Жума, 14 Декабрь 2018

“Оқ Халат синдроми”

Организмнинг ҳаёт учун зарур хизматлари орасида қон босими – энг муҳимларидан бири ҳисобланади. Ҳаётнинг давомийлиги ва сифати унинг кўрсаткичига боғлиқ.

Қон босимининг меъёри

Қон босимининг пастки чегараси – 100/60мм, юқори чегараси эса – 140/90мм (уйда ўлчаганда – 135/85мм). Агар бу кўрсатгичдан юқори бўлса, бу гипертония ҳисобланадими? Дарҳол гипертония деб бўлмайди. Соғлом одамда ҳам юриш ва югуришдан кейин, об-ҳаво ўзгариши ва зиқлик ҳолатида, шу жумладан, қаттиқ хурсанд бўлганда ҳам қон босими меъёридан ошиб кетиши мумкин. Руҳий ҳамда жисмоний юкламаларда организмнинг энергетик сарфи ошади. Эҳтиёжни таъминлаш учун у қонни кўпроқ ҳайдаб, артериялардаги босимни оширади. Шунинг учун қон босимининг кўтарилишидан эмас, унинг юқорилиги узоқ вақт сақланадиган вазиятдан қўрқиш лозим.

  • Агар қон босимининг юқорилиги суткада 5-8 соатдан ошмаса, хавотирланишга ҳожат йўқ. Аммо қон босимининг даражаси 100/60мм дан тушмаслиги керак, ҳатто бир-икки соатга ҳам, акс ҳолда бу гипотония ҳисобланади. Инсон ўзида қаттиқ чарчаш ва ҳолсизликни сезади. Юқори қон босимини эса, одамлар одатда ҳис қилишмайди. Унинг маккорлиги ҳам шунда.

 Ўлчаш ва назорат қилиш

  • Қон босимини ҳар куни бир вақтда, яхшиси, эрталаб уйқудан кейин ва кечқурун ўлчанг. Овқатлангандан ёки жисмоний ҳаракатлардан кейин ўлчаманг, натижаси нотўғри бўлади.
  • Қон босимини диванда ўтириб ёки тонометрни тиззангизга қўйиб ўлчаманг. Стулни столнинг ўнг томонига қўйиб ўтиринг. Кийимингизни ўнг енгини юқорига шимаринг. Кийим қўлингизни сиқмаслиги лозим.
  • Манжетни елкангизга кийиб, маҳкамланг, манжет ва терингиз орасига битта бармоқ сиғадиган бўлсин. У ёғига автомат-тонометр ҳаммасини ўзи бажаради, тугмачани боссангиз, бас.
  • Манжетдаги ҳавони охиригача чиқариб ташланг, аммо елкангиздан ечмай туринг. 2-3 дақиқадан кейин қайта ўлчанг, кейин яна такрорланг.
  • Энг кам кўрсатгични асос қилиб олинг. Рақамларни 5 ёки 0 гача яхлитланг, каср сифатида кундаликка ёзинг.
  • Натижани ёшингизга хос меъёр билан таққосланг. Меъёр қуйидаги формула бўйича ҳисобланади: систолик – 102+0,6 х ёш, диастолик – 63 + 0,4 х ёш.

Натижа тўғри чиқмади…

Кўрсаткичлар меъёрга тўғри келмаяптими? Эҳтимол, ўлчашда хато қилгандирсиз.

Қон босими кўрсаткичининг юқори бўлишига стандарт манжетнинг қўлларингизга торлик қилиши ҳам сабаб бўлиши мумкин. Уни ўлчамига қараб олинг, ҳозирда тонометрлар турли ўлчамдаги манжетлар билан сотилади. Агар қон босимини ўлчашдан олдин …

  • Энергетик ичимлик, қаҳва ёки аччиқ чой ичган, шоколад еган, тамаки тутинида нафас олган ёки ўзингиз чеккан бўлсангиз,
  • Қизилмия илдизидан тайёрланган балғам кўчирувчи дори, ўсимликлардан (лимон ўт, женьшень) тайёрланган нейростимуляторлар ва бошқа қон босимини кўтарувчи дорилар қабул қилган бўлсангиз,
  • Асабийлашган, хаёлингиздан ёқимсиз фикрлар ўтган, шифокорга узоқ навбат кутган бўлсангиз,
  • Тез юрган, оғир сумка кўтарган, зинадан кўтарилган бўлсангиз,
  • Касалхона шароити таъсир қилган бўлса, руҳшунослар буни “оқ халат синдроми” дейишади, қон босимининг кўрсаткичи юқори бўлади. Шунинг учун қон босимини поликлиникада эмас, кундалик уй шароитида ўлчаган маъқул.

      Қон босимининг эталони

Ҳар қандай ёшда қон босими 140/90мм дан ошмаслиги, иложи бўлса 120/80мм меъёрида бўлиши керак.

Ёш Систолик (юқорги) қон босими                              Диастолик (пастки) қон босими                             
17-20 ёш 100-120 70-80
21-60 ёш 140дан ошмаслиги 90дан ошмаслиги
60 ёшдан юқори 150дан ошмаслиги 90дан ошмаслиги

 Жасур АБДУРАҲМОНОВ тайёрлади.

Жавоб бериш

E-pochta манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган