Жума, 20 Сентябрь 2019

Яхшиси, фойдаланмаган маъқул…

Биз тилга олмоқчи бўлган бу буюмлар бир қарашда оддий ва кундалик ҳаётимизда кўп ишлатилади. Аммо мутахассисларнинг огоҳлантиришларича, уларни доим уйда сақлашнинг ўзиёқ онкологияни қўзғатиши мумкин.

Маиший кимё воситалари

Ҳаммом ва ошхонани тозалашда кучли кимёвий воситалардан имкон қадар камроқ фойдаланинг. Улар ёғларни йўқотади, аммо соғлиққа ҳам зарар етказади. Уларнинг ўрнини оддий сирка эгаллаши мумкин.

Нафталин

Кийимлар сақланадиган шкафларга қўйиладиган бу восита уларни куядан сақлайди, аммо соғлиққа салбий таъсир кўрсатади. Нафталин яқинда саратонни қўзғатиши мумкин бўлган воситалар рўйхатига киритилди. Куя билан курашишда эса лаванда солинган қопчалар яхши ёрдам беради.

Тиш пастаси ва чайиш воситалари

Ҳозирда ишлаб чиқарилаётган тиш пасталарининг таркибида триклозан ва фторид бўлиб, улар энг хавфли бирикмалар ҳисобланади ва организмда йиғилиб, ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Шунингдек, тиш тозалаш воситаларига қўшиладиган бўёқлар хавф туғдиради. Оғизни чайиш воситаларидан эса умуман фойдаланмаган маъқул. Тиш пастасининг фақат оқи ва иложи бўлса, табиийсини танланг.

Крандаги сув

Фильтрланмаган сув таркибида оғир металлар ва сувни тозалаш учун қўшиладиган хлор мавжуд. Шу сабаб, жўмракка сувни тозалаб берадиган махсус фильтрларни ўрнатган маъқул. Улардан нафақат ошхонада, балки ҳаммомда ҳам фойдаланиш тўғри бўлади.

Эски, тозаланмаган пойабзал

Пойабзалнинг тагчармида қўрғошиндан тортиб пестицидларгача бўлган зарарли кимёвий моддалар бўлади. Шунинг учун пойабзални яхшилаб ювиш, сўнг ҳавода қуритиш ва махсус шкафда сақлаш керак. Эски пойабзални эса ташлаб юборган маъқул. Уни тоза ювишнинг иложи бўлмаса, демак, уйда зарарли кимёвий моддалар манбаи сақланиб қолади.

Безаш учун ишладиладиган шамлар

Афсуски, бу — романтик муҳитни яратишнинг энг ёмон усули. Бундай чиройли қиммат шамнинг пилигига бир текис ёниши учун кўпинча қўрғошин қўшилади. Қўрғошин инсон организмида гормонал бузилишларга сабаб бўлади, унинг уйда кўп миқдорда бўлиши саратон ҳужайраларининг ривожланишига ёрдам беради. Шунинг учун электрли тунги чироқлардан фойдаланинг.

Бўёқлар ва локлар

Ҳатто тирноқ бўёқлари ҳам хавфли. Уларни ҳидлаш умуман мумкин эмас, фойдаланишда хонани яхшилаб шамоллатинг. Қурилиш бўёқлари ва локлари янада хавфлироқ. Улардан фойдаланишда эҳтиёткор бўлиш лозим, чунки бу воситалар қуригандан кейин ҳам ўзидан канцерогенларни чиқаради. Бундай бўёқлар ҳужайраларимиз ДНКсига таъсир кўрсатиб, уларни бузиши ёки ортга қайтариб бўлмас ўзгаришларга олиб келиши мумкин.

Ҳаво тозалагичлар

Ҳаво тозалагични кўп ҳидлаб, юқори нафас йўлларининг яллиғланишини орттириб олиш мумкин. Уларнинг таркибида организмдаги хавфли ҳужайраларнинг кўпайишини қўзғатувчи учувчан моддалар бор. Ҳавони тозалашнинг оддий йўли — бир неча томчи эфир мойларидан фойдаланиш.

Пластик идишлар ва контейнерлар

Ҳар қандай пластикнинг таркибида фталатлар ҳамда биофенол А мавжуд. Пластик идишда узоқ турган сувни ва қадоқланган таомни харид қилмаслик лозим. Таомларни пластик идишда илитиш ва ишхонага тушликни пластик контейнерда олиб келиш ҳам зарарли. Яхшиси, металл термослардан фойдаланинг. Ичимлик сувини эса шиша идишда сақлаган маъқул.

Дезодорантлар ва антиперспирантлар

Улар таркибида кўпинча алюминий, фталатлар ва триклозан мавжуд. Бу воситалар, айниқса, аёллар учун хавфли, чунки уларда кўкрак саратонини қўзғатиши мумкин. Дезодорантларни табиий моддалардан тайёрланганларига алмаштиринг ёки яхшиси, тез-тез душ қабул қилишга одатланинг.

Душ учун пластик парда

Ҳаммомда иссиқлик ва намлик юқори бўлганида пластик пардадан соғлиқ учун хавфли моддалар ажралиб чиқа бошлайди. Пардани душни ёпиб турувчи шиша панельга алмаштирган маъқул.

Тефлон қопламали идишлар

Таомни тагига олдирмайдиган бу материалдан тўғри фойдаланганда у фойдали — ёғсиз қовуриш имконини беради. Аммо салгина қирилса, тамом, бундай тефлон қизиганида ундан хавфли кимёвий моддалар, масалан, перфтороктан карбон кислотаси ажралиб чиқади. Шундай экан, бундай товаларда таом тайёрлаганда ёғоч капгирдан фойдаланинг ва ювишда ҳам эҳтиёт бўлинг.

Д.ТОҒАЕВА тайёрлади.