Жума, 14 Декабрь 2018

Янги йил хандалари

Э, дўстларим… Эсимни таниганимга анча бўлди-ю… Аммо 1 январь тонгини кутиб олиш ҳеч насиб  этмади-да!

***

Янги йил кечасида ҳамма қатори: “Ёмон кўрган нарсаларим кетаётган йилда қолсин” деб ният қилгандим. Эски йилдан фақат фақат ёмон иштаҳам қолибди, шекилли?!

***

Ўз севганларимга соғлиқ тилайман. Мени севганларга эса бойлик!

***

Янги йил — ҳеч нима қилмай, ҳаётингни тамомила ўзгартиришга янги умид, демакдир.

***

Икки ошна суҳбатидан:

— Севганимга Янги йилга бриллиант зирак совға қилдим. У эса менга ҳиди ўзимга ёқмайдиган атир совға қилди.

— Нима, сен ҳам бриллиант зирак хоҳлаганмидинг?!

***

“Ишқилиб, бу Янги йил кечасида ҳайвонот боғига бориб, маймунларни Янги йил билан табриклайдиган даражада ичмайин-да”, деган фикр мени қийнаяпти…

***

Янги йилда ўз олдингизга “Чекишни ташламайман, спорт билан шуғулланмайман, озмайман”, деб ният қилинг. Ҳаммаси амалга ошади!

***

1 январь — ота-оналар учун энг оғир кун. Болалар уларга Қорбобо нима совға қилгани-ю, улар ҳеч нима совға қилишмаганини айтиб, аразлашади.

***

— Янги йилни қаерда кутасан?

— “Контакт”да дўстлар билан бир йиғилишамиз!

***

Аёл байрам кечасида эрига юзланди:

— Азизим, сизга Янги йилга нима совға қилай?

— Йил бўйи яхши кайфиятда юрадиган хотинимни совға қилсанг, шунинг ўзи етади!

***

Аввалига: “Янги йилни  қандай кутиб олсанг, шундай ўтади”, дейишади. Кейин “Кечасиям  жағим овқат ейишдан тинмайди”, деб хафа бўлишганига ўлайми?!

***

Қорбобога хат ёздим…

Мактубни эримга бердим…

Кутяпман…

***

Янги йил байрам эмас, жигарга қарата отилган  ўқ!

***

Янги йил кутгандан сўнг:

— Онаси, бугун нечанчи число? Иккинчи январь? Тақвимга биринчи январни ёзишни унутишибдими?

***

Катта тезликда кетаётган машинани ДАН ходими тўхтатди:

— Қаёққа шошиляпсиз?

— Уйга. Оғайнилар билан Янги йил кутгандик, кеч қолдим. Хотиним хавотир олаётгандир…

— Нималар деяпсиз? Ҳозир май ойи, шекилли?

— Шунинг учун ҳам шошиляпман-да!

***

Боланинг тасаввури:

“Менинг дадам Қорбободан қўрқади. У келса, доим йўқолиб қолади”.

***

—  Қўшни, кеча  хотинингизга   бунча қаттиқ бақирдингиз?

— Байрамга бирор нарса оларсан, деб  берган  пулимни  нимага   сарфлаганини айтмай, жаҳлимни чиқарди.

—  Бугун кечагидан ҳам қаттиқроқ бақирдингиз, шекилли?

— Бугун ўша пулни нимага сарфлаганини айтди-да!

***

Янги йил яқинлашган сари эр хотинига тўхтовсиз тиржая бошлади. Буни кўрган аёл ҳайрон бўлиб сўради:

— Дадаси, тинчликми? Кечадан бери оғзингиз  ёпилмай қолди?

— Э, нодон хотин! Кеча телевизорда “Агар хотинингизга байрамга совға олишга имконингиз бўлмаса, табассум қилинг!” дейишди-ку!

***

— Менга қара ошна, “Янги йилда албатта уйланаман, эски йилнинг охирги куни учрашувга чиқаман”, дегандинг! Учрашув қалай ўтди?

— Ярим муваффақиятли ўтди!

— Бу нима деганинг?

— Мен бордим, қиз келмади, деганим!

Дилдора НАЗАРОВА тайёрлади.