Сешанба, 19 Июнь 2018

Йўл қоидалари: жаримага тобингиз қалай?

Ҳар қандай ҳайдовчи ҳам йўлда учраши мумкин бўлган турли ҳолатларни шошилмасдан, тўғри ва оқилона баҳолаб ҳаракатланишга йиллар давомида кўникма ҳосил қилади. Бунинг учун  аввало йўл ҳаракати қоидаларини мукаммал ўрганиш ва хавфсизлик талабларини чуқур англаши керак. Чунки содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, фалокатларнинг аксариятига тажрибаси етарли бўлмаган, билимсиз ҳайдовчилар сабабчи бўлади…

 Диққат: “тақиқланади”

Барча қоидаларга кўра, машина бошқарувига маст ҳолда ўтириш тақиқланади. Шу боис машина бошқарувида ўзи ва бошқаларнинг ҳаётига хавф солувчи ҳар қандай ҳолатлардан тийилган маъқул.

Хавфсизлик камарини тақиб олинг. Бу йўлдаги кутилмаган ҳодисалардан жароҳатланишдаги хавфни анча камайтиради.

Автомобилнинг қорайтирилган ойналари этика қоидаларига ҳам тўғри келмайди. Кўзга ташланадиган даражада ажралиб туриш яхши эмас. Қора кўзойнак таққан киши ҳаммада эҳтиёткорлик туйғусини уйғотганидек, бундай автомобиллар ҳам кишилар эътиборини  тортади.

 Ҳамма жой ҳам “стоянка” эмас…

Ҳайдовчиларимизнинг аксарияти эҳтиёж юзасидан вақтинчалик тўхташ жойлари (“стоянка”лар)дан фойдаланади. Лекин бу “кенг майдон”нинг фаолияти аслида қонунийми, у қандай талабларга жавоб бериши керак, каби саволларга кўпчилигимиз унчалик ҳам эътибор бермаймиз.

Бозор атрофлари, йирик савдо мажмуаларига ёндош ҳудудларда бугунги кунда автоуловлар учун тўхташ жойлари ташкил этилаяпти. Аммо уларни ҳали етарли деб бўлмайди. Аксарият бозорлар атрофидаги йўл четларида қўлини у ёқдан бу ёққа айлантириб, машинани қўйиб кетишга чорлаётганларни кўп учратамиз. Кўпчилигимиз бу ер “стоянка” эмаслигини билсак-да, индамай пул ҳам тўлаймиз. Аммо автомашиналарнинг вақтинчалик тўхташ жойлари учун маълум меъёр ва талаблар белгиланганини биламизми?

 Автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойи қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

  • – сирти қаттиқ қопламали, ёритилган, ахлатларни йиғиш учун контейнерлар, ёнғинга қарши воситаларга эга бўлиши;
  • – ҳудудга кириш ва ундан чиқиш учун махсус ажратилган жойлар бўлиши;
  • – атрофи ўралган, махсус ажратилган кириш (чиқиш) жойини айланиб ўтиб, ҳудудга кириш (ундан чиқиш) имконини бермайдиган бошқа тўсиқларга эга бўлиши;
  • – агар ҳудуд автомашиналарни бир неча қатор қилиб жойлаштиришга мўлжалланган бўлса, тасмаларга (полоса) ажратилган бўлиши;
  • – ажратилган кириш (чиқиш) жойига туташ, кўринарли жойда назоратчи-кассирнинг хона (будка)си, унинг ташқи томонида йирик ҳарфлар билан автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш тарифлари ва шартлари тўғрисидаги ёзувлар бўлиши;
  • – ногиронлар учун махсус жиҳозланган (камида иккита) жой мавжуд бўлиши шарт.

Шундай экан, ушбу талабларга тўла жавоб бермайдиган ҳар қандай жойни “автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш учун пуллик жой” сифатида тан олмасликка ҳақлисиз.

 Тўхтаб тўриш қоидасини бузманг

Айрим ҳайдовчилар “темир тойчоқ”ларини мумкин бўлмаган жойларда, пиёдалар йўлаклари, бекатларда, кириш-чиқишни жойларини тўсиб, бошқа автомашиналарнинг ҳаракатланишига халақит берган ҳолда йўл четларига қўйиб кетадилар. Шу билан муаммо ҳал, деб ўйласангиз, хато қиласиз. Қоидабузар ҳайдовчини ЙПХ ходими кутаётган бўлса, каттагина жаримасиз иш битмайди.

“Йўл ҳаракати қоидалари”да пиёдалар учун мўлжалланган йўлакларда автомашинада ҳаракатланиш ҳам, тўхтаб туриш ҳам тақиқланган.

 “Зебра”да эҳтиёт бўлинг

Пиёдаларнинг ҳаракатланишлари учун қулайлик яратиш, хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўлларга турли йўл белгилари ўрнатилади, махсус чизиқлар чизилади. Айниқса, пиёдаларнинг ўтиш жойларида (оддий айтганда “зебра”) содир этилган қоидабузарликлар нозирлар томонидан сира кечирилмай, дарҳол жазога тортилади.

“Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 14.4.-бандида нафақат пиёдаларнинг ўтиш жойларида автомашинани тўхтатиш, балки “зебра”гача 5 м, ундан ўтиб яна 5 м масофагача автомашинани тўхтатиш тақиқланади. Бекатлардан 15 м масофа оралиғида машиналарни тўхтатиш, йўловчи олиш ва тушириш ҳам “Йўл ҳаракати қоидалари”га зиддир.

ШОҲЖАҲОН тайёрлади.