Жума, 20 Сентябрь 2019

Ўйинчоқ шаҳзода (Эллери Куин )

Ҳикоячиларнинг ёзилмаган қонуни бор, унга кўра, Рождество билан боғлиқ ҳикояларда доим болалар бўлади. Бу ҳикоя ҳам истисно эмас. Болаларни ёмон кўрадиганлар, ҳойнаҳой, бизни ошириб юборишибди деб шикоят қилишади. Аввалдан шуни ҳам тан оламизки, ҳикоямизда қўғирчоқлар ва албатта Санта-Клаус бўлади. Албатта, ўғри ҳам. Усиз бўлармиди!

Ситерия Ипсоннинг қўғирчоқлар тўплами катта тарихий қийматга эга эди. Унда ҳамма нарса бор эди — Монтесуманинг афсонавий ўйинчоқлари ҳам, қиролича Викториянинг қўғирчоқлари ҳам, таниқлилик бобида ундан қолишмайдиган Евгения Филднинг қўғирчоқлари ҳам. Бундан тўлиқроқ қўғирчоқлари тўплами билан на Метрополитен музейи, на Кенсингтон музейи, на Бухарестдаги кўҳна сарой тўплами мақтана оларди.

Мисс Ипсоннинг қўғирчоқлари адвокат Жон Сомерсет Болдингнинг 23 декабрда Куинларникига ташриф буюришига сабаб бўлди. Рождество арафаси ота-ўғил Куинларникига ташриф буюришга маъқул пайт эмас. Инспектор Ричард Куин Рождествони ҳамма қоидаларга кўра — курка ва байрам дастурхонининг бошқа мажбурий аломатлари билан нишонлашни ёқтирарди. Ўғли Эллери совғаларга жавобгар эди. Рождестводан бир ой олдин ноодатий ўров қоғози, чиройли тасмалар, бадиий безатилган плакатлар излашни бошлар, сўнгги икки кунни эса шоҳ асар — совға яратишга бағишларди.

Адвокат Жон С. Болдинг келганда, пешбанд боғлаб олган инспектор Куин қўллари тирсагигача зираворларга беланган ҳолда ошхонада куймаланар, Эллери эса хонасига қамалиб олганча ялтироқ қизил зар қоғоз, яшил муҳайяр тасма ва қарағай ғуддаларидан ажойиб симфония яратарди.

— Менимча, бу фойдасиз, жаноб Болдинг, — елка қисди Никки ташриф қоғозини кўздан кечириб.

— Унга Болдинг, Парк-Роу кўчмас мулки битимлари бўйича адвокат келди, деб айтинг, — деди меҳмон ҳўмрайиб. — Мен ҳақимда эшитган бўлса керак.

Болдинг ҳақ бўлиб чиқди. Инспектор меҳмон ҳақида эшитиб, ошхонадан чиқди, Эллери эса — хонадан.

— Менга бошқармадан қўнғироқ қилиб, кимдир келиши кераклигини айтишди, — деди инспектор ортиқча иштиёқсиз, адвокатнинг қўлини сиқаркан. — Рўмолчани олинг. Курка жигари билан қўлингизни ифлос қилиб қўйдим деб қўрқаман. Ўғлим билан танишмисиз? Котибаси мисс Портер билан-чи? Хўп, гапиринг, нима содир бўлди, жаноб Болдинг?

— Инспектор, мен ҳозир Ситерия Ипсон иши билан шуғулланяпман ва мен…

— Ситерия Ипсон, — бош ирғади катта Куин. — Ў, ҳа. У яқиндагина вафот этди.

— …ва мен унинг “қўғиртўплами”, қўғирчоқлар тўпламидан тезроқ қутулишим керак. У ўттиз йилга яқин қўғирчоқ тўплаган. Васиятномага кўра, қўғирчоқларни кимошди савдода сотиш ва тушган пулни етим болалар учун жамғарма ташкил қилиш керак. Оммавий савдо Янги йилдан сўнг ўтказилади. Аммо экспонатлар фақат унинг ўзига ўхшаганлар учун қимматли деб қўрқаман. Ҳаммаси, биттасидан ташқари.

— У қандай экспонат экан, жаноб Болдинг?

— “Ўйинчоқ шаҳзода”, — деб ўқиди адвокат пальтосининг каттакон чўнтагидан қалин каталогни чиқариб. — “Ноёб қўғирчоқ. Бўйи саккиз дюймли кичкина шаҳзода ҳайкалчаси. Фил суягидан ясалган, ҳақиқий оқсичқон териси, парча ва бахмалдан тикилган сарой либоси кийдирилган. Камарида тантанавор тилла қилич осилган. Думалоқ олтин тожга 49 қиротли мовий олмос қадалган. 110 минг долларга баҳоланган”. Бу — тўпламдаги сотиш мумкин бўлган ягона экспонат. Биласизми, қари хоним нима қилибди? Васиятномага тўплами Рождестводан бир кун олдин “Нэш” универмагининг асосий қаватида умумий намойишга қўйилиши ҳақидаги бандни киритибди. Рождестводан бир кун олдин, жентльменлар! Тасаввур қила оласизми? Биласизми, Рождество арафасида “Нэш”га қанча одам ташриф буюради? Менинг ошпазим, жуда художўй аёл, у ерда Армагеддон бўлади, дейди.

— Хавфли, — маъқуллади инспектор Куин тунд қиёфада. — Кўргазма Нью-Йоркнинг ҳамма муттаҳамларини жалб қилади.

— Афсуски, бу ҳали ҳаммаси эмас, инспектор Куин, — деди Жон Болдинг даҳшатга тушиб. — Эрта тонгда идорамда Комус пайдо бўлди. У столга ташриф қоғозини ташлаб, эртага “Нэш”дан ўйинчоқни ўғирламоқчилигини хотиржам маълум қилди.

— Кўриниши қандай эди? — дарров асабийлашди инспектор.

— Хорижликка ўхшайди, соқоли қора, буткул бошқача талаффузда гапиради. Азбаройи довдираб қолиб, тафсилотларга эътибор бермадим.

— Ҳар доимгидек, — норозиланиб тўнғиллади катта Куин. — Гувоҳлар ўша сурбетнинг фақат соқоли ва хорижий талаффузини эслай олишяпти. Қўшиламан, жаноб Болдинг, агар ўйинда Комус иштирок этаётган бўлса, иш жиддий. Тўплам ҳозир қаерда?

— 43-кўчадаги “Лайф-банк” сейфида. Уни эртага еттию ўттизда олиб чиқиб кетишади, деб келишиб олдим.

— Дўкон тўққизда очилади, — деди Эллери ўйланиб. — Ҳаммасини ташкиллаштириш учун вақт жуда кам.

Адвокат кетгандан сўнг Куинлар эртанги кун ҳаракатлар режасини ўйлашга ўтиришди, кейин инспектор ётоқхонасига кириб қолиб кетди — у ерда полиция бошқармаси билан бевосита боғлайдиган телефон бор эди.

— Сизларни Бастилияни қўриқламоқчи деб ўйлаш мумкин, — тўнғиллади Никки. — Ким ўзи у Комус?

— Номаълум, — елка қисди Эллери. — Унинг на суратлари бор, на бармоқ излари. Бу сурбет ва жуда ақлли фирибгар беш йилча аввал пайдо бўлган. У санъат асарларига ихтисослашган, доим жиноят жойида ўзининг ташриф қоғозини қолдиради. Комус — бошқа қиёфага киришга уста ва жуда яхши актёр. Ўйлашимча, у Қўшма Штатлардаги энг хавфли ўғри. Билишимча, Комус биринчи марта режасини аввалдан маълум қиляпти. Ҳеч қачон ҳеч нимани сабабсиз қилмаган экан, Болдингнинг ишхонасига эрталабки ташрифидан бирон мақсад бўлиши керак…

Эрта тонгда Куинлар, Болдинг ва Никки Портер 43-кўчада жойлашган “Лайф-банк” олдидаги йўлкада туришарди. Қуролланган соқчиларнинг иккита қатори кириш йўли ва “қўғирчоқтўплам” экспонатлари тез олиб чиқилаётган зирҳли машина ўртасида йўлак ҳосил қилганди. Атрофда, тонг бўлишига ва кишининг ич-ичига ўтиб кетадиган шамол эсишига қарамай, томошаталаблар тўдаси тўпланганди.

Қўғирчоқларни машинага ортишаркан, Никкининг ёнига Санта-Клаус кийимидаги одам келиб, конверт берди-да, одамлар орасига кириб ғойиб бўлди. У Эллери Куинга аталганди. “Азиз Эллери! — деб ёзилганди кичик қоғоз парчасида. — Наҳотки менга ишонмайсиз? Ахир қўғирчоқни “Нэш”дан ўғирлаб кетаман, дедим-ку. Ва мен буни бажараман. Сизнинг Комусингиз”.

Универмагнинг кўргазма бўлимидан тўртта катта пештахта олиб, уларни квадрат шаклида улашди. Марказда баландлиги олти фут келадиган платформа ўрнатилди. Пластмасса пештахталарда мисс Ипсоннинг қўғирчоқлари узун қатор бўлиб тизилди. Юқорида дубдан ясалган катта курсида сержант Вейли Санта-Клауснинг қизил кийимида ўтирарди.

Қўғирчоқларни ҳар томондан ойнаванд витриналар қуршаб турарди. Ичкарига фақатгина қулфланган ойнаванд эшикдан кириш мумкин эди. Унинг калити Эллери Куиннинг шимининг ўнг чўнтагида сақланарди.

Чоракта кам тўққизда фуқаро кийимидаги 24 нафар полициячи девор бўйлаб ўз жойларини эгаллашди. Эллери чўнтагидан ўйинчоқ шаҳзодани чиқариб, лейтенант Фарбер, қимматбаҳо буюмлар бўйича полиция бош мутахассисига кўрсатди.

— Қўғирчоқнинг ўзига баҳо беролмайман, албатта, — деди Фарбер лупани чўнтагига тиқиб, — аммо олмос — ажойиб. Уни бемалол 100 минг долларга, ҳатто ундан кўпроққа сотиш мумкин.
Эллери қўғирчоқни қора бахмал билан қопланган қутичага солди-да, сержант Вейлининг йирик оёқлари орасига қўйди. Кейин ойнаванд девор ортига ўтиб, эшикни қулфлади…

Комус бор кучи билан Куинга берган сўзининг устидан чиқишга уринарди.

11:18да кўргазмага оёғида зўрға турган чол билан кичкина бола яқинлашди. У “узоқни кўролмайдиган невараси қўғирчоқни яхши кўра олиши учун” изқуварларнинг бирини эшикни очишга кўндиришга уринди. Изқувар: “Бу ўша!” деб бақирганда, чол болани қўйиб юбориб, ёшига ярашмайдиган чаққонлик билан оломон орасида ғойиб бўлди. Аниқланишича, у онасини йўқотиб қўйиб йиғлаётган болага йўлиққан ва унга онасини топишга ваъда берган.

13:46да сержант Вейли фалокат деб ишора берди. Ҳожатхонага боргиси келиб қолибди. Эллери уни чиқариб юборди-да, дарров эшикни ёпди. Новча сержант эркаклар ҳожатхонаси томон отилди.

Вейли ўн беш дақиқадан кейин ҳам, ярим соатдан кейин ҳам қайтмади. Унинг кетидан жўнатилган полициячи ҳожатхонада унинг йўқлигини айтиб келди. Сержант 14:35дагина қайтди.

— Вейли! — деб бўкирди инспектор. — Қаерда эдингиз?

— Тушлик қилдим, — деб тўнғиллади сержант ниқоб остидан. — Ҳатто постда ҳам очликдан ўлиш ниятим йўқ.

Сўнгги нохуш ҳодиса 16:22да юз берди. Кўргазмадан эллик футча наридаги яхши кийинган аёл тўсатдан: “Ушланглар уни! Ўғри! Сумкамни олиб қочди!” деб бақириб юборди. Аввалига изқуварлар уни аёл кийимини кийиб олган Комус деб ўйлашди, лекин жабрдийда чиндан ҳам ожиза эканлигига амин бўлгач, Комус семиз одамдек кийиниб олиб, сумкани олиб қочиб, эътиборни чалғитмоқчи, деган хулосага келишди.

Соат 17:30га бонг урганда, харидорлар чиқиш эшиги томон юра бошлашди. Кўп ўтмай универмагнинг бош қавати бўшаб қолди. “Нэш” ходимлари ҳам тарқала бошлашди.

— Қаерга кетяпсиз, Вейли? — сўради инспектор, сержант эркаклар ҳожатхонаси томон йўл олганда.

— Бу ярамас нарсани қаердадир ечишим керак-ку, — сержантнинг ниқоб тагидан бўғиқ овози эшитилди. У ҳамкасбларининг қулоқни қоматга келтирадиган қаҳқаҳаси остида

— Бошқа қиёфага кириш… — кутимлаганда минғиллиди Эллери унинг ортидан хаёлчан қараб. — Комус ҳадеб бошқа қиёфага кираверди. Ҳеч бўлмаса, Санта-Клаусни олай…

— Бир дақиқа… — деб унинг гапини бўлди Болдинг. У бир неча сония ўйинчоқ шаҳзодага тикилди-да, кейин минғиллади: — Лекин… бунинг иложи йўқ… — Адвокат қўғирчоқни қутичадан чиқариб, яна бир марта диққат билан қаради-ю, бақириб юборди: — Бу шаҳзода эмас! Қалбаки… нусха!

— Ушланглар уни! — сабрсизликдан рақс тушаётгандек юриб бақирди Эллери. — Сантани тутинглар! У Вейли эмас! Кундузи ҳожатхонага кетганда, Комус унга ҳужум қилиб, Санта либосида қайтиб келган! Куннинг иккинчи ярмида тахтасупада Комус ўтирган! У жуда яхши актёр. У ҳатто Вейлининг овози билан гапирди… Лейтенант Фарбер, илтимос, олмосни текшириб кўринг!

— Жин урсин, сиз ҳақсиз! — бош ирғади Фарбер қўғирчоқни кўздан кечиргач. — Бу жуда яхши ишланган сунъий қимматбаҳо тош.

Бир дақиқадан сўнг бор кучи билан қаршилик кўрсатаётган Санта-Клаусни бир неча нафар полициячи зўрға судраб келди. Ундан ниқобни ечиб олишгач, ҳамма сержант Вейлининг дарғазаб юзини кўрди.

— Вейли, кундузи ҳожатхонага борганингизда, сизга ҳужум қилишдими? — сўради Эллери Куин саросимага тушиб.

— Мен ҳужум қилса бўладиган одамга ўхшайманми?

— Демак, тахтасупада сиз ўтиргандингиз?

— Албатта, мен! — бўкирди сержант.

— Эллери, ўғлим, у буни қандай қилди? — минғиллади инспектор Ричард Куин минғиллаб.

— Тасаввуримга сиғдиролмайман, дада…

— Қойилмақом, мияни ишлатиб қилинган, — ниҳоят Куинларнинг меҳмонхонасида оқшом чоғи ҳукм сурган оғир жимликни бузди Эллери. — Иллюзия устаси.

— Сеҳргарлик, — инграб юборди инспектор.

— Оммавий гипноз, — тахмин қилди Никки.

— Оммавий ақлдан озиш, — тўнғиллади сержант.

— Шундай қилиб, Комус аввалдан нусхани тайёрлаб қўйган, — давом этди кичик Куин. — Аммо ҳақиқий шаҳзодани қандай алмаштириб қўйди?

Бир соатдан сўнг яна хонада ҳукм сураётган жимликни телефон қўнғироғи бузди.

— Сизни, — деди Никки. — Комус сўраяпти.

— Ажойиб кун учун миннатдорчилик билдириб, қувноқ Рождество тиламоқчиман, — деди таниш паст овоз. — Эшик олдидаги гиламчада сизни совға кутяпти. Инспектор Куин ва адвокат Болдингга салом айтиб қўйинг.

Эшик олдидаги оёқарткичда шаҳзода ётарди. Бу гал қўғирчоқ ҳақиқий эди, аммо ундаги олмос, табиийки, йўқ эди…

— Жуда оддий, — тушунтирди Эллери, — ҳар доим буюк иллюзияларда бўлгани каби. Қимматбаҳо буюм кириш имкони бўлмаган, тўсилган жой марказида ҳамманинг кўз олдида туради. Уни ўнлаб тажрибали ва ишончли одамлар тинмай кузатишади. Унга бирон марта одам қўли тегмайди. Қалтис вақт тугагандан сўнг у ғойиб бўлади. Тўғрироғи, арзон нусхаси билан алмаштириб қўйилади. Ажойиб! Қойилмақом!

Шаҳзода тахтасупада турган саккиз соат давомида унга ҳеч ким ва ҳеч нима тегмади, бундан чиқди, ўғирлик бу пайтда содир бўлган бўлиши мумкин эмас. Аммо уни қачон алмаштириб қўйишди? Аввалроқми? Йўқ. Мен ўз қўлларим билан ҳақиқий қўғирчоқни қутичага қўйдим. Ҳатто лейтенант Фарбер ҳам уни менинг қўлларимда кўздан кечирди. Демак, уни кейин ўғирлашган.

— Лейтенант Фарбер олмос қалбаки эканлигини маълум қилганда, ўйинчоққа мендан бошқа ким тегинди? — сўради кичик Куин йиғилганлардан. — Ким?

Инспектор ва сержант бир-бирига ҳайрон қараб қўйди. Никки оғзини очиб ўтирарди.

— Жаноб Болдинг, — деди у ниҳоят, — аммо у ҳисобга кирмайди.

— Ҳисобга кирганда-чи, Никки! — эътироз билдирди Эллери. — Чунки далиллар Болдинг ўша пайтда шаҳзодани ўғирлаганидан дарак беряпти.

— Эллери, — деди қиз, — лекин у пайтда нусхани олганди.

— Нусха эканлигини биз қаердан биламиз? Буни унинг ўзидан эшитдик. Оддий, шундайми? У айтди, биз эса, аҳмоқ кучукчалардек гапига лаққа тушдик.

— Тўғри, — минғиллади Ричард Куин. — Қўғирчоқни дарров текширмадик.

— Худди шундай, — жилмайди Эллери. — Болдинг режалаштирганидек, қисқа муддатли довдираш юз берди. Мен Сантани, яъни сержант Вейлини ушлашни буюрдим. Бир неча дақиқа тўполон бўлди. Қалбаки ўйинчоқни ушлаб турибди деб ўйлаб, ҳеч ким Болдингни кузатмади. Адвокат эса бу пайтда хотиржам ҳақиқий шаҳзодани пальтосининг битта чўнтагига солган-у, бошқасидан кун бўйи ўзи билан олиб юрган нусхани чиқарган. Қўғирчоқни унинг қўлидан юлқиб олганимда, у қалбаки эди.

— Энди, у Болдинг экани маълум бўлгач, — деди бир оз ўзига келган инспектор, — олмосни осон қайтаришимиз мумкин. Ундан қутулиш учун вақти бўлмаган. Мен ҳозир бошқармага қўнғироқ қиламан…

— Шошманг, дада, — тўхтатди уни Эллери. — Ҳибсга олиш учун ордерни кимнинг номига ёздирмоқчисиз?

— Болдингнинг номига, албатта. Ахир ўзинг айтдинг-ку…

— Ордерни унинг тахаллуси — Комусга ёздирган яхши, деб ўйлайман.

— Болдинг — Комус? — ажабланди Никки. — Лекин бундай бўлиши мумкинмас! Болдинг кун бўйи бизнинг ёнимизда бўлган бўлса, Комус эса ҳадеб гоҳ Санта, гоҳ чол, гоҳ мўйловдор семиздек кийинган бўлса, бу қандай бўлиши мумкин?

— Иллюзиялар жуда яшовчан бўлади, — кулимсиради Эллери Куин. — Ахир яқинда қўнғироқ қилиб, ўғирлик қилишини тан олган Комус эмасми? Ахир олмоссиз шаҳзода эшик ортидаги гиламчада ётганини айтган Комус эмасми? Бундан чиқди, Комус ва Болдинг — бир одам.

Сизларга айтгандим-ку, Комус ҳеч нимани шунчаки қилмайди. Нима учун Болдингга шаҳзодани ўғирлаш ниятини маълум қилди? Болдинг ва у — бошқа-бошқа одамлар эканлигига ишонишимиз учун. Комусни излашимизни, Болдингни эса ҳақиқий адвокат деб ҳисоблашимизни истаган. Шунинг учун Комуснинг уч марта пайдо бўлишини таъминлаган. Улар унинг шериклари бўлгани аниқ.

Ҳа, — қўшимча қилди у паришон. — Сиз беш йилдан бери тутишга уринаётган буюк ўғри аслида Парк-Роуда ишлайдиган образли адвокат бўлиб чиқяпти, дада. Аммо тунда у ясама сочи ва ридосини ниқоб, очқич ва қора плашга алмаштиради. Энди уларни панжарали эшик ва камерага алмаштиришига тўғри келади.

Севара АЗИЗ таржимаси.

Жавоб бериш

E-pochta манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган