Чоршанба, 19 Сентябрь 2018

Юксакликка йўлловчи зиё

Ҳаётнинг синовлари турфа хил. Инсон эса мана шу синов ва бардошларни доимо енгишга, улар устидан ғалаба қозонишга ҳаракат қилади. Тўхтовсиз курашади. Бу кураш натижасида инсонлик хислат ва фазилатлари ортиб боради.

 Илм  бепоён дарёдир

Инсон доимо нимагадир интилиб, курашиб яшаши керак. Бўлмаса, тубанлик ботқоғига чўкиб кетади. Бу ботқоқлик уни бутунлай ҳалокатга бошлаши, инсоний туйғулардан буткул узоқлаштириши мумкин. Илм эса инсонларни юксак марралар сари етаклайди. Зеро, илм юксакликка йўлловчи зиёдир. Мана шу зиё инсон умрини доимо ёритиб, нурларга тўлдиради. Ҳаётининг сўнгги нафасигача унга ҳамроҳ бўлади.

Инсонлар илмни ёшлигидан олмоғи лозим. Зеро, “Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақшдир” деб бежиз айтишмаган. Ҳар қандай замонда ва ҳар қандай даврда ҳам илмли инсонлар улуғ мартабаларга эришганлар. Чунки юксалишнинг энг муҳим сири илмдадир. Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в ҳам саҳобаларига ёши улғайганида ҳам илм ўрганинг, деб насиҳат қилган эканлар. Ҳадиси шарифларда: “Икки нарсадан ўзгасига ҳасад қилмоқ жоиз эрмас, кишига Аллоҳ таоло молу давлат берса-ю, уни ҳақ йўлида сарфлаётган бўлса, иккинчиси — Аллоҳ таоло инсонга илму ҳикмат ҳадя қилса-ю, у шу туфайли олий мақомга эришиб, бошқа инсонларга ҳам улашса ва ўргатса” дея ёзилган. Инсон илму ҳикматни фақатгина ўзи ўрганиб қолмасдан, балки ана шу илм нурлари билан бошқаларни ҳам баҳраманд қилиши керак эканлиги уқтирилади ушбу ҳадисда.

Навоий ҳазратлари ҳам ўзининг “Ҳайрат-ул аброр” (“Яхши кишиларнинг ҳайратланиши”) достонида илм ҳақида шундай мисраларни келтириб ўтади:

Кўнгли бўлуб маскани маъвойи илм,

Қатра киби пайкари дарёйи илм.

Кўнгли уйин илм этибон бир жаҳон,

Қатрада ул навки, дарё ниҳон.

Ушбу мисраларда айтиладики, илм кўнгилни маскан қилиб олади, инсоннинг бир қатра вужудини илм дарёсига айлантиради. Илм унинг кўнглини бир дарёга айлантириб, бир қатрага бутун бир дарёни яширади. Илм эса  бепоён дарёдир. Инсон унда хоҳлаганича сузиши, тўйиб-тўйиб симириши, ундан роҳатланиши, оқимга қарши чиқиши мумкин.

Тўсиқларни енгил ўтишда калит вазифасини ўтайди

Илмли инсонлар ҳеч қачон хору зор бўлмайди, дейишади. Чунки илм инсонга қалқон бўлади. Ҳаётида  пайдо бўлган ҳар қандай тўсиқларни енгиб ўтишда калит вазифасини ўтайди. Ҳар бир инсоннинг келажак калити ўз қўлидадир. Лекин ҳаётда қўлидаги калитни йўқотиб қўяётган инсонлар ҳам талайгина. Айниқса, бу ёшлар орасида тобора оммалашиб кетмоқда. Улар қўлларига китоб олишдан кўра кўпроқ телефон ёки компьютер олишни афзал кўришяпти. Натижада “интернет” аталмиш тўрнинг инсон онгини заҳарловчи домига ўзлари билмаган ҳолда илашиб қолмоқда. Бунинг сабаби нимада? Нега улар энг қимматли бўлган вақтларини кераксиз нарсаларга сарф этишяпти? Ахир инсоннинг ҳаётидан мақсад, мазмун бундан иборат эмас-ку?!

Тўғри, бугун ёшларимиз орасида китобларни электрон манбалар орқали мутолаа қилувчи ва турли билимларни ҳам айнан замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда эгаллаётганлари кўп. Аммо бутун дунёни домига тортаётган интернет тармоғидаги мавзуларнинг чексизлиги, энг ёмони, улар орасида миллий қадриятларимиз, одатларимизга ёт бўлган қарашларнинг мавжудлиги ҳар биримизни сергаклантиради. Боиси, ҳали ҳаётий тажрибалари етарли бўлмаган ёшларимиз ана шундай ёт ғоя ва фикр эгаларига эргашмайди, деб ишонч билан айта олмаймиз. Виртуал оламда эса чегара ва тақиқ қўйишнинг ўзи иложсиз.

Ёшларимиз бу борада мустақил фикрлай оладиган даражага етишлари учун уларни аввало илмнинг булоғи бўлган китобга дўст қилмоғимиз даркор. Китоб юксакликка чорловчи бир оҳанрабодир. У билан дўст тутинган инсон вақтини бекорга ўтказмайди. Илм шуъласидан куч-қувват олади. Ва янада илм ўргангиси келади. Бир шоир таъкидлаганидек:

Илмдан бир шуъла дилга тушган он,

Шунда билурсанким, илм бепоён…

Қачонки инсон илмни ўрганишга киришса, шундагина унинг қанчалар бепоён эканлигини англайди, унга бўлган муҳаббати ошади. Шунинг учун ҳам доимо илм олиш ва изланишдан тўхтамаслигимиз даркор. Улуғ бобомиз Мусо ал Хоразмий таъкидлаганидек, “Доимо ҳаракатда бўлиш керак. Чунки тўхтаганни ўтиргиси келади, ўтирганни ётгиси келади, ётганнинг эса ухлагиси келади”. Демак, доим илм ўрганиш, китоб мутолаа қилиш, бир сўз билан айтганда, маънавий дунёмизни бойитиш ҳаракатида бўлайлик, азизлар!

Зулфира ТЎРАҚУЛОВА,

АДУ филология факултети.