Шанба, 22 Сентябрь 2018

“Оскар”ни энг кўп қўлга киритганлар

“Оскар” дунёдаги энг нуфузли киномукофотлардан бири саналади. Уни қўлга киритиш ҳамма актёрлар ва актрисаларга насиб қилавермайди. Қанчалик машҳур ва севимли бўлмасин, ҳатто Леонардо Ди Каприо ҳам “Оскар”га осонликча эришгани йўқ.

Энг кўпи (11та “Оскар”) — “Титаник” фильмида

Киномукофот тарихида ажойиб учта фильм борки, уларнинг рекордини ҳали ҳеч ким янгилай олгани йўқ. Буларнинг биринчиси “Бенҳур” (1959 йил) — режиссёр Уильям Уайлернинг кинофильми бўлиб, “Оскар”дан ташқари, тўртта “Олтин глобус” ҳамда “Энг яхши фильм” номинациясида Британ кино ва тевизион санъат академияси “BAFTA” мукофотини қўлга киритган. Рўйхатда иккинчи ўринни режиссёр Жеймс Кэмероннинг афсонавий “Титаник” (1997) кинокартинаси эгаллайди. Фильм 14та йўналишда мукофотга номзод қилиб кўрсатилган ва 11та ҳайкалчага лойиқ топилган. Аммо “Энг яхши актриса” (Кейт Уинслет) ва “Энг яхши актёр” (Леонардо Ди Каприо) номинациясида ғолиб бўлмаган. Учинчи ўринда режиссёр Питер Жексоннинг “Узуклар ҳукмдори: Қиролнинг қайтиши” (2003 йил) фильми бўлиб, бу — “Энг яхши фильм” номинациясида фантазия жанрида “Оскар” олган биринчи ва ҳозирча ягона фильм.

26 ҳайкалчали мультипликатор

“Оскар” бўйича рекордчи мультипликатор, сценарийнавис, режиссёр ва актёр Уолт Диснейдир. Дисней 59 марта мукофотга номзод қилиб кўрсатилган ва уни 26 марта қўлга киритган. Шундан учтаси — фахрли мукофот. Уолт Дисней “Жонли саҳро” ҳужжатли тўлиқ метражли фильми, “Аляска эскимоси” ҳужжатли қисқа метражли фильми, “Ғувиллаш, чийиллаш, жаранглаш ва гумбурлаш” қисқа метражли фильми ва “Айиқлар мамлакати” қисқа метражли фильми учун бирданига тўртта мукофотни қўлга киритди. Диснейни ҳатто ўлимидан кейин ҳам 1969 йилда (режиссёр 1966 йилда вафот этган) “Айиқча Винни ва ташвишлар куни” қисқа метражли мультфильми учун мукофотга номзод қилиб кўрсатишди.

Кэтрин Хепберн — 12та номинация ва 4та мукофот

Америкалик актриса Кэтрин Хепбёрннинг рекордини ҳали ҳеч ким янгилай олмаган. У “Эрта насиб қилган шон-шуҳрат” (1934 йил), “Тушликка ким келишини топ?” (1968 йил), “Шер қишда” (1968 йил) ва “Тилла кўлда” (1982 йил) фильмлари учун 4та олтин ҳайкалчани қўлга киритган. Тўртта мукофот ҳам унга “”Энг яхши актриса” номинациясида насиб қилган.

Ингрид Бергман — 7та номинация ва 3та мукофот

Швед-америкалик актриса Ингрид Бергман “Газли чироқ” (1932 йил) ва “Анастасия” (1957 йил) фильмидаги роли учун “Энг яхши актриса” номинациясида, “Шарқий экспрессдаги қотиллик” (1975 йил) фильмидаги роли учун эса “Иккинчи даражали ролдаги энг яхши актриса” номинациясида “Оскар” билан тақдирланган.

Дэниел Дэй-Льюис — 6та номинация ва 3та мукофот

Дэниел Дэй-Люьис — энг яхши актёр сифатида уч карра “Оскар” мукофоти билан тақдирланган Америка киноакадемияси тарихидаги ягона актёр. Бу фильмлар — “Менинг чап оёғим” (1989 йил), “Нефть” (2007 йил) ва “Линкольн” (2012 йил). Станиславский тизимига эргашувчи Дэниел Льюис ролга яхшироқ киришиш мақсадида у ҳар гал ўзи учун янги синовларни ўйлаб топган. Масалан, “Менинг чап оёғим” фильмидаги церебрал фалажга чалинган одамни ўйнаш учун учун касалхонага тез-тез борган, ҳатто жисмоний имконияти чекланган бир неча бемор билан дўстлашиб олган.

Мерил Стрип — 21та номинация ва 3та мукофот

Америкалик актриса Мерил Стрип ҳам номинациялар бўйича рекордчи саналади. У илк “Оскар”ини 1980 йилда Роберт Бентоннинг “Крамер Крамерга қарши” (1979 йил) ижтимоий драмасидаги роли учун олган. Фильм бешта олтин ҳайкалча билан тақдирланган. Иккинчи “Оскар”ини Мерил Стрип режиссёр Алан Пакуланинг “Софининг танлови” (1982 йил) драмасидаги муҳожир поляк аёл роли учун олган. 2011 йилда Стрип Филлид Ллойднинг “Қаттиққўл хоним” драматик биографик фильмида Буюк Британия бош вазири Маргарет Тэтчерни ўйнаб, учинчи марта “Оскар” ҳайкалчасини қўлга киритди.

Жек Николсон — 12та номинация ва 3та мукофот

Америкалик актёр Жек Николсон илк “Оскар”ини Милош Форман 1975 йилда Кен Кизининг “Какку уяси узра парвоз” романи асосида суратга олган фильми учун олган. Иккинчи ҳайкалча эса Жеймс Брукснинг “Мулойим сўзлар” (1983) истеъфодаги астронавт Гаррет Бридлав роли учун насиб этди. Николсонга яна режиссёр Жеймс Брукснинг “Бундан яхши бўлмайди” (1997) фильмидаги асабий ёзувчи Мелвин Юдалл роли учинчи “Оскар”ни олиб келди.

Вуди Аллен — 23та номинация ва 4та мукофот

Америкалик режиссёр ва актёр Вуди Аллен бир неча марта замонамизнинг энг буюк кинорежиссёрларидан бири сифатида тан олинган. Кинодаги узоқ фаолияти давомида Вуди 23 марта мукофотга номзод бўлган ва тўрт марта “Оскар” ҳайкалчасини қўлга киритган. “Энни Холл” (1977 йил) фильми учун бирданига иккита мукофотни “ўзлаштириб” олган. Бу фильм Вудининг актриса Дайан Китон билан дўстлиги ва ишқий муносабатлари туфайли яралди. Кинокартина Китоннинг асл исми билан номланди, айнан шунинг учун Вуди Аллен бу фильмни ўз муаллифлик услубини ривожлантиришда бурилиш нуқтаси, деб ҳисоблайди. Иккита ҳайкалчани режиссёр “Энг яхши режиссёрлик иши” ва “Энг яхши оригинал сценарий” номинацияларида қўлга киритди. Режиссёрнинг “Оскар”га муносиб топилган кейинги иши — “Ханна ва унинг опа-сингиллари” (1986 йил) ҳам “Энг яхши режиссёрлик иши” йўналишида ғолиб бўлди. “Парижда ярим кеча” (2011 йил) фильми “Энг яхши оригинал сценарий” йўналишида Алленнинг “Оскар” олишига сабаб бўлди. Қизиғи, Аллен фақат бир марта маросимда шахсан иштирок этиб, саҳнада нутқ сўзлади. Бу 2002 йилда 74-марта ўтказилган маросимда, Америка киноакадемияси 2001 йилнинг 11 сентябридаги фожиадан сўнг америкаликларни ва миллий кинони қўллаш ҳақидаги илтимос билан таклифнома жўнатгандан сўнг юз берди. Вуди таклифни қабул қилиб, ўзи ёқтирмайдиган Лос-Анжелесга келди ва ҳамкасбларини ўзи ёқтирган шаҳар — Нью-Йоркда суратга олишда давом этишга даъват қилди.

Севара АЗИЗ тайёрлади.