Чоршанба, 19 Сентябрь 2018

Янги йил эртаги: “Қор маликаси”

“Ҳамма ёқни қор бўрони қопласа ҳам, байрам  бўлиши керак!”

Мўъжизаларга бой Янги йил байрамига янги туҳфа!  Гўзал ва мафтункор қиш фасли, оппоқ қорга бурканган табиатнинг совуқ ва меҳрсиз Маликаси ҳақидаги  “Қор маликаси” эртаги қаҳрамонлари энди ўзбек болажонлари ҳузурига ошиқмоқда. Қишки таътил кунлари   “Истиқлол” санъат саройида азиз болажонларга тақдим этиладиган “Қор маликаси” мюзиклининг сюжети ҳам, қаҳрамонлари ҳам ўша-ўша. Муҳаббат, дўстлик ва эзгуликнинг кучи ҳақида ҳикоя қилувчи эртак мюзиклнинг  мусиқалар муаллифи — бастакор Альберт Холмурзаев, матн муаллифлари эса — Ҳасан ва Ҳусан Солиҳовлар.

Мюзиклни саҳналаштиришда жонбозлик кўрсатган  жамоа аъзолари  ўз ишининг усталари эканлиги ҳам ушбу   лойиҳа томошабинлар эътиборини қозонишидан дарак бермоқда.  Маълумки, бундай саҳна асарларининг ажралмас бўлаги хореографиядир. Бу масъулиятли вазифа  хореограф Наталья Захальскаяга ишониб топширилган. Актёрларнинг ўз қаҳрамонларига айланишларига ёрдам берувчи либосларни эса либослар бўйича рассом Шаҳноза Муротова яратди.

“Қор маликаси” мюзикли ижодкорлари, ушбу лойиҳада классика ва замонавийлик уйғунлашганини таъкидлашмоқда. Ёрқин либослар, чиройли манзаралар, гўзал мусиқа жаранги —ҳамма-ҳаммаси нафақат болалар, балки уларнинг ота-оналарини ҳам сеҳрли эртаклар дунёсига саёҳат қилдиради. Унда иштирок этаётган актёрлар жамоаси аъзолари ҳам томошабинларимизга яхши таниш: Ўзбекистон халқ артисти, опера қўшиқчиси Рамиз Усмонов(Эртакчи), актриса Зарина Низомутдинова (Қор маликаси), актёр Муҳаммадисо Абдулхайиров(Қирол), таниқли актриса Ситора Алимжонова(Герда), ёш актёр Камрон Саидмуродов(Кай), машҳур қўшиқчи Жасур Мирсоатов(Қарға), ёш актёр Лазизхон Бургутхонов(Шаҳзода Клаус)ларни бош қаҳрамонлар ролида кўрамиз.

Янгилик шуки, ролларни ижро этган барча актёрлар фақат жонли ижрода куйлашади. Ахир томоша ўз номи билан мюзикл! Яъни қувноқ куй ва қўшиқларга бой!


Ҳозирча сир!”

Рамиз УСМОНОВ, Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театрининг актёри, Эртакчи ролининг ижрочиси:

– Гарчи машҳур опера театрида кўплаб роллар, кучли партияларни ижро этган бўлсам-да,  Эртакчи ролини беришганда юрагимдан: “Қандай бўларкин?”деган хавотир ўтди. Лекин мен актёрман, ролнинг катта-кичиги бўлмайди, актёр ҳар қандай ролни уддалаши керак, деган фикрга суянган ҳолда матнни олдим. Бундай лойиҳада биринчи марта иштирок этаётганим учун ҳам, аввалига киришиб кетишим бир оз қийин кечди. Атрофимдаги  ҳамма актёрлар ўз ролларини катта  иштиёқ билан, қойил қилиб ўйнаётганларини кўриб, ҳавасим келди. Эътибор берсангиз, мюзиклда банд актёрларимизнинг ҳаммаси элимиз таниган, кино, театр соҳасида нимадир қилиб улгурган санъаткорлар. Ролимни бир оз бўрттиришга ҳаракат қилгандим, режиссёр  меъёрдан оширмасликни маслаҳат берди. Шу талабга кўра мен мюзиклда     кўнгли очиқ,   меҳрли инсон  бўлган Эртакчи қиёфасини яратаяпман.

Лойиҳамизда томошабинлар эътиборини тортадиган янгиликлар кўп,  режиссёр  Ҳасан Солиҳов таниқли асарга кўплаб янги ғоялар билан ёндашмоқда. Аммо буларнинг ҳаммаси   ҳозирча  сир! Томошабинлар келиб, ўзлари томоша қилишсин.


Биринчи марта Қирол бўлишим!

Муҳаммадисо АБДУЛХАИРОВ, актёр:

– Ўйлаб қарасам, жуда кўп арча байрамларида иштирок этган эканман. Аммо кейинги пайтларда кинода кўпроқ бандлигим туфайли, арча байрамларида қатнашолмаётгандим. “Қор маликаси” менга шундай имкониятни бераётганидан жудаям  хурсандман. Бу эртакни  ҳаммамиз яхши биламиз. Ҳатто у билан бирга катта бўлганмиз, десам ҳам тўғри бўлади. Болалигимизда қишки таътилларда уни телевизор орқали мазза қилиб томоша қилардик. Лекин ўша пайтларда бир кун келиб актёр бўламан-у, “Қор маликаси”даги қиролни ўйнайман, деган фикр хаёлимгаям келмаганди.

Мюзиклга таклиф қилиб, бу  ролни беришганида, жудаям қувониб кетдим. Негаки, шу кунгача театр саҳнасида, кинода кимлар бўлмадим, дейсиз. Ака, ука, бошлиқ, ҳайдовчи, совчи, ота, лекин биринчи марта Қирол бўлишим! Эртакни яхши биласизлар, қирол ўзи  бир-икки мартагина  кўринади, холос.  Шундай бўлса-да, бу мен учун катта бахт. Негаки, яна қирол роли насиб этадими, йўқми, билмадим. Шунинг учун ҳам импровизациялар билан ролимни томошабинларнинг ёдида қоладиган қилиб яратишга  ҳаракат қилаяпман. Бир сўз билан айтганда, қиролим жуда ҳазилкаш!  Қирол  ролида қўшиқ ҳам айтаётганим  сир эди-ю, майли, билмай айтиб қўйдим!  Ҳечқиси йўқ! Хуллас калом, “Қор маликаси”да учрашгунча!


“Қор маликаси” фильмини кўрмаган экан

Гулнорахон ЭШОНОВА, Кай ролининг ижрочиси Камрон Саидмуродовнинг онаси:

– Ўғлим Камронбек биринчи марта 4 ёшида дорининг рекламасида чиқиб, санъатга кириб келганди. Унинг бу соҳага қизиқишини кўргач, дадаси билан маслаҳатлашиб, “Тантана” гуруҳига бердик. Бир нечта реклама роликлари, клипларда кўринганидан кейин киноларга таклиф қила бошлашди. Унинг кинодаги биринчи катта роли “Фарзандим-2”даги Ёдгор роли бўлди. Кейин кетма-кет фильмларда, “Зумраша”нинг кўплаб сонларида қатнашди. Келажакдаги орзуси — режиссёр бўлиш ва шу билан бирга фильмларда роллар ижро этиш.

Ҳасан, Ҳусан Солиҳовлар “Қор маликаси” мюзиклидаги Кай ролига таклиф қилишганида жудаям хурсанд бўлдик. Герда билан бир-бирларига мос келишди, ролга тасдиқланди. Биз билмас эканмиз, Камронбек  “Қор маликаси” фильмини кўрмаган экан. Роли устида иш бошлашидан аввал “YouTube”дан фильмни топиб, қўйиб бердик. Роса ёқди. Шундан кейин Кай ролининг сўзларини ёдлай бошлади…

 Камронбек, Кай ролининг ижрочиси:

– “Истиқлол” саройининг саҳнасига чиқишни жудаям хоҳлагандим. Репетицияларда мазза қилдим. Сценарийни ёдлашга ҳечам қийналмадим, ролимни ойнага қараб туриб, репетиция қилдим. “Қор маликаси” томошасида мен  ҳам қўшиқ айтаман.

 


Қор маликаси ёвуз эмас”

Зарина НИЗОМИДДИНОВА, актриса, Қор маликаси ролининг ижрочиси:

– Томошабинларнинг ўзлари билишади, Қор маликаси мен шу пайтгача ўйнаган ролларимдан тубдан фарқ қилади. Яъни жудаям салбий бўлмаса-да, ҳар ҳолда ижобий ҳам эмас. Шунинг учун ҳам мени бу мюзиклга таклиф қилиб, “Қор маликаси ролини ижро этасиз”, дейишганида жудаям хурсанд бўлиб кетдим. Мен учун қувончли бўлган томони шундаки, бу мюзиклда иштирок этиб, биринчи марта  саҳнада  роль ижро  этаяпман. Томошамиз жонли ижрода тақдим этилади, демак, биз томошабинларнинг нафасини, уларнинг ижроимизга муносабатини сезиб турамиз.  Бу эса  менга ўхшаб камерага ишлашга ўрганган  актёр учун жудаям қизиқарли. Шунга қарамасдан, негадир ҳаяжон босмаяпти…

Қор маликасига келадиган бўлсак, режиссёр билан келишган ҳолда унинг  салбий томонларини бўрттирмаяпмиз. Эртакдаям у  ёвуз эмас, шунчаки ҳамма нарса ўзи хоҳлагандай бўлишига ўрганган. Ўзи истаган нарсага ҳамиша эришиб келган.  Катта кучга эга бўлса-да, унга қарши чиқилмаса, ёмонлик қилмайди! Уни ана шу йўналишда томошабинларга тақдим этиш ниятидаман.


Байрам ҳар куни бўлсин!

Жасур МИРСОАТОВ, Қарға ролининг ижрочиси:

— “Қор маликаси” эртагидаги Қарға ролини иккинчи марта ўйнашим. Ўтган йили, мюзикл томошабинларга рус тилида тақдим этилганида ҳам қатнашиб, худди шу ролни ижро этгандим. Лойиҳанинг ўзбекча вариантида ҳам иштирок этаётганимдан жудаям хурсандман. Ролим ниҳоятда қизиқарлилиги билан ўзимгаям  ёқаяпти. Унинг дунёқараши, савияси, импульси ўзимникига ўхшагани учун ҳам  мазза қилиб ўйнаяпман.

Қаҳрамоним Қарғавой  катта тантаналар, байрамларни жудаям яхши кўради, доим  байрамларга интилади ва ҳар куни байрам бўлишини хоҳлайди. У учун ҳамма ёқни қор бўрони қопласа ҳам, байрам  бўлиши керак!  Қалби меҳр-муҳаббат, шафқат туйғуларига бой.  Шунинг учун ҳам Герданинг  ташвишига бефарқ бўлолмайди, унга  ёрдам беришга ҳаракат қилади. Саҳнада жуда қисқа вақт ичида кўринишимга қарамасдан персонажим томошабинларнинг  ёдида қолаётганидан хурсандман. Улар спектаклдан кейин ўзимга буни айтиб, табриклаб кетишлари, менинг ютуғим, деб ўйлайман.

 Туҳфа НАЗАРОВА.

Жавоб бериш

E-pochta манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган