Пайшанба, 18 Aprel 2019

Йўтал ниманинг аломати?

Меъёрий рефлекс

Ўпкамизни мукоцилиар транспорт деб аталувчи ажойиб рефлекс ҳимоя қилади. Пастдан юқорига қараб, бронхиоллардан бронхларга, сўнг нафас йўллари бўйлаб ҳиқилдоққача минглаб майда қилчалар нафас йўлига тушган чанг заррачалари ва бошқа бегона моддаларни эстафета таёқчасидай бир-бирига узатади. Бу эса ўпкаларни ҳимоя қилади.

Аммо ўпкаларни тозалашнинг яна бир табиий механизми — йўтал. Кўкрак қафасининг кучли қисқаришлари нафақат майда чанг заррачалари ҳаракатини тезлаштириш, балки тизимни анча йирик ва ортиқча, масалан, шиллиқ моддалардан тозалаш имконини беради.

Ҳар доим ҳам инфекция белгиси эмас

Фақат эллик фоиз ҳолларда йўталга инфекция сабабчи бўлади. Иккинчи ўринда аллергик йўтал туради. Аллергеннинг нафас йўлларига тушиши бронхларнинг қисқариши ва шиллиқ модда ажралишининг ортишини келтириб чиқаради. Буларнинг иккиси ҳам йўталга сабабчи бўлади. Аллергик йўтал баҳорда, дарахтлар гуллаган вақтда кучаяди.

Дорилар билан босиш хавфли

Узоқ давом этган тумовда шиллиқ модда орқа девор орқали оқиб тушганида, унда бактериялар кўпайиб, трахеит ёки бронхит ривожланади. Агар мукоцилиар транспорт яхши ишламаса, бактериялар пастга, нафас пуфакча(альвеол)ларига тушиб, зотилжамни қўзғатиши мумкин. Шунинг учун шифокорлар балғамни суюлтирувчи дориларни белгилашади, унинг кўчишини енгиллаштирувчи ингаляциялар, елкани перкуссион усулда уқалашни тавсия этишади. Ҳатто йўтал жонингизга теккан бўлса ҳам, уни тўхтатиб туришга уриниш, уни марказий асаб тизими даражасида тўхтатувчи дориларни қабул қилиш асло мумкин эмас. Бу дорилар йўталга яллиғланиш сабаб бўлмаган ҳоллар учун мўлжалланган.

Икки ҳафтада ўтиб кетиши керак

Агар сиз шамоллаш, бронхит, ларингит, трахеит, зотилжам билан касалланган бўлсангиз, йўтал 14 кун давомида ўтиши керак. Баъзан яна бир неча кун қолдиқ кўринишлари қисқа йўтал ҳолатида кузатилиши мумкин. Агар бундай бўлмаса, шифокорга мурожаат қилиб, текширувдан ўтиш лозим.

Эски усуллар амалда

Йўтални даволашнинг банка, ханталли қоғоз қўйиш каби эски усуллари барчага маълум. Уларнинг таъсири икки даволовчи —рефлектор ҳамда механик омилларга асосланган бўлиб, шу туфайли кўкрак қафаси ва ўпкаларнинг қон билан таъминланиши кучаяди.

Яллиғланган аъзоларга бактерияларни ўлдирувчи лейкоцитларга бой қон кўп миқдорда келади. Шамоллашда бу соғайишни тезлаштиради.

Антибиотиклар кашф қилинганидан кейин бу воситалар ҳақида бир вақтга унутилди, аммо вақт ўтиши билан уларга қизиқиш яна орта бошлади. Чунки улар иложи бўлса қўшимча таъсири бўлган дориларни қабул қилмай соғайишга ёрдам беради.

Хламидия ва микоплазма

Сўнгги йилларда хламидияли ва микоплазмали зотилжам ҳолатлари кўпайди. Улар иситмасиз ва заҳарланиш ҳолатларисиз кечади. Хавфли касалликнинг ягона аломати йўтал бўлиши мумкин. Шу билан бирга йўтал силнинг ҳам ягона белгиси бўлиши мумкин. Шунинг учун агар аллергия мавсумидан бошқа пайт сизни икки ҳафтадан ортиқ сабабсиз йўтал безовта қиладиган бўлса, албатта, шифокор кўригидан ўтинг.

Сабабсиз йўтал гастроэзофагеал рефлюкс белгиларидан бири бўлиши мумкин. Бунда ошқозондаги нордон модда қизилўнгачга ўтиб, унга таъсир кўрсатади.

 Ханталли қоғоз ва малҳам(пластир)лар шамоллашда ортиқча дориларни қабул қилмаган ҳолда соғайишга ёрдам беради.

ЖАСУР тайёрлади.