Душанба, 18 Ноябрь 2019

“Ёлғон”чини фош этамиз

Ҳали ҳеч бир ота-она фарзанди илк бор ёлғон гапирганида бундан қочиб кетишнинг уддасидан чиқа олмаган. Бу каби вазиятлар ота-оналарга изтиробли ҳиссиётни “ҳадя этиши” билан бирга бир вақтнинг ўзида юракларда хавотирни уйғотади. Бола ёлғонни қаердан олади ва бунга қандай муносабатда бўлиш керак?

Болага ёлғон гаплар қаердан келади?

Бу саволга жавобни қуйидаги бандлардан билиб олиш мумкин:

Тақлид. Бола ёлғон сўзлаб, ота-онасининг ҳулқига тақлид қилиши мумкин. Эътибор беринг, эҳтимол, сиз ўзингиз фарзандингизнинг ёлғон гапиришига шароит яратиб бераётгандирсиз. Сотиб олган нарсангизнинг нархини турмуш ўртоғингиздан бекитиш мақсадида фарзандингиздан отасига бу ҳақда ҳеч нима демаслигини илтимос қиласиз. Бир сўз билан айтганда, бола ёлғон гапириш ёмонлигини сўзларингиздан уқиши мумкин.

Қўрқув. Кўпинча болалар қилган ножўя ҳаракатларини яшириш мақсадида сизга ҳамма нарса ҳақида айтавермайди. Сабаби улар сизнинг жазолашингизни билиб, ўз айбини яширишга ёки ҳақиқатни ошкор этмасликка ҳаракат қилади.

Болангиз ёлғон гапиргани фош этилганда, уни қаттиқ жазоламанг. Негаки, бундай йўл тутсангиз, фарзандингиз  қаттиқ жазоланишини билиб, ҳақиқатни яшириш керак, деган (идишни синдирса ёки икки баҳо олса) фикр унинг миясига ўрнашиб қолади.

Тасаввурдаги ўйин. Шундай ҳолатлар бўладики, катталар ёлғонни бола фантазияси дея шунчаки қабул қилишади.

Менга ёрдам керак. Такрорланадиган ёлғонда англаб бўлмас ҳаракат ҳамда ўзига эътибор қаратишга муҳтожлик яширинади.

Меҳр ва қўллаб-қувватлаш. Бу ерда алоҳида эътибор талаб қилинади. Эҳтимол, сизнинг фарзандингизга бўлган қизиқишингиз (мақтов, унинг иштироки, муҳаббат сўзлари), қачонки, у бунга ўз муваффақиятлари билан эришганда пайдо бўлар. Фарзанд учун энг муҳими, ўзининг яхшилигини, қандайдир сабаб бўлмаса ҳам уни яхши кўришингизни эшитишдир.

Нима  қилиш  керак?

  • Ёлғонга нисбатан бефарқ бўлманг. Яъни вазиятни ҳазилга бурманг;
  • фарзандингизнинг кечирим сўрашига имкон беринг;
  • боланинг ёлғон гапирганини сезган заҳотиёқ, ўзингизни бундан бехабардек тутиб, сўроқ-саволга ўтманг. Бу билан болани ёлғон орқали рост гапиришига тўсқинлик қилган бўласиз;
  • жазо тариқасида уни ёқимли бўлган воситалардан (компьютерда ўтириш, ширинлик ейишдан ёки ўртоқлари билан ўйнашдан) маҳрум қилманг, балки вазиятни тўғрилашига имкон яратинг.

Фарқини  топинг

Баъзан бола ёлғон эмас, тасаввурида рўй берадиган воқеалар ҳақида сўзлаган бўлиши ҳам мумкин. Ёлғон ва тасаввур орасидаги фарқни билиш осон. Ёлғоннинг асосий фарқи шундаки, агар бола гулдонни ўзи эмас, укаси ёки мушук синдирганлигини айтса, билингки, у ўзининг фойдасини кўзламоқда. Яъни  айбни бошқага ағдариб ўзи “сувдан қуруқ” чиқмоқчи. Ёки кичкинтой соғлом бўлса-да, ўзини касалга солса, у ўзига кўпроқ эътибор қаратишни истайди. Бунинг учун болани уришиб бўлмайди, аксинча эркалатиб, унга етарлича вақт ажратсангиз бас.

 Биласизми?

  1. 3-6 ёшгача бола ҳақиқий ҳаётни тасаввуридаги олам билан алмаштириб қўяди. Шунинг учун бу ёшдаги болаларни ёлғон гапиради деб ҳисоблаш эрта.
  2. 6-12 ёшга келиб бола онгида ҳақиқий ҳаёт ва тасаввур орасида чегара пайдо бўлади. Бу ёшдаги боланинг гаплари ярми чин, ярми ёлғондан иборат бўлиши мумкин.

 Ёлғон гапирганда:

Инсон беихтиёр безовталаниб кўзларини  суҳбатдошидан олиб қочади, сўзларига ортиқча урғу беришга интилади, жойида ўтиролмайди, лабини тишлайди. Ёлғонни фош этишда бу белгилар сизга ёрдам берса, ажабмас.

Фойдали маслаҳатлар:

Ҳадеб боланинг камчилигини юзига айтиб, уни тергайверманг. Бу ҳолат такрорланаверса, у гапингизга қулоқ солмай қўяди. Унинг ҳаракатларидан хурсанд бўлмасангиз-да, дарҳол “ёлғончи”, “дангаса” каби ёрлиқлар билан “тақдирламанг”. Бунинг ўрнига “Ёмон баҳо олдингми-йўқми, деб хавотирландим”, деганингиз маъқулроқ.

 ҲАДИЙЖА тайёрлади