Пайшанба, 18 Aprel 2019

“Сув пастга қараб оқади…”

Онам Файзихон ая дадам оламдан ўтгач, 11 ойлик кичик укамни  болалар боғчасига бериб ишга жойлашган экан. Кундузи ишлаб, кечаси бировларнинг кўрпа-тўшакларини тикиб, етишмовчилик бўлса-да, мактабда яхши ўқишимиз учун шароит яратиб берар, баҳоларимизнинг аъло бўлишини талаб қиларди. Тез-тез мактабга чиқиб ўқитувчиларимизга “Болаларим шунчаки баҳо учун эмас, астойдил уқиб, билимли бўлишларини истайман. Яхшироқ ўқишини талаб қилинглар, ҳали улар институтга ўз билимлари билан ўқишга киришлари керак”, дея тайинларди. Онамизнинг нияти холис экан, биз — фарзандлар билимимиз, ҳаракатимиз билан олий маълумот олдик, жамиятда ўз ўрнимизга эга бўлдик.

Аммо энг армонлиси, онамиз авжи роҳат-фароғатда яшайдиган вақтида касалликка чалинди. Шифокорлар муолажаси, фарзандлар парвариши билан анча пайтгача касалликни енгди. Аммо бу пайтда фарзанд кўриб, уларни улғайтиргунимча онамга ўзим орзулаганимдек меҳр-эътибор беролмаганим ҳанузгача қалбимга азоб беради. Онам ўзи кекса, бетоб бўлса ҳам биз ва невараларининг ташвиши билан яшарди. У кишини кўргани борганимда тез-тез хабар ололмаганимдан хижолат бўлсам, “Болам, сув пастга қараб оқади. Онам мени деб яшаган, мен сизларни деб, сизлар невараларимни деб яшайсизлар”, дея юпатарди. Бугун фарзандларим улғайиб, ҳаётда ўрнини топишга интилаётган, ўз ташвиши билан андармон бўлган дамларда онам бизни ҳар куни, ҳар соат соғиниб кутганини кўпроқ ҳис қиламан…

Муштарий