Пайшанба, 18 Aprel 2019

“Эҳтиёткор” ҳайдовчи (Ҳажвия)

Соҳа мутахассисларининг гувоҳлик беришича, йўл ҳаракати қоидаларига ҳамиша риоя қилувчи энг ҳушёр, эҳтиёткор ҳайдовчи  аёллар эмиш. Бўлиши мумкин. Лекин шу даражага етгунча… Эҳ-ҳе… Бунинг савобини ўша хаёлларга бой аёлларга машина ҳайдашни ўргатувчи шўргинасига шўрва тўкилгур инструктор акахонлардан сўранг! Улардан бири Миршакар аканинг ҳам бу соҳадаги тажрибалари талайгина. Бугун биринчи марта “езда”га чиққан Таннозхонимни кўриб, “омади чопгани”ни ўша заҳотиёқ сезди. Буни қизнинг ўзи ҳам машинага ўтириши билан6оқ, боши билан рулга урилиб тасдиқлади. Аммо сира хижолат тортмай, қайтага Миршакар акани тинчлантира бошлади:

— Вой-бў! Нега мунча асабийлашасиз, ўртоқ инструктор?  Машинани қандай бошқаришни яхши биламан. Ўтган йили ёз давомида ҳайдашни ўрганганман.

— Қ…қаерда? — деди Миршакар ака бундай муомаладан дудуқланиб.

— Хиёбонда. Аттракциондаги кичкина машиналар бор-ку, ўшанда. Машина ҳайдаш бўйича баҳоим “аъло” бўлади, бу аниқ, —  деди қиз пинагини ҳам бузмай.

— Ҳа…ҳа…ҳайданг бўлмаса!

— Рулни топдим. Бу “тўрт” баҳо қўлга киритиб бўлинди, дегани.  Вуй… Педалларнинг кўплигини?!..  Мени бунча оёғим йўқ. Ўзи атиги иккитагина, холос.  Адашмасам, чап томонда қанақадир қўлтиқтаёқ бўлиши керак эди. Қани у?

— Қўлтиқтаёқ? — ҳайрон тикилди Миршакар ака.

— Ҳа. Кечаси машинангизни очиқ қолдирган бўлсангиз, битта-яримтага керак бўлган бўлса, олган. Лекин омадингиз бор экан. Менинг тоғам бутун бошли машинасидан айрилиб қолди. Бировникига иш билан дарров кириб чиққунича машинаси  йўқмиш! Ўрнида фақат темир чўмич турганмиш. Тоғам экскаваторчи.

— Машина ҳайдашни тоғангиздан ўргана қолмабсиз-да?! —энсасини қотирди Миршакар ака.

— Сиз экскаватор чўмичини ҳайдаса бўлади, деб ўйлайсиз, шекилли? Қўлтиқтаёқ бу ёқда экан-у?! Бошқа машиналарда чап томонда бўларди, сизда эса ўнг томонда. Нега? Машинангиз чет элникими?

— Йўқ, ўзимизники. Шунчаки сиз ҳайдовчининг ўрнида эмас, ёнида ўтиргансиз.

— Бўпти, бўпти. Рулни топдим, педални топдим, қўлтиқтаёқни топдим. Энди юрсак бўлади.

— Юрмаймиз!

— Бу ёғи қизиқ бўлди-ю… Менга қаранг, ўв, Шумахер! Жазавангиз тутиб қолдими, нима бало?

— Келинг, аввал назарияни мустаҳкам…

— Бўпти, бўпти, шу билан кўнглингиз хотиржам бўлса, майли, назария.

— Қани, айтинг-чи, карбюратор қаерда жойлашган? — сўради Миршакар ака.

— Карбулятор? Бу ёғи қизиқ бўлди-ку? Инструктор бўла туриб, карбулятор қаерда жойлашганини билмайсизми?  Майли, мен айтиб бера қолай. Кирбодулятор МАШИНАда жойлашган…

— Янаям аниқроғи…

— Аниқроғи: машинанинг ИЧИда жойлашган. Анави қопқоқни кўтарса, омборхона бор. Ўша матоҳ шу омборхонада турибди.

— Нимага керак ўзи у?

— Кирбаляторми? Мен ҳам шуни айтаман-да: ўзи аслида у ортиқча нарса!  Ташлаб юбориш керак: баҳонада машинанинг  омборхонасиям анча бўшарди.

— Вой, онажон! — деди юрагини чангаллаб Миршакар ака.

— Ортиқча гап-сўз қилиб ўтирмасдан, юрайлик энди, — деди унинг бу ҳолатига парво ҳам қилмай қиз

— Балки юрмаганимиз… Шу жойда тахтадай қотиб қолганимиз  яхшидир?

— Вой, намунча қўрқоқсиз! Рулни топдим, педални топдим, қўлтиқтаёқни топдим. Киррабатор қаердалигини биламан, демак, ҳайдашни бошласак ҳам бўлади… — қизнинг гапларини   машинанинг юрган овози босиб кетди. — Вууй! Зўр! — деганча қиқирлаб кулди.

— Светофор… қизил чироқ…

— Ўтавераман! Қизил — севимли рангим. Ундан кўра машинангизни билинг.  Бузуқ, шекилли, тарақлаяпти. Ёқилғи тугаган бўлса, ҳозир “свежий” бензин соламиз. Ана, ишлаб чиқарилган йили – 98идан бор экан.  Унча эскирмагандир…  95игаям чидаса бўлар-у, 76 сига бало борми? Салкам қирқ йиллик бензинни сотишга уялмайдими булар?..

Миршакар аканинг тили калимага келмай қолди.

— Хуллас, икки литр 98, икки литр 95, 76дан  қанча олай? Ҳей?! Сизга нима бўлди? Кўзингизни очинг! Ҳушидан кетдими, бу киши? Тавба! Эркаклар мунчаям нозик бўлишади-я?! Шу юрак билан тағин менга машина ҳайдашни ўргатмоқчийди, бу одам?!.. — деб қиз уни елпиб ўзига келтиришга ҳаракат қилаётганида, бирдан қаттиқ овоздан Миршакарнинг қулоғи битди. Кўзини очса, туши экан. Ҳайрият-э!..

Дилдора НАЗАРОВА.