Жума, 20 Сентябрь 2019

Замонавий “қароқчи”лар

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг “Киновидео маҳсулотларни ишлаб чиқариш, кўпайтириш, дубляж қилиш, сотиш ва уларнинг прокати бўйича фаолият турларини лицензиялаш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда бу борадаги тартиб-қоидалар аниқ белгиланган. Аммо қонун-қоидаларга чап бериб, муаллифлик ҳуқуқини бузган ҳолда фойда олишни кўзлайдиган замонавий “қароқчилар”га кўмак бераётган фуқаролар ҳам учраб турибди. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида божхоначилар томонидан мамлакатимизга DVD ва СD дискларнинг ноқонуний йўллар орқали олиб кирилишига қарши курашилмоқда.

Яқинда Фарғона вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Марғилон шаҳар Зарафшон кўчасида яшовчи Ф.Исахановнинг хонадонини амалдаги тартибларга мувофиқ холислар иштирокида кўздан кечиришди. Текширув натижасида ушбу хонадон юртимизга ҳеч қандай ҳужжатларсиз, ноқонуний йўллар орқали олиб кирилган товар-моддий бойликларни сақлаш учун омборга айлантирилгани, хусусан, умумий қиймати 531 млн 110 минг сўмлик 21 хил турдаги 101 250 дона DVD-R диск, 5 000 дона “Panasonic” DVC видеокассета, 413 дона уяли телефон аппарати ҳамда 18000 дона диск соладиган целлофан пакет ноқонуний сақланаётгани аниқланди. Келгусида турли фильм ва концертларни ноқонуний усулда кўпайтириш имконини берувчи ушбу дисклар ҳамда уяли телефон аппаратларининг мамлакатимизга қонуний олиб кирилганини тасдиқловчи биронта ҳам ҳужжат топилмади.

Ҳозир ушбу ҳолатлар юзасидан белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, божхона текширувлари ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ш.МИРЗАЕВ,

Фарғона вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати