Чоршанба, 17 Oktabr 2018

Юраги тўхтаган қизча

Лейла Нордби, 15 ойли Эриканинг онаси кечаси уйғониб, қаттиқ қўрқиб кетди: ёнидаги каравотчада ётган қизчаси ғойиб бўлганди. Битта памперснинг ўзида бўлган қизча ота-онаси ухлаётганда қорга кўмилган кўчага чиқиб кетганди. Лейла қизини қидира бошлади ва кўча эшикнинг қулфи бузуқ бўлгани учун энага кетгандан сўнг яхши ёпилмаганини кўрди.

Уйдан чиққач, Лейла жажжи оёқчаларнинг қордаги изларини кўрди. Шу излардан юриб, қор уюмида ётган Эриканинг жонсиз танасига дуч келди. Ўша тунда ҳаво ҳарорати -24°С эди. Она дарҳол қизини уйга олиб кириб, “Тез ёрдам” чақирди ва мустақил равишда юрак-ўпка реанимациясини амалга оширишга уринди. Тиббиёт ходимларидан кейин полициячилар етиб келишди. Офицерлар Лейлани оналик мажбуриятини бажаришда лоқайдликда айблаб, 5 соат ушлаб туришди.

Эрикани бу орада касалхонага олиб боришди. Шифокорлар унинг юраги деярли 2 соатдан бери урмаётганини аниқлашди. Қизчанинг тана ҳарорати атиги +16°С эди. Қизчани иситишгач, жажжи юраги уриб кетди. Шифокорлар қаттиқ совқотгани учун оёқ-қўлларини кесишга тўғри келади, деб тахмин қилишганди. Яхшики, оёғида озгина тери кўчириб ўтказиш билан чекланилди.

Қизалоқ бутунлай соғайиб кетди, бир ярим ойдан сўнг унга уйга кетишга рухсат беришди. Ўша даҳшатли тун ҳақида эслатиб турадиган ягона нарса – тери кўчириб ўтказилгандан сўнг оёғида қолган кичкина чандиқ. Оёқ юзининг шакли ҳам бир оз ўзгарди, шунинг учун қизалоқ махсус пойабзал кийиб юришга мажбур.