Сешанба, 11 Декабрь 2018

Яхши ният

— Ҳой, китоб жонингни олгур! Ота-онанг китоб ўқиган бўлса эканки, сен қоғозга ёпишиб, бахт топсанг! Ундан кўра айтганимни қилиб, Гулсум норинчиникига чиқиб, беш-олти зувала норин тўғрашмайсанми, бир коса норин ишлаб келиб, ётар чоғи ҳуштак чалаётган қурсоғимизга босмаймизми, бирпас бўлса-да, нафсимизни ўлдирмаймизми?

— Бувижон, ахир, норинчиникидан чиққанимга ҳали бир соат ҳам бўлмади-ку. Ёғ ҳидидан кўнглим ағдарилиб кетяпти. Бармоқларим қотиб қолди. Озгина дам олай, жуда ҳам оч қолаётганимиз йўқ-ку… — Дилшода ялинчоқ овозда бувисига нечоғлик ялинса-да, Лутфинисо буви қарғишини қўймайди. “Китобнинг роса қизиқ жойига келган эдим, озгина, бир-икки бетгина ўқий”, деганига ҳам қарамайди. Дилшода бувисининг койиш, қарғишларига чидайди, лекин йиғлаб нола қила бошласа, бардоши етмай қолади.

— Ота-онанг ўлсин, сени қариб кучдан қолганимда  менга юк қилиб ташлаб кетган, илоё бахт деб тутгани, топгани кулфат бўлсин, — деган сўзлар оғзидан, чиқа бошласа, Дилшода қўрқиб кетади.

— Бувижон, қўйинг, ойим билан адамни қарғаманг, илтимос, ҳамма айтганингизни қиламан, — дейди. Нафсиламрини айтганда, Дилшода бувисини  тушунишга ҳаракат ҳам қилади. Чунки ким ҳам олтмишдан ошиб, етмишга яқинлашганда, тўрга чиқиб, ором олиб ўтириш ўрнига, ўсмир қизнинг тақдирини гарданига олиб, оғир юк билан яшагиси келади? Ахир уни ўзи нон топиб ейдиган даражага  етказиши, қолаверса, уй-ўтовли қилиши керак…

Гап шундаки, Дилшода етти ёшга чиққунича ота-онаси бошқа фарзанд кўришмади. Дадаси:

— Сен бепуштсан, менга ўғил туғиб берадиган хотин керак, — деди. Онаси:

— Болани фақат мен дунёга келтирмайман. Қарс икки қўлдан чиқади, — деди. “Деди”га, “айтди”лар қўшилиб, эр-хотин орасидаги можаро кундан кун кучайиб бораверди. Аввал хотин уйдан чиқиб кетди.

— Бекорга мендан ўзини олиб қочмас экан. Топиб юрган экан бировни. Ана, уйдан кетганига ярим йил бўлмай тегиб олибди, — деб қизининг онасига қоракуя сурта-сурта, ота ҳам шаҳарма-шаҳар юрадиган, бақувват бир ёрдамчи қўл керак аёлни топиб, уйланиб кетди. Дилшода шу тарзда тоғалари билан яшайдиган, ота-она икки тарафга  қараб кетгач, “Ойи, тезда бориб уйини эгаллаб олинг. Чунки бу қизни узатиш бизнинг елкамизга қолди”, дея чирқиллаган келинларининг қистови билан қизининг уйига кўчиб келди. Дилшода мактабда  аъло ўқийди. Бувисига ҳар жиҳатдан ёрдам беришга ҳаракат қилади. Лекин бувиси қарғангани-қарғанган, нолигани-нолиган…

— Бувижон, ота-онамни тинч қўйинг, улар ўз ҳаёти билан яшашяпти. Лекин ўйлайверманг, худо хоҳласа, ўқийман. Ҳозир қийналадиган талабаларга иш ҳам топиб беришади. Ҳаётимизда ҳали яхши кунлар бўлади, — дея  бувисининг хаёлидан нохуш воқеаларни чиқариб юбормоқчи бўлса, бувиси:

— Осмонлардан ерга туш, ҳой қиз. Сени ким ўқишга, ким ишга оламан, деб кўзи учиб турибди. Ўқийдиганлар бошқача бўлади, уларнинг ота-онаси ажрашиб, бошқа эр, бошқа хотин қилиб кетмайди. Боласи битта  бўлса ҳам, ўшанинг бошини силаб, уйида  ўтиради. Сен Гулсум норинчининг уйида хизматкорликка ярасанг ҳам катта гап, — дея Дилшоданинг юрагини эзгани-эзган эди.

Шундай кунларнинг бирида Дилшода бувиси билан навбатдаги тортишувдан сўнг кўнгли чўкиб ётар экан, бирдан психология ўқитувчисининг гапларини эслади: “Одамнинг ҳаёт тарзи, тақдири ўзига  боғлиқ. Тўғрироғи, кўнглидаги ниятига. Агар инсон покланиб дилига яхши ниятларни тугиб, ўша ниятга астойдил интилса, табиат ҳам, тақдир ҳам унга ёрдам беради, қўллаб-қувватлайди”…

Дилшода: “Ахир, психология фани кўп бор тажрибадан ўтган хулосаларни тақдим этади-ку, мен ҳам амал қилай”, деди-да, бувисининг пинакка кетганидан фойдаланиб, ювиниб олди, сочларини қуритди.

Адабиёт муаллимасининг: “Эркин мавзуда иншо ёзиб келинглар”, деган топшириғига ниятини омухта қилмоқчи бўлди. Дафтарининг оппоқ саҳифасини очиб, ёза бошлади:

“Мен бувимни айбламайман. Дилидан ўтаётган қайғу, кулфатлари билан олдимизга қийин тақдирни чақиряптилар, деб хафа бўлмайман. Чунки бир умр  бир елкада меҳнат қилиб  келса-ю, қариганида тўрга чиқиб ўтириш ўрнига, нафақаси билан  ташландиқ неварасини боқиб ўтирса…

Лекин мен ўзимни бу тақдирга бермайман. Мен орқамда қўллаб-қувватловчим йўқ, деб умидсизликка тушмайман. Гулсум норинчининг уйида бир коса норин учун хизматчи бўлмоқчи эмасман. Мен кардиолог шифокор бўлмоқчиман. Инсонга энг керакли аъзо — юракларини даволайман. “Юракларингизни ғамга берманглар, уни яхши кунлар, бахт-саодат учун асранглар”, дейман ҳамма-ҳаммага. Мана шу юлдузлар чарақлаб ётган ойдин кеча ҳақи, деразамдан оқиб кираётган майин  шабада ҳақи, мен, албатта, мақсадимда етаман, деб астойдил ният  қилаяпман. Ниятимни қўллаб-қувватловчилар, менга ёрдам қўлини чўзувчилар, албатта, топилишга ишонаман…”

Дилшода бу сатрларни ёзар экан, кўнгли тобора ёришиб бораётгандек эди. Яхши ният худди ойдек, офтобдек унинг кўнглига нур сочаётганди.

* * *

— Дилшода, Дилшода, сенинг иншоинг ёшларнинг газетасида эълон қилинибди…

Дугоналаридан бири шундай хушхабарни кўтариб кирганида Дилшода:

— Шундай бўлибдими? — деб сир бой бермаса-да, ичида “Шундай бўлишини кутгандим”, деди. Адабиёт ўқитувчиси дарсда  иншоларни йиғиштираётиб, бир қур кўз ташлади, шекилли:

— Дилшода, иншойингни ўртоқларингга ўқиб берасанми, бир бошқача ёзибсан, — деди.

Дилшода бош чайқади. Йўқ, у синфдошларидан дилидаги истакни яширмоқчи эмасди. Шунчаки бувиси ҳақидаги сатрларни ўқиганда, йиғлаб юбориши мумкиндай туюлгани учун ўқимади. Чунки у ёруғ ниятига кўзёш аралаштирмоқчи  эмасди.

— Майли, ўқимасанг, ўқима, лекин менга иншоинг ёқишни сезиб турибман, — деди.

Дилшода ўшандаёқ ёзган иншоси билан боғлиқ нимадир юз беришни пайқаган, тўғрироғи, кўнгли сезган эди. Адабиёт ўқитувчиси Дилшоданинг иншосини ёшлар газетасига берган эди. Ёшлар мавзуси жамиятда долзарб бўлганлиги учун тезда иншо газетада босилди.  Иншо сўнгида Дилшода ўқийдиган мактаб ва синф манзили кўрсатилган эди. Иншо газетада чоп этилганига бир ҳафта ўтар-ўтмас уни “Ўқитувчилар хонаси”га чақиришди.

— Мана бу телефонга қўнғироқ қилар экансан. Сенга кимё фанидан қўшимча дарс ўтмоқчи бўлган ўқитувчи телефон қилибди.

— Биология фани муаллимаси телефон рақамини қолдирибди. Сени институтга тайёрлар экан…

Яна тенгдошлар, аълочи ўқувчиларнинг таклифлари…

“Дилшода, сен ёлғиз эмассан. Биз сен билан биргамиз. Сенинг ниятларинг амалга ошишига тилакдошмиз. Бизнинг замонамизда бундай орзуларга етишиш — амалга ошмайдиган орзу эмас. Интилиш, энг муҳими, керакли фанлардан пойдевор  бўла оларли билим бўлса, бас”… Дилшода навбатчи ўқитувчи ёзиб олган телехатларни ўқир экан, “Албатта, умримнинг бир яхши куни телефоним ва компьютерим бўлади, ҳеч ким мен учун овора бўлиб мактаб телефонида келган хабарларни ёзиб ўтирмайди”, — деб ўйлади…

* * *

— Дилшода Валиевна, сиз шуҳратли тиббиёт йўлини нимадан бошлагансиз?

Уни — шаҳарнинг энг таниқли, энг қўли енгил кардиологини бугун  ёшлар даврасига учрашувга таклиф қилишган эди. Унга бу саволни беришганида хаёлидан мана шу воқеалар кино лентасидай лип-лип этиб ўтди. Лекин у раҳматли бўлиб кетган бувисининг ёзғиришлари, “Подачининг боласи подачи бўлади, деган қадимгиларнинг гапини эшитмаганмисан? Ўқиш, ўқиш, деб ҳадеб оғзингнинг сувини оқизаверма, сендақалар ўша орзулаган ўқишингга борса, қўлтиғидан ушлаб, юз газ узоққа ирғитиб юборадилар”, деган гапларини, бундан дили оғриганларини гапириб ўтирмади. Ахир, нима қилсаям, бувиси уни бағрига олди-ю, тақдир оқимига ташлаб қўймади-ку! Дилшодани баъзан ўзи қарғаб, ўзи йиғларди. Дилшода бугунги даврада гапини, албатта, яхши ниятдан бошлайди:

— Биз одамлар алоҳида бир олам, деб ўйлаймиз. Аслида табиат ва жамият — яхлит, бутун. Инсон ҳам мана шу гуллаб ётган дарахтлар, яшил майсазорлар, тўлиб оқаётган  анҳорлар, чўққилари булутга тегай-тегай деб турган тоғли табиатнинг  бир қисми. Унинг кўнглида кечаётган туйғулар табиатда акс этади. Ҳар бир сўзи, овози эшитилади. Шунинг учун  ўтган, ўтаётган кунлар, ўзингиз, яқинларимиз ҳақида яхши нарсаларни ўйланглар. Яқинларингизга  яхшилик сиғининглар. Менинг тиббиётдаги – сизларнинг наздингизда шуҳратли кўринган йўлим  ҳам яхши ниятдан бошланган…

Дилшода ўша тунни кўз олдига келтирди. Тун ойдин, юлдузлар чарақлаб ётган, баркашдек ой осмонда сузиб юрарди…

— Албатта, мен уйига ўқишдан қайтганида ота-онаси овқат қилиб кутиб ўтирадиган курсдошларимга қиёслаганимда орзуларимга машаққат билан эришдим. Лекин осонликча эришилмаган муваффақият ҳам инсон учун жуда қадрли бўлади…

Бир аудитория қоракўзлар уни бир жуфт кўз, бир юракка айланиб эшитар, Дилшоданинг гаплари самимий, юракдан чиқаётгани учун у мутлақо қийналмай, равон гапирарди…

Қутлибека РАҲИМБОЕВА.