Жума, 20 Сентябрь 2019

“Севги изтироби”: Камол қизига оид ҳақиқатдан хабар топди

“Севги изтироби” сериали кўпчилик томошабинларни сюжетдаги кутилмаган бурилишлар, кучли муҳаббатнинг оҳанрабоси, инсоний туйғуларнинг, хусусан, севги ва нафратнинг ўзаро кураши билан томошабинларни ўзига жалб қилди. Сериалнинг янги қисмини сабрсизлик билан кутадиган бўлишди. Аммо сўнгги вақтларда “Севги изтироби” ҳақида кўплаб танқидий фикрлар билдирилиб, ижтимоий тармоқларда, сайтларда сериал одамларни хиёнатга, ахлоқсизликка бошлаб, тарбияни бузиши ҳақида ёзилди. Бироқ ҳаётда ҳамма нарса бўлади. Ҳаёт кўчаларида хиёнат ҳам, садоқат ҳам, севги ҳам, нафрат ҳам учрайди. “Севги изтироби” сериали эса ҳаётий воқеаларга асосланган. Сериал қаҳрамонлари, ҳаётда бўлгани каби, ҳамма ишлари, хатти-ҳаракатлари учун жавоб беришади.

Қуйида “Севги изтироби”нинг иккинчи фаслида рўй берадиган воқеалар ривожи билан танишишингиз мумкин.

 Ниҳон қизи Дениз билан топишади. Амир “Ниҳон менга бўйсунди” деб ўйлаб, янги қоидалар ўрнатаркан, Ниҳоннинг узоқ муддатли қасос режасини тасаввур ҳам қилолмайди. Ниҳон эса қизини ҳимоя қилиш, уни хавф остига қўймаслик учун ўзи бошлаган уруш чегараларини жуда яхши билади. Ақли Камолдан узоқ юришни уқтираётган, энди у ҳақда умуман ўйламайман, деб аҳд қилган бўлса-да, буни қалбига англатиши қийин…

Камол эса қамоқдан чиққандан сўнг ҳақиқий душмани билан учрашиш учун жой тайёрлайди. Бироқ ҳар гал Ниҳонни кўрганда, қалби тошдан эмаслиги эсига тушаверади.

Зайнаб Амирга ёрдам бериб, кутилмаганда зарба ейди. У ўз муаммолари ва Амирга бўлган туйғулари билан курашишга уринаркан, Ҳоқон қаршисидан чиқиб, ўтмиши ва Ўзанни эслатади, виждонини уйғотишга уринади.

Ҳоқоннинг Ўзан ўлган кун билан боғлиқ муҳим далили бор.

Амир Асу билан шундай келишув тузадики, бу уни Камол қаршисида оғир вазиятга солиб қўяди. У чиқиб бўлмайдиган тузоққа тушади.

Камол ишбилармонлар дунёсида Амир учун катта “совға” тайёрлайди. Амир ғалаба қилдим, деб ўйлайди, Камол эса “ҳикоя”ни ўз қоидаларига асосланиб ёза бошлайди. Бу жараёнда унинг учун энг оғир қаршилик Ниҳон бўлади. Зеро, қалб, ақл ва ғазаб ўртасидаги жанг Амир билан бўладиган жангдан минг карра оғир.

Амир туфайли Камол ва Ниҳоннинг йўллари “тасодифан” кесишади. Бу ўйин бошида турган Амир учун Камолнинг ҳужумларига дош бериш қийин кечади. Бу учлик (Камол, Ниҳон ва Амир)нинг ҳар бир қадами томошабинни ҳайратга солиши аниқ.

Амир учун энг катта хавф — Камол Дениз ўз қизи эканлигини билиб қолиши мумкинлигидир. Ниҳон бу мавзуда жуда эҳтиёткор бўлади, чунки у ҳам Камолни Дениздан узоқ тутишга қарор қилган. Ахир Камол ҳаётига кириб келса, ҳаммаси қайта бошланади, боласининг ҳаёти Камол ва Амир ўртасидаги уруш туфайли хавф остида қолади. Амирга бу борада қатъий сўз берса ҳам, на Ниҳон, на Амир Камолнинг Дениз билан учрашишига халал бера олади.

Денизни Ниҳоннинг қўлларида кўрган Камол ўтмиш билан боғлиқ хотираларини бирлаштиради. Натижада хаёлида ягона ва муҳим савол туғилади: “Дениз менинг қизим бўлиши мумкинми?” Бу масалада қалб овозидан ташқари, Камолга жиддий далил ҳам зарур.

Амир Камол Дениз борасида шубҳалана бошлаганини билиб, ҳақиқат юзага чиқмаслиги учун ҳамма “қуроллари”дан фойдалана бошлайди. Ниҳон эса, Амир билан Камолнинг Дениз учун олиб бораётган урушини кўриб, қизини ҳимоя қилиш чораларини кўради. Она сифатида у боласини ҳимоя қилиш учун ҳамма усулларни қўллашга тайёр. У жуда хавфли иттифоқ тузади. Бу иттифоқ Амир ва Камол муносабатларини ағдар-тўнтар қилиб ташлайди.

Камол Зайнабнинг ҳамон Амир билан учрашиб юрганидан хабар топиб, гаплашиш учун отасининг уйига боради ва у ерда Ўзандан қолган хатни топиб олади.

Хатнинг мазмуни илк бор Камолни Ўзан ўз жонига қасд қилганидан шубҳаланишга ундайди.

Ниҳондан қизи бўлиши мумкинлиги Камолнинг келажакка оид режаларини, ўй-хаёлларини буткул ўзгартириб юборади.

Асу Камолни сиқув остига олиш учун унинг оиласини ўзи томонга оғдириб олади.

Барча тўсиқларга қарамай, Камол қизига оид ҳақиқатдан хабар топади.

Амирнинг ўйинидан бехабар Камол Дениз билан боғлиқ зарбадан тез ўзига келади. У қамоқдан чиққанда ўйлаб қўйган “Кўзжуўғлиларни йўқ қилиш” режасини амалга оширишни тезлаштиради. Унинг иккита мақсади бор. Биринчиси — Амирнинг ишончига кириш, иккинчиси — Ниҳоннинг нигоҳида ўзини оқлаб, Ўзаннинг ўлимига дахлсизлигини исботлаш. Камол мақсадига эришиш учун Амирни хавфли ва ҳайратга соладиган усулда кузата бошлайди. Амир эса Камолга халал бериш учун ўз услубидан фойдаланади.

Ниҳон Лайло билан бирга режасини амалга оширишни давом эттиради.

Севара АЗИЗ тайёрлади.