Сешанба, 18 Декабрь 2018

“Иш қидиряпман…” Мавжуд тавсияларга ёшингиз тўғри келмаяптими?

40 ёшдан кейин аёл кишининг иш топиши осон эмас. Янги соҳада иш бошлашнинг эса сира иложи йўқдек. Эҳтимол, бундай эмасдир?

 Бу ёш ҳар қандай инсоннинг савлатли одамга айланиш билан бирга мансаб ва алоқаларга эга бўлиши, молиявий барқарорликка эришиши керак бўлган даври ҳисобланади. Аммо бир неча йил туғруқ таътилида бўлиб, ишга қайтишни истаган аёл нима қилсин? Ёки турли сабабларга кўра хизмат соҳасини ўзгартиришни хоҳлаган аёллар-чи?

Қўшимча таълим

Агар ўзингизни янги соҳада синаб кўрмоқчи бўлсангиз, ихтисосни ўзгартириш курсларидан ўтишингизга тўғри келади. Айнан шу усулда собиқ уй бекалари ҳисобчиларга, ҳисобчилар сартарошларга, сартарошлар эса ландшафт дизайнерларига айланишади.

Танловга масъулият билан ёндашинг. Икки ойлик ўқишдан кейин малакали дастурчи ёки уста таржимонга айланишингизни ваъда қилувчи фирибгарлардан эҳтиёт бўлинг. Обрўли ва таълим сифати яхши бўлган ўқув курсларини изланг. Одатда, муносиб таълим дастурлари олий ўқув юртлари ва коллежлар базаларида фаолият юритади.

Ишни бир-бирига яқин бўлган соҳалардан изланг

Катта ёшда касбий ҳаётни бошидан бошлаш жуда қийин. Ўзингизга бир оз таниш бўлган соҳада эса бу анча осон. Масалан, ЙҲХ давлат инспекцияси собиқ ходими пенсияга чиққач, машиналарни яхши билгани учун автомеханикликка ўқимоқчи бўлади, аммо автомобиль салонига сотувчилар кераклиги ҳақидаги эълонни кўриб, у ерга ишга жойлашади. Мижозларнинг кўпчилиги унинг ёшидаги эркаклар бўлгани учун улар билан тил топишиши ҳам осон бўлиб, вазифасини аъло даражада бажаради.

Талабларингизни чекланг

Касбингизни ўзгартирганингизда дарҳол катта маош тўламасликларига тайёр бўлишингиз керак. Даромад ёшга эмас, тажрибага боғлиқ.

Эндиликда меҳмонхона директорининг ўринбосари бўлиб ишлаётган аёл беш йил олдин туғруқ таътилидан чиққач, уйи яқинидаги меҳмонхонага маъмур лавозимига ишга кирмоқчи бўлган. Инглиз тилини яхши билишига қарамай, ёши туфайли уни ишга олишни исташмаган. Шунда у бир ой синов муддати билан маошсиз ва расмийлаштирилмаган ҳолда ишга олишларини таклиф қилган. Бир ой бор кучини сарфлаб сидқидилдан меҳнат қилгач, синов муддатидан сўнг уни расман ишга олишган.

Танишлар ёрдамидан фойдаланинг

Кўпчилик иш берувчилар бўш иш ўрнини тавсифлашда номзоднинг тахминий образини тасаввур қилишади. Агар иш қидирувчи бу образга мос келмаса, унинг номзоди умуман кўрилмайди. Шу сабаб, ёши қирқдан ошган аёлни суҳбатга таклиф ҳам қилишмайди. Аммо бўлим бошлиғи у ҳақида дўстларининг бири, таниши ёки ҳодимларидан эшитса, номзодга муносабат ўзгача бўлади. Раҳбарга номзоднинг ишончлилиги, маҳорати, фаоллиги, ташаббускорлиги ва бошқа яхши фазилатлари ҳақида гапиришади ва ёш масаласи ўз-ўзидан иккинчи даражали бўлиб қолади. Шунинг учун барча дўстларингиз, танишларингиз, яқинларингизни ишга солинг. Сиз иш излаётганингизни ҳамма билсин. Бу борадаги таклифи кутилмаган жойдан чиқиб қолади.

Янги ғояларни таклиф қилинг

Ёши катталарни суст, қизиқарли фикр ва ғояларга эга эмас, деб ҳисоблашади. Сиз иш берувчининг онгидаги андозага айланган бу фикрни йўқотишингиз керак. Айтайлик, мактаб ўқувчилари учун қўшимча ривожланиш марказига ишга кирмоқчи бўлдингиз. Синф хоналарини қандай қилиб қизиқарли ва арзон безаш, қандай дастурларни киритиш, ота-оналар учун қандай машғулотлар ўтказиш, марказга янги мижозларни қандай жалб қилиш ҳақидаги ўз фикр ва ғояларингизни таклиф қилинг. Шунда ёш масаласи тўғрисидаги саволга ўрин қолмайди.

Д.ТОҒАЕВА тайёрлади.