Чоршанба, 21 Fevral 2018

“Қорабайир” от заводи қаерда қурилди?

Шу йилнинг 15 июнь куни Ўзбекистон Республикасида йилқичилик ва от спортини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги давлатимиз раҳбарининг қарори имзоланган эди. Ҳужжат эълон қилингач, орадан 4 ойдан кўпроқ вақт ўтди. Шу вақт оралиғида нималар қилинди? Қандай амалий натижаларга эришилди?

Миллий от спортининг халқаро довруғини ошириш, янги авлод чавандозларини тайёрлаш ва тарбиялаш, аҳолининг кенг қатламлари, айниқса, ёшлар ўртасида от спортини фаол тарғиб қилиш ва оммалаштириш мақсадида қабул қилинган ушбу ҳужжат азалий анъаналарни тиклаш ё сақланганларини қайта жонлантириш учун ҳам йўлкўрсаткич бўлди десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Негаки бу замин азал-азалдан чавандозлар юрти саналади. Алпомиш билан Барчинойнинг от чоптиргани, жониворни ҳаётларининг бир бўлаги санагани, қандай эъзозлаганини эсланг! Улар бадиий қаҳрамон-ку, дейишга шошилманг! Юртимизда уларнинг издошлари кўп!

Ҳужжатда хорижий давлатларнинг йилқичилик ва от спорти бўйича илғор тажрибаларини жорий этиш, мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳақида ҳам сўз боради. Президент қарорида ёш спортчиларни жалб қилган ҳолда миллий ва халқаро от спорт турларини ривожлантиришга ҳам алоҳида урғу берилган.

Қарорда қайд этилганидек, бир қанча алоқадор мутасадди ташкилотлар таклифига кўра, Ўзбекистон от спорти федерацияси эндиликда Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерациясига айлантирилди. Қайтадан ташкил этилган федерация бундан буён зотдор отларни етиштириш билан ҳам шуғулланади. Бунинг учун унинг ихтиёрида махсус жамғарма ташкил қилинади. Содда қилиб айтганда, зотдор, спорт ва хизмат отларини етиштириш ва селекция қилиш билан ягона тизим шуғулланади ва у 2021 йилгача барча солиқдан озод этилди.

Мутахассисларнинг фикрича, ҳам йилқичилик, ҳам от спорти билан шуғулланувчи тузилма дунёда ягона саналади. Бу ҳам бўлса, бизда, Ўзбекистонда!

Қарорда Қашқадарё вилоятида “Қорабайир” зотли отларни кўпайтириш ҳақида ҳам сўз борганди. Ушбу лойиҳанинг ижроси деярли ниҳоясига етай деб қолди. Яккабоғда қурилган мажмуада назорат ўтиш биноси, иккита автотуроргоҳ, йўллар ва йўлаклар, иккита 200 кубометрлик суғориш ва иккита 50 кубометрлик ичимлик сувини сақлаш ҳавзалари, насос хўжалиги биноси, техникалар учун айвон биноси, очиқ манеж, яъни мусобақалар ўтказиш учун майдон, иккита ем сақлаш омборхонаси қуриб битказилди.

Жами 200 бошга мўлжалланган тўртта 50 ўринли отхона биноси, ёпиқ манеж биноси (маъмурий бино ва 500 ўринли трубина билан бирга), отни механик тарзда қумда ва сувда юрғизувчи ёпиқ манеж биноларида қурилиш ҳамда ташқи мухандислик тармоқлари ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Умумий ҳисобда Қорабайир отчилик мажмуасининг қурилиш-монтаж ишлари бугунги кунга қадар 95 фоизга бажарилди.

Олимларнинг тадқиқотларига кўра, Қорабайир зотли отлар бундан 6-7 минг йил аввал инсоннинг содиқ дўстига айланиб улгурган, 4 минг йил аввал эса зот сифатида ўзини намаён қилган. Бу аждодларимизнинг “От — инсоннинг азалий йўлдоши” деган фикрлари бежиз айтилмаганидан далолат. Неча юз йиллардан буён отда улоқ чопган халқимизнинг “Остонангдан от аримасин”, “От хонадонга барака тилайди”, “От — йигитнинг қаноти” деган фикрлари эса у бизга чиндан содиқ дўст эканини билдиради. Буни англаган ўзбекистонликлар ушбу анъанани давом эттирмоқда. Чиндан энди биз келажакка ўша азалий йўлдошимиз билан бирга қадам қўямиз!

Фозил ЖАББОРОВ.