Душанба, 17 Декабрь 2018

Йўқотиш (Ҳикоя)

— Ҳали бир хонани йиғиштириб улгурмай, яна бир хонага ўйинчоқларингни ёйдингми? Нима, менинг иккита эмас, тўртта қўлим борми? Ҳали кир ювишим, овқат қилишим  керак…

Зулайҳо пешонасини тасма билан боғлаб, ихчамгина спорт услубидаги кийим кийиб олганича у хонадан бу хонага югургилаб, якшанба юмушларини саранжом қилишга уринар экан, иш ичида иш чиқараётган қизчаси Мадинани койиди. Мадина эса ойиси унинг қўшни уйда турадиган, бирга боғчага қатнайдиган ўртоғи Дилсорани уйга киритмаганидан  хафа, шунинг аламига бўлса керак, ўйинчоқларини сочиб ташлаган эди. Йўқ, Зулайҳо қизига тўғридан-тўғри “Дилсора  бизнинг уйга кирмасин”, — демади. Шунчаки  Мадина эрталабдан “Ўртоғимни олиб келаман”, дея хархаша бошлаган эди:

— Ўзи ҳафтада биргина дам олиш куним бор. Шундаям одамларга ўхшаб кино, театрга бормасам, “гап”ларга юрмасам… Лаоқал уйда оёғимни узатиб бирпасгина ёта олмайман. Даданг-ку, кўча-пўчага чиқиб, озгина мени ўз ҳолимга қўймасдан эрталабдан телевизор олдига михланиб олади. “Зулай, чой обке!”, “Зулай, дастурхонни йиғиштир!”, “Онаси, иккита болиш узатиб юбор!” деб ўтирган жойида буйруқ бергани-берган! Сен ҳам ўзингнинг хархашанг етмагандек, ўртоғингни бошлаб келмоқчимисан? Нега доим у бизникига келиши керак? Сен бирор марта уникига чиқмайсан, — дея жавраб берди. Мадина бир ёқда қолиб, “гап коптоги”ни эрига отгани учун бўлса керак, Саид ҳам (ўзи сап-сариқ эмасми) қип-қизариб, тепа сочлари тиккайди:

— Бунча эрталабдан қалампир чайнаган эчкидай сакрайсан? Нима биров сенга “Уй йиғиштир, кир юв, овқат қил!” деб тепангда калтак кўтариб турибдими? Бошингда қайнананг бўлмаса, ўзинг хон, кўланканг майдон бўлсанг… Битта телевизор олдида ўтирганимга  шунча гапми? Жон демайсанми? Нима, мен ҳам баъзи эркакларга ўхшаб, иккита уй қилиб олайми? Шу керакми сенга?

Зулайҳога эрининг гаплари ортиқча бўлди. “Жаҳли чиқди, шекилли,  тилимни тийиб қўя қолай”, демасдан, лабларини чўччайтириб аразлаб ўтирган қизига ҳам қарамай, заҳрини сочишни давом этди:

— Вой вой-ей, кулгимни қистатманг! Аввал битта уйни эплаб олинг. Бир йилдан буён “Кир машина олиб беринг. Ҳозир кир машина олмаган одамнинг ўзи йўқ. Ҳатто анави ишчилар ётоқхонасида турадиганлар ҳам қўлида кир ювмайди”, деб жаврайман. “Кир ювиш — физкультура, бўлмаса, лапанглаб семириб кетасан!” деб қутиласиз. Икки уйли бўлишни орзулаган эркак шанба, бозор ҳам ишлайди. Аввал сандиғини жарақ-жарақ пулга тўлдириб қўйиб, кейин орзу қилади…

Эҳтимол, Зулайҳонинг жағи ҳали-бери ёпилмасди, Саид олдида турган хонтахтани мушти билан шунақа урдики, дастурхондаги чойнак-пиёлалар сакраб кетди:

— Бўлди  қиласанми, ё?

— Билганингиз — шу! Кучингизни кўрсатиб, оғзимни ёпасиз, — деди Зулайҳо ва эшикни “тарс” ёпиб, ошхонага ўтиб кетди. Бир оз кўз ёши ҳам қилиб олди. Сал енгиллашгандай бўлиб, яна юмушларига андармон бўлган эди, энди муштдай қизчасининг тўнини тескари кийиб олганини кўриб, яна оловлана бошлади.

Ахир унинг бу уйда бировдан тили қисиқ жойи борми? Уйни қайната-қайнанаси олиб берган бўлса, барча анжомлари — супургисидан тортиб қандилигача ўзининг ота-онаси олиб берган. Бунинг устига, баъзи хотинларга ўхшаб, ўлигини эрига ташлаб, ялпайиб ўтириб олгани йўқ. Ўрта маълумотли бўлса-да, ишини топиб олган: ҳафтанинг олти кунида ишлайди.

— Мади, тур, ўйинчоқларингни йиғиштир. Мени онам сизларга хизматкор қилиб туққанмас! Менинг ҳам жоним ўзимга керак!

Зулайҳонинг яна овози чиқиб қолгани Саидга ёқмади, шекилли:

— Ўзи сени олти кун эмас, етти кун ишлатадиган корхонага ишга бериш керак. Ана ўшанда давлатнинг ишини ҳам, уйни ҳам бинойидек эплайсан. “Ҳа” дегани ҳолинг қолмаса, асабга ҳам тегмайсан, — деди-да, қизига юзланди: — Тур, қизим, ойинг б-и-и-р тўкилиб жавраб, хуморини ёзиб олсин! Биз кўчани айланиб келамиз.

Мадина дадасининг шу гапини кутиб тургандек, “дик” этиб ўрнидан турди.

— Ёмғир ёғай деб турибди. Агар артиб-суртиб қўйганим — оёқ кийимингни ифлос қилиб келсанг, уйга киритмайман, — деди Зулайҳо эрига ортиқча гап қила олмаса-да, қизчасига. Мадина бир хўмрайди-ю, жавоб бермади.

***

— Мадина қани? — ҳайрон бўлиб сўради Зулайҳо ёлғиз кириб келган эрини кўриб.

— Ўша заҳотиёқ ёмғир қуйиб юборгани учун уйга киритиб юборганман… — деди плашини кираверишдаги илгичга илаётган Саид.

— Ҳазиллашманг! Мадина ўша, сиз билан чиқиб кетганича қайтиб кирмади. Ўзингиз болани ташлаб қаёққа кетдингиз? Зўрға турган экансиз-да, “хотиним бир нарса десаёқ чиқиб кетаман”, деб…

— Нима қилай бўлмаса? Сенинг заҳар гапларингни эшитиб, асабим ўйнагандан кўра, гузарга чиқиб, чоллар билан шахмат ўйнадим. Ошларига ҳам таклиф қилишди-ю, уялдим. Қорним пиёзнинг пўсти бўлиб кетди лекин… Кўп гапирмай, овқат суз…

— Икки соатдан буён Мадина қаерда юрган экан? Кўчада ёмғир бўлса…

— Ўртоғиникига киргандир, қаергаям боради… Келиб қолар…

Эр-хотин бир-бирига қарамай, жимгина ўтириб овқатланишди ҳамки, Мадинадан дарак бўлмади.

Зулайҳо унинг Дилсора ўртоғиникига қўнғироқ қилди. “Йўқ, бизникига келмади” деган жавобни эшитиб, тарвузи қўлтиғидан тушди.

— Вой, тавба! “Уйга кир” деб, ўзингиз иссиқ жойга кириб кетаверганингизни қаранг! Қўлидан етаклаб уйга олиб кириб қўйиб, кейин бормайсизми борар ерингизга? — деди бўғилиб Зулайҳо, яна кимларгадир қўнғироқ  қиларкан.

— Ўзи эрталабдан толшохдаги ҳаккадай сайрашни бошлаган бўлсанг… Она бўлиб болангни бағрингга босиб эркаламасанг, доим  пешонанг тиришган, лабинг буришган, “Чарчадим”дан бошқа  сўз билмайсан. Бола ҳам безор бўлиб кетгандир-да бир жойга!

— Вой, қайга кетади? Муштдай бола қаерга боради ёмғирда? Нима мен ҳавасга жаврайманми?  Чарчайманки, “чарчадим” дейман…

— Бўлди! Яна бошлама! Қизни топиш керак-ку, ахир!

Эр-хотин кийиниб, соябон тутиб, кўчага чиқишди. Қуёш чарақлаб ётган бўлса эканки, болалар майдончасиданми, хиёбонданми ахтарсанг… Атрофда одам сийрак эди. Борлари ҳам соябон тутиб олиб, ёмғирда сайрга чиққан кексалар…

— Интернет-кафега кирдимикин? — деди Зулайҳо бир-икки шу яқин атрофдаги дўконларга кириб, суриштириб чиқишгач.

— Ҳали бўйи ўсмай, тупуги қотмай, интернет-кафеларга кириб юрибдими? Шулар учун пул бериб юрибсанми? — Саид тутақиб кетди.

— Йўқ, дадаси. Мен унинг интернет-кафега кирганини бир мартаям кўрганим йўқ. Фақат қаердан ахтаришни билмаганим учун эсимга  келган жойни айтдим-да, — деди Зулайҳо йиғламсираб.

Эр-хотин икки-уч кўчани айланишди, очиқ эшик борки, киришди. Қизил куртка кийиб, оппоқ қалпоғининг қўнғироғи елкасига тушган, бўйи  атиргулнинг бўйидек  келадиган қизалоқни ҳеч ким кўрмаган эди.

— Э, худойим, ерга кирдими, осмонга учдими? Ё автобусга ўтириб, қишлоққа, онамларникига жўнаб кетдимикин? — деди Саид. Ҳатто, қўнғироқ қилмоқчи эди, Зулайҳо:

— Тўхтаб туринг, уларни ҳам хавотирга қўймайлик. Онангизнинг қон босими бор, бирор кори ҳол бўлмасин, — деб эрини тўхтатди. Бунинг устига, ўзлари бир аҳволда уйларига қайтиб, остонада  туришса, қўни-қўшнилардан баъзи ваҳимачироқлари: “Ўзи болага ҳушёр бўлиш керак-да. Ана, газетада ёзишибди, бола ўғрилари чиққанмиш…”, “Эвазига пул сўрашармиш…” деган гапларни айтиб, баттар юракларига титроқ солишди.

— Мен айбдорман, Саид ака… Ҳамма аёл ҳам овқат қилади, кир ювади… Уй йиғиштиради… Тилим қурсин, менинг. Тилимни кесиб, итларга ташланг!.. — деди юрак-бағри ўртаниб Зулайҳо.

— Мен ҳам ой эмасман. Чарчаганингни била туриб, сал қарашиб юборсам бўларди, нимагаям зарда қилдим? Мадина бизнинг жанжалларимиздан безор бўлиб қаергадир қочиб кетган…

Эр-хотин ҳувиллаб ётган уйларига киришга юраклари дов бермай, остонада  туришар экан, биринчи қаватда — икки уй орасидаги  хонадан (бу хонада орқа тарафга эшик бўлиб, у иккала хонадонга ҳам тегишли эди, лампочкаси қуйиб қолгани учун кўпдан қоронғи бўлиб ётарди) овоз эшитилгандек бўлди. Эр-хотин баравар ўша тарафга чопишди. Саид бир тепиб, михлаб қўйилган орқа эшикни очиб юборди. Бурчакдаги замбилғалтакда… Мадина ухлаб ётарди. Саид қизчасини авайлаб кўтариб олди. У кўзини ярим очиб:

— Оёғим… — деди.

Зулайҳо эрининг қўлида осилиб бораётган қизининг оёқларига қаради: ботинкаси лойга ботган, кир эди… Ўзининг “Оёғингни ифлос қилиб келсанг, уйга киритмайман”, дегани эсига келди.

— Зарари йўқ, қизим, ботинкангни ҳозир тозалайман, — деди…

Қутлибека РАҲИМБОЕВА.