Чоршанба, 20 Ноябрь 2019

Якшанбада (Ҳажвия)

— Бир танишим бор: пешонаси “ярқираб, хотиндан ёлчиган”, “Нина Захаровнадан бирваракайига қутуламан,” деб  ўзини олтинчи қаватдан  ташлашга қарор қилувди бечора! Иккинчи қаватгача “учиб келганда”, бирданига фарзандлари ёдига тушибди. “Болаларимнинг айби нима? Ҳали ёш, вояга етказишим, қизимни турмушга беришим, ўғлимни уйлантиришим керак” деган хаёл миясига урибди-ю, орқасига қайтибди, шўрлик…

Соли “золотой”нинг бу гапига ҳамма “гурр” этиб кулганди, Самиғ полвон беписандлик билан:

— Бе-е, шу гапингга мени ҳайрон қолади, деб ўйлаяпсанми? Бу нима? Мана, менинг бир оғайним бор: хотинидан ўлгудек қўрқарди. Бечора ахийри чидолмади. Ўзини еттинчи қаватдан пастга отди! Ерга етай-етай деганда, хотинининг: “Ортингизга қайтинг, ҳой!” деб бақирганини эшитиб, худди қалдирғочдай   осмонга парвоз қилиб, хотин акасининг елкасига қўнибди! Мана, буни ҳақиқий  қўрқув деса бўлади!

Бўлди кулги, бўлди кулги…

Кеча “гап”даги  гапларни эслаб, ҳовлидаги  райҳонларнинг тагини юмшатаётган Саидбек, эриб кетиб, рафиқасига меҳрибончилик қилгиси келди.

— Хўш, дилбарим, бугунга нималарни мўлжаллагансиз?

— Одатдагидай… супур-сидир, йиғ-тер… Вақт ортса, бирорта тансиқроқ овқат  пиширсаммикан, деб турибман…

— Ҳеч ўзгармас экансиз-да?! Ўтган якшанбадаям шу гапни гапирувдингиз, ундан олдингисидаям. Ҳатто сўзларнинг ўрниниям ўзгартирмай айтдингиз-а… Қойил!

— Нима қил, дейсиз, бўлмаса?

Хотинининг бу саволига романтик оҳангда:

— Одам деган ўсиши керак. Такомиллашиши керак. Бунинг учун эса ҳаракат қилиш, изланиш, билим-малакани ошириш керак! Худди менга ўхшаб! Бир жойда қотиб қолиш ярамайди! — деди Саидбек. Ва рафиқасининг:

— Хўп, бўпти, ўрганганим бўлсин! Ўрганаман. Масалан… машина ҳайдашни! — деган жавобидан қотди-қолди.

Нафаси ичига тушиб, ингичкалашган овозда:

— Машина ҳайдашни?! Балки… — деди зўрға.

— Ҳеч қанақа “балки-малки”си йўқ! Машина ҳайдашни ўрганаман, дедимми, гап тамом-вассалом! — гапни кесди хотини.

— Лекин азизам…  Ахир темир тулпорни сотиб олганимизга ҳали ҳеч қанча бўлгани йўқ-ку…

— Яхши-да! Янги машинага, янги ҳайдовчи!

— Мен қарши эмасман… Лекин сўзана, палак тикиш билан шуғулланганингиз, эсингиздами?

— Ўзлари тавсия қилгандилар, шекилли, дадажониси?

— Бор-йўғи бир нечта машғулотда қатнашувдингиз, холос. Лекин натижаси зўр бўлувди!  Уйимиз деворларини ўз қўлларингиз билан тиккан ғаройиб сўзаналар билан ясатганингиз ёдингиздами? Қўшнилар чиқиши, меҳмонлар келишидан аввал “санъат асарлар”ингизни девордан олиб, каравот тагига яширган бўлсак, нима бўпти?! Бир неча маротаба шунақа яширдик, беркитдиг-у, кунлардан бир куни қайтиб тополмадик. Топилмайдиган қилиб яширган, барака топгур — менман, агар билсангиз!

— Ҳар ҳолда мен тўқиган палак сиз пиширган кабобдан  яхши эди-ку? “Кавказча кабобни боплаганингиз” эсингиздан чиқиб қолдими?  Гўшт-думба майли, темирдан ясалган сих ҳам ҳил-ҳил пишиб, чўғ устида кўмирга айланганмиди ўшанда? Бир эслаб кўринг-чи?

— Тўқув курси машғулотлариниям унутмагандирсиз? Жуда ажойиб бўлганди-я, онаси! Эсингиздами, қайсидир байрамда менга кўкрагида сиз кийик деб айтган, аслида эса қўрқинчли динозавр тасвирланган алламбало свитер тўқиб совға қилгандингиз?

— Хўш, тўқиб берган бўлсам, нима бўпти? Эгнингиздан туширмай киярдингиз-ку?

— Кийишга-ку, киярдим-а! Дарвозадан чиқибоқ ечиб отардим!

– Ахир… сиз  уни…

– “Хизмат  сафарида ўғирлатиб қўйдим”, дегандим. Аслида эса уни қўшни маҳалланинг ахлатхонасига ташлаворганман.

— Ҳали шунақами? Бўлмаса, менам ёғоч ўймакорлик соҳасида эришган “ютуқ”ларингизни эслатаман, хафа бўлмайсиз! Дала-ҳовлимиз айвонидаги нақшларингизни кўрган қўшнилар: “томорқаларингда пўстлоқхўр қўнғиз пайдо бўлибдими”, деб сўрашганди…

Хотиннинг бу гапи баҳсга нуқта қўйилишига сабаб бўлди.

— Бўпти, бўпти! Мен рози! Машина ҳайдашни ўргана қолинг, ана, темир тулпор ихтиёрингизда! — деб, Саидбек  машина калитини хотинининг қўлига тутқазди.

Ўзи эса: “Тойчоғим, мени кечир, сени асрай олмадим! Минг афсус, умринг қисқа экан! Юзта от кучига эгасан-ку, ишқилиб маликаи дилозоримгаям  бас келгин-да!” — дея  машина капотини силаганча, нари кетди.

Дилдора НАЗАРОВА.