, худди заргар маржонларни тахлаб, ишлов бергандек чиройли терилганки, томошабин уларни тўлалигича қабул қилмасдан иложи йўқ. Таниқли кинорежиссёр Элёр Эшмуҳамедовнинг: “Кинода энг муҳими — сценарий, режиссёр, дейишади. Тўғри, буни инкор этиш қийин. Аммо янада муҳимроқ нарса — актёрларни тўғри танлай билиш” деган гапи бор. Бу қоида қанчалар тўғри эканини биз устозимизнинг ҳамма фильмларида кузатамиз. “Сен етим эмассан” фильмидаги қизалоқми, бола бўладими ёки Обид Жалилов, Лутфихоним ая Саримсоқованинг образими, ҳамма-ҳаммаларида ранг-баранглик, ўзига хослик бор. Ҳаммаси бири-биридан ёрқин, қалбингизга кириб боришга қодир чеҳралар. “Маҳаллада дув-дув гап” фильмидаги характерлар, биргина Раҳим Пирмуҳамедовга хос ҳар бир хатти-ҳаракатининг ўзи фильмга қанчалар катта ютуқ қўшганини ҳаммамиз яхши биламиз. Устозимиз энди орамизда йўқлигига ҳали ҳам ишонгим келмаяпти. Ўлим ҳақ. Бу инсон маънавиятимизнинг, санъатимизнинг дарғаси сифатида тарихда қолди.

Санъат институтида ўқиган пайтларим биз — талабалар “Профессор Шуҳрат Аббосов ижодхонаси” деган ёзуви бор эшик олдидан қадамимизни секинлатиб, ҳурмат билан ўтардик. Шундай машҳур инсон қадам босган йўлаклардан юраётганимиздан мағрурланардик. Бу сўзлар айни ҳақиқат. Юз ҳаяжон билан берган саломимизга у киши томонидан айтилган: “Ваалайкум ассалом. Ўқишлар қалай, бўляпти?” деган жавобдан ўзимизни бахтиёр ҳис этардик. Бир пайтлар устозимиз суратга олган фильмларнинг оммавий саҳналарида иштирок этишдан ҳам асосий мақсад моддий манфаат эмас, жараён ичида бўлиш эди. Ўзбек кино оламида бирор ижодкор йўқки, унга Шуҳрат Аббосов ёрдам қўлини чўзмаган бўлса… Шуҳрат аканинг яхши хислатлари, буюк режиссёр эканлиги ҳақидаги жуда кўп гапларни унинг барча фильмларига операторлик қилган инсон, раҳматли Ҳотам Файзиевдан эшитганман. Ҳотам ака: “Мен режиссёр сифатида Шуҳрат аканинг ёнида юриб, қоврилганман”, деб кўп такрорларди. Бу ҳар бир режиссёр учун ниҳоятда зарур нарса эканлигини ҳаётнинг ўзи исботлаяпти. Бугунги кунда ўқишни тугатмай, ҳатто ўқимасдан туриб, ўзларини юлдуз даражасига олиб чиқаётган режиссёрларнинг ўзлари буни исботлашяпти. Ваҳоланки, устозимиз Шуҳрат Аббосов қўлларига тегмаган соврин қолмаган бўлса-да, жуда камтарин инсон эди. У ўзбек санъатининг фахри эди, фахри бўлиб қолади.

Устозимизни охирги йўлга кузатишга келиб, еру кўкка сиғмай, кўчаларни тўлдирган одамларни кўриб, хаёлимдан халқимизнинг ҳурмати, меҳрининг бир кўриниши шу бўлса керак, деган фикрлар ўтди. Биз бундан кейин ҳам устозимизнинг ҳар бир асарини дастуриламал  қилиб фойдаланишда давом этамиз. Устознинг ўғиллари, шогирдларига таъзия изҳор этаман. Илоҳим, устозимизни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин!


Исботини топган башорат

Роза КАРИМОВА, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

— Санъатда бир инсонни “устоз” дейиш учун у сенга бир умрга сабоқ бериши шарт эмас экан. Чунки узоқ қишлоқдан келиб, ашула, шеър айтиб, cанъат олийгоҳига топшириладиган имтиҳоннинг биринчи туридан ўтган бир қизча учун иккинчи турдан ўтишга ёрдам берадиган одам нақ халоскорнинг ўзи бўлиб кўринганди. Шундай бўлди ҳам. Этюд нималигини ҳам билмай, гарангсиб турганимд домла Радун ёнига чақириб: “Мана бу буюк режиссёр сенга этюд тайёрлашда ёрдам беради” деб, қадди-қомати келишган йигит билан таништирди. Кейин билсам, у Москвада илм олаётган бўлғуси режиссёр, аспирант Шуҳрат Аббосов экан.

Шуҳрат Аббосов билан биргаликда тайёрлаган этюд саҳнаси туфайли ўқишга киришга муваффақ бўлиб, санъат остонасига қадам қўйгандим. Агар шундай бўлмаганида, тақдирим қандай кечарди, билмадим. Шу сабаб, мен бу инсонни бир умр ўзимнинг биринчи устозим, деб ҳисобладим. Бундан ҳатто унинг ўзи ҳам бехабар эди. Биргаликда этюд тайёрлаган қизча мен эканлигим, вақти келиб “Телевизион миниатюралар театри”нинг актрисаси бўлиб танилганим унинг хаёлига ҳам келмаган бўлиши аниқ. Чунки шу гапларни айтиш ва устозимни 85 йиллик муборак ёши билан табриклаш учун санъат олийгоҳига гулдаста кўтариб борганимда, гапларимни эшитиб, ҳайрон бўлганди. Шунга қарамай, қалб сўзларимни унга айтиб улгурганимдан хурсандман. Фақат бир нарсага ҳайронман, ўша бир пайтлар — ҳали талаба бўлган йигитчада буюк режиссёрни домла Радун қандай кўра олди экан? Буни қарангки, йиллар ўтиб Шуҳрат Аббосов чиндан ҳам буюк режиссёр эканлигини исботлади.

Бир йиғилишда Шуҳрат Аббосов Эргаш Каримов икковимиз билан қуюқ сўрашиб: “Сизларга атаб бир сценарий қилиб, кино олиш орзуим бор. Шуни қилолмаяпман…” деганди. Афсус, шу орзуси  амалга ошмади…


Буюк, аммо камтарин инсон

Мунаввара АБДУЛЛАЕВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи:

– Ҳаётда Шуҳрат акага ўхшаган одамлар кам учрайди. У фақат ижод учун туғилган, тасаввури кенг, фантазияси чуқур инсон эди. Шуҳрат Аббосовнинг суратга олиш жараёнларида кўп иштирок этганман. “Кадр тайёр, мотор!” деб баланд овозда эълон қилганидан кейин атроф сув қуйгандай жим-жит бўлиб қоларди. Ҳеч ким гапириш у ёқда турсин, ҳатто қимирлашга ҳам журъат этолмасди. Режиссёр суратга тушаётган актёрни илҳомлантириб, бир фикр ташлаб қўярди, актёр ишлаб, натижада умуман бошқа, кутилганидан аъло нарса пайдо бўларди. У киши ҳар бир ишга жон-дили билан астойдил киришарди.

Шуҳрат Аббосов билан санъат олийгоҳида анча йиллар бирга ишладик. Имтиҳон бошлашдан аввал ҳаммамиз ҳоли-жонига қўймай: “Шуҳрат ака, битта шеър ўқиб беринг!” деб илтимос қилардик. Шеърни жуда чиройли, худди бир воқеани айтиб бераётгандай, ичига кириб кетиб ўқирди. Ҳаммамиз мазза қилиб эшитиб, хуш кайфиятда имтиҳонни бошлардик. Ўзи ҳам шеър ўқишни яхши кўрарди. Гарсиа Лоркани ёддан биларди…

“Киночилар уйида” бўлиб ўтган 80 йиллик юбилейини мен тайёрлагандим. Изғиринли қиш оқшоми бўлишига қарамай, зал томошабинлар билан лиқ тўла бўлганди. Меҳмонлар орасида Москвадан ташриф буюрган машҳур актриса Тализинадан тортиб, “Сен етим эмассан” фильмида роль ижро этган “болалар”гача бор эди. Ҳамма севимли режиссёрига қалб сўзларини айтгиси, унга атаб қўшиқ куйлаб бергиси келганидан икки соатга мўлжалланган тадбиримиз тўрт ярим соатга чўзилиб кетгани эсимда. Шуҳрат ака айтилган ҳамма самимий сўзларни хурсандчилик билан, мақтов сўзларни эса “Жуда мақтаб юбордингиз-ку!” деган хижолатомуз ибора билан кутиб олган ўша қорли кечани бир умрга унутолмасам керак…

Бу инсоннинг кулиб турган чеҳраси кўз ўнгимда қолди. Ҳа, Шуҳрат Аббосов катта ҳарфлар билан ёзишга арзийдиган ўзбекнинг ҲАҚИҚИЙ КИНОРЕЖИССЁРИ эди. Охирати обод бўлсин!

Дарҳақиқат, ўзбек киносанъатида ўзига хос мактаб яратган Шуҳрат Аббосов ўз меҳнати, юксак иқтидори билан халқ орасида ҳурмат топди. У яратган фильмлардаги бетакрор саҳналар ҳали узоқ йиллар экранларда ва томошабинлар қалбида яшашига шак-шубҳа йўқ. Бу ажойиб киноасарлар билан бирга истеъдодли режиссёр Шуҳрат Аббосовнинг хотираси ҳам қалбларга абадий муҳрланиб қолди.

Туҳфа НАЗАРОВА.