Душанба, 18 Ноябрь 2019

Йўл белгилари нимадан сўзлайди?

Инсоният ер юзига илк бор қадам қўйган кундан бошлаб йўл юришга киришган ва буни қулайлаштириш учун турли воситалардан фойдаланиб, хилма-хил янгиликлар ихтиро қилиб келган. Бу жараён бугунги кунгача муваффақият билан ўсишда давом этиб келмоқда. Хусусан, XXI аср инсоният тарихида транспорт воситаларининг энг олтин даври бўлганига шубҳа йўқ.

Умуман, турли кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш учун йўл ҳаракати қоидалари ва белгиларини мукаммал ўрганиб, уларга риоя этиш ҳар бир ҳайдовчи ва йўловчи учун жуда муҳимдир.

2010 йилнинг ноябрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2011-2020 йилларни “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга оид ҳаракатларни таъминлаш ўн йиллиги” деб эълон қилиниши ушбу мавзуга доир муаммоларнинг бутун дунё бўйлаб кенг қулоч очгани ва уларни ҳал қилишда кенг кўламда ишлар олиб бориш долзарблигидан дарак беради.

Биласизми?

Америкалик Уильям Фелпс илк йўл ҳаракати қоидаларини ишлаб чиққан эди. Аммо унинг ўзи ҳеч қачон рулга ўтириб, машина ҳайдамаган.

Дунё бўйича ҳайдовчилар ўртасида энг тарқалган ишора — бир-бирига ёрдам бериш учун фаралар ёрдамида кўз қисишдир.

 ЙЎЛ БЕЛГИЛАРИ

Йўл белгиларидаги графиклар, техник тафсилотлар илк бор 1968 йилда Венада ўтказилган “Йўл белгилари ва сигналлари ҳақидаги конвенция” ҳамда бу конвенцияни тўлдирувчи Европа келишуви (1971 йил, Женева) талабларига кўра ишлаб чиқилган.

Ўзбекистонда 2001 йилда халқаро меъёрлар асосида ва маҳаллий шароитни ҳисобга олган ҳолда, “Йўл ҳаракати қоидалари” ишлаб чиқилди. Бу қоидаларга йўл белгиларининг асосий 7 гуруҳи киритилди. Булар қуйидагилар:

Огоҳлантирувчи белгилар. Бу белгилар йўл ҳаракати қатнашчиларига йўлнинг ҳаракатланишда вазиятга қараб чора кўришни талаб қиладиган хавфли қисмларнинг жойлашуви ҳамда уларнинг хусусиятлари тўгрисида маълумот бериш учун қўлланилади.

Имтиёз белгилари. Чорраҳаларда, алоҳида жойлашган қатнов қисмлари кесишган жойларда, шунингдек, йўлнинг тор қисмида йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳаракатланиш навбатини белгилаш учун қўлланилади.

Тақиқловчи белгилар. Йўл ҳаракатига маълум чекланишлар киритиш ёки уларни бекор қилиш учун қўлланилади.

Буюрувчи белгилар. Транспорт воситаларига кўрсатилган йўналишда ёки фақат маълум йўналишларда ҳаракатланишлари лозимлигини буюради.

Ахборот-ишора белгилари. Ҳаракат қатнашчиларига йўлдаги ҳаракат тартиби хусусиятлари ҳамда аҳоли яшайдиган жойлар ва манзилларнинг жойлашуви ҳақида маълумот бериш учун қўлланилади.

Сервис белгилари. Транспорт воситалари, йўловчилар ва ҳайдовчиларга хизмат кўрсатиш жойлари ҳақида маълумот бериш учун қўлланилади.

Қўшимча ахборот белгилари. Қўшимча ахборот белгилари улар билан биргаликда қўлланган белгиларга аниқлик киритиш ёки уларнинг таъсирини чеклаш учун қўлланилади.

 Ҳайдовчиларда ўзаро ҳурмат уйғотиш учун…

Яқин йилларда Европанинг айрим шаҳарларида кўчалардан йўл ҳаракати белгилари олиб ташланди. Бу Европа Иттифоқининг лойиҳаси доирасида амалга оширилди. Шу тариқа кўҳна қитъанинг 7та жойида йўл белгиларидан бутунлай холи бўлган шаҳарлар пайдо бўлди. Мутахассисларнинг фикрича, сон-саноқсиз йўл ҳаракати белгиларидан воз кечилса, транспорт ҳодисаларининг сони камайиб, ҳайдовчилар ҳам бир-бирларига ҳурмат билан муносабатда бўлишни ўрганадилар. Энг асосийси, йўлларда пиёдаларга бўлган муносабат ижобий томонга ўзгариши мумкин.

 Хулоса ўрнида

Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишдан аввало ҳар бир инсоннинг ўзи манфаатдор. Йўллар қанчалик текис ва равон, йўл белгилари ўз ўрнида ўрнатилган, автомобиллар соз, ҳайдовчи малакали ва қоидаларга қатъий риоя этса, йўлда учрайдиган турли нохуш ҳолларнинг олди олинади. Йўлингиз бехатар бўлиши учун йўл қоидаларига риоя қилинг!

ШОҲЖАҲОН тайёрлади.