Чоршанба, 21 Fevral 2018

Ўзбек олими нуфузли унвонга сазовор бўлди

Ўзбекистон Фанлар академияси Биоорганик кимё институти директори, академик Шавкат Солиҳов илм-фан соҳасида қўлга киритган катта ютуқлари учун Хитой Фанлар академиясининг хорижий аъзолигига сайланди.

Шавкат Солиҳов Хитой Фанлар академиясига Ўзбекистондан сайланган биринчи, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидан сайланган иккинчи олимдир.

Олим раҳбарлигида биологик фаол бирикмаларни ажратиш ва уларнинг тузилишини ва амалга оширадиган механизмини ўрганиш асосида ўндан ортиқ оригинал дори воситаси ишлаб чиқарилган. Бу тадқиқотлар натижасида вирус ва яллиғланишга қарши, қон тўхтатувчи таъсирга эга препаратлар бугунги кунда тиббий амалиётда кенг қўлланилмоқда. Унинг саъй-ҳаракатлари билан мамлакатимизда Хитой Фанлар академиясининг биринчи хорижий марказларидан бўлган дори препаратларини тадқиқ этиш ва ишлаб чиқиш Марказий Осиё маркази ташкил этилмоқда. Бу ерда яратиладиган дори воситаларини келгусида Хитой ва бошқа давлатларга экспорт қилиш мўлжалланмоқда.