Жума, 20 Сентябрь 2019

“Музлаган” юракнинг эриши

Истеъдодли режиссёр ва актёр Алишер Узоқов ўзининг янги “Музлаган” номли фильми катта экранларда мухлислар эътиборига тақдим этилди. Фильм премьерасига келган томошабинларни кўриб айтиш мумкинки, улар маҳоратли ижодкорнинг навбатдаги фильмидан жуда кўп нарсаларни кутишмоқда. Бир-бирига уйқаш комедик жанрдаги фильмлар жонга теккан бир вақтда янги бир комедия дарагини эшитган томошабинларнинг ҳаяжон билан яна санъат саройига келишгани бу гаплармизни тасдиқлайди.

Фильмда асосий ролларни Алишер Узоқов, Бобур Йўлдошев, Расул Каримов, Умид Ҳамдамов, Ситора Фармонова, Феруза Норматовалар  ижро этишган. Сценарий муаллифи ва саҳналаштирувчи режиссёр  Алишер Узоқов 11 ёшида  Шотландияга кетиб, ўзининг маънавий қиёфасини бутунлай ўзгартирган йигитнинг руҳий ҳолатини тасвирлашда ўзига хос усулда ечим топган. Ўтган йигирма йил ичида миллий анаъна ва урф-одатларини унутган, “юбка кийиб” она юртига қайтиб келган йигитнинг саргузаштларига ҳам йиғлагинг, ҳам кулгинг келади. Яхшиямки, Тоирга биринчи муҳаббати йигирма йилдан сўнг яна рўбарў келди ва шифокорлар ҳам даво тополмаётган касални даволади. Ҳа, азизлар, асл муҳаббатгина инсонни асл қиёфасига қайтара олади. Ўзлигини ёдга солади.

Алишер Узоқовнинг ўзига хос топилмалари ва комик қарашлари ҳамиша томошабинни  самимият оламига чорлаб келган. “Музлаган” юракнинг эриши ҳам сизни эътиборсиз қолдирмаслигига ишонамиз.

М.ТОЖИМАМАТОВА.