Жума, 22 Июнь 2018

Юздаги ўзгаришлар нимадан дарак беради?

Қовоқларнинг шишиши, кўзларнинг қизариши, кўз ости салқиб қолиши шунчаки чарчаш ва уйқусизлик эмас, балки яширин касаллик белгиси бўлиши ҳам мумкин.

 Қошларингиз сийраклашдими?

  • Қошларнинг қалинлашиши (доим шундай бўлган ёки яқинда тез ўса бошлади) ва ҳайз циклидаги муаммолар тухумдонлар фаолиятининг бузилишидан дарак беради.
  • Сийрак ва ингичка қошлар ҳам гормонал мувозанат бузилишининг белгиси бўлиши мумкин.
  • Қошларнинг чакка тарафдан сийраклашиши қалқонсимон безда йод етишмаслиги сабаб юзага келган муаммоларни англатади.
  • Қошларнинг қўшилиб кетиши юқори қон босимига мойиллик борлигини билдиради.

Кўз оқи сарғайса…

Кўзларнинг оқи денгиз марваридлари сингари садафдек оппоқ бўлиши лозим.

  • Кўз оқ пардасининг сарғиш бўлиши жигар касалликлари ва ўт пуфагида тош борлигини, ҳаво ранг бўлиши, организмда кальций етишмаслиги ва бириктирувчи тўқиманинг пайларнинг чўзилиши, суякларнинг чиқиши ва бошқа жароҳатларга олиб келувчи мўртлигини билдиради.
  • Конъюнктива, яъни кўзнинг шиллиқ пардаси ёрқин пушти рангда бўлиши керак. Агар унинг ранги оқарган бўлса, демак, организмда кислота ва қолдиқлар ортиқча тўпланиб қолган. Жигар ва буйраклар ички муҳитни зарарсизлантиришга кучи етмаганида шундай бўлади.

 Бурундаги муаммолар

  • Бурун учининг оқариши ошқозон яллиғланишидан далолат беради. Бурун ва пешананинг тўлиқ оқариши артериал қон босимининг тушиб кетганини, аксинча, қизариши эса қон босимининг ошганини англатади.
  • Буруннинг юзнинг қолган қисмига кўра қорароқ кўриниши, ёнларида кўк-бинафшаранг томирчаларнинг кўриниб туриши, тери тешикларининг кенгайиши жигардаги муаммоларнинг белгиси бўлиши мумкин. Бунинг бошқа сабаблари иссиқ муолажалар, қайноқ ичимликлар, иссиқ ва аччиқ таомларни кўп истеъмол қилиш ҳисобланади.

 Лаблар

Лаблар бир оз нам, ёрқин пушти рангда бўлиши ва лаб бўёғисиз ҳам ёниб туриши керак.

  • Лаб терисининг қуриши, бурчакларининг сарғиш қобиқли ёрилиши ва узоқ битмаслиги оғиз шиллиқ қаватининг кандидози, герпес, гастрит, камқонлик ва қандли диабетда кузатилади. Агар фақат гўштсиз ва ёғсиз таом есангиз, организмга темир моддаси, ёғда эрувчан А ҳамда Е, шунингдек, тухум сариғи, жигар ва пишлоқда мавжуд В2 дармондорилари етишмаётган бўлади.

 Юракда муаммо борми?

  • Кўзларнинг остида кўкарган доираларнинг пайдо бўлишига асосан қаттиқ чарчаш ва кам ухлаш сабаб бўлади. Аммо бошқа сабаблари ҳам бўлиши мумкин. Масалан, бинафшаранг кўкаришлар аллергиядан, сарғиш ранг эса — юрак, пуштисимон кўкаришлар қовуқ билан боғлиқ муаммолардан дарак беради. Кўкимтир оч бинафшаранг кўкариш темир етишмаслигини, сарғиш-жигар ранги эса қабзият, жигар, ўт пуфаги ёки буйрак касалликларига мойилликни билдиради.
  • Қовоқлар, кўзларнинг ости, юзларнинг шишиши қалқонсимон без фаолиятидаги бузилиш туфайли юзага келади. Без фаолиятининг бузилишига эса йод етишмаслиги ёки аутоиммун жараёни сабаб бўлади. Эндокринологга мурожаат қилиш лозим.

“Сўзловчи” ажинлар

Пешанадаги қисқа ва бўйлама ажинлар тушкунлик ва неврозга мойилликдан далолат беради.

Қошлар орасидаги ажин гайморитдан дарак бериши мумкин.

Пешана териси қалин ва унда чуқур ажинларнинг бўлиши буйраклардаги муаммолар билан боғлиқ. “Панжара”га ўхшаш ажинлар жигарида муаммоси бор, ҳаддан ташқари кўп овқатланадиган, гўштли таомларни хуш кўрадиган одамларда бўлади. Гўштни камроқ, сабзавот ва меваларни кўпроқ истеъмол қилиш ва таом миқдорини камайтириш ажинларнинг йўқолишига ёрдам беради. Пешанадаги ажин ранги оқарган бўлса, қон босими тушган бўлиши мумкин.

Кўзлар бурчагидаги ажинлар эшитишнинг пасайиши ҳамда мигренга мойилликда, шунингдек, ошқозон касаллигида кузатилади.

Юздаги диагонал ажинлар гипертония ва оёқлардаги қон айланишининг бузилиши билан боғлиқ, қаншардаги ажинлар — қовуқ ва буйрак касалликлари, бурун ва лаб атрофидаги ажинлар эса  ошқозон муаммоси билан боғлиқ.

Юқори лаб устидаги ажинлар эндокрин бузилишлар ёки қабзиятга олиб келувчи колитдан дарак. Пастки лаб ва ияк орасидаги чуқур ажин — ичак муаммосининг белгиси.

ДИЛОРОМ тайёрлади.