Душанба, 16 Июль 2018

“Қирқ тоғоранинг қирқ ноғораси ”: орадан 10 йил ўтиб…

Ўзбегимнинг  ҳеч бир халқда топилмайдиган антиқа удумлари ҳақидаги  ниҳоятда долзарб ва ўта миллий муаммо ортидаги машмашаларни телеэкранга олиб чиққан “Қирқ тоғоранинг қирқ ноғораси” сериалини ҳаммамиз қайта-қайта  томоша қилганмиз. Ушбу сериал  ҳақида фикр билдирган юртимизнинг биринчи президенти Ислом Каримов: “Қирқ тоғоранинг қирқ  ноғораси” сингари сериаллар орадан йиллар ўтиб ҳам ўз актуаллигини йўқотмайди”, деган эди. Бугунги кунда ҳаммамиз бу  сўзлар қанчалар тўғри айтилганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Шу йилнинг ёз ойларида сериалнинг томошабинлар ҳукмига ҳавола этилган  иккинчи фасли  кўп сонли мухлислар эътиборига тушди.  Сценарий муаллифи, тажрибали  журналист Марат Асадуллаев билан янги фаслнинг яратилиш жараёни ҳақида суҳбатлашганимизда ажойиб янгиликни эшитдик…  

Марат ака, сериалнинг биринчи фасли ҳақида берган интервьюингизда: “Кейинги фаслда  ўнта эмас, йигирмадан ортиқ оиланинг тақдири кўрсатилади. Шунингдек, янги серияларда ўн йил аввал нотўғри қўйилган қадамнинг фожиаси ҳам бор…” дегандингиз. Иш режангиздагидай кечдими?

— Янги фаслда сериал қаҳрамонларининг орадан 10 йил ўтгандан кейинги тақдирлари кўрсатилиши керак эди. Биринчи фаслдаги урф-одатлар масаласидан  чекинган ҳолда, асосан ижтимоий ҳаётга урғу берилди. Актёрларимиз Тоҳир Саидов ва Хосият Ҳусановалар ижросидаги қаҳрамонларнинг тақдири мисолида, бир оиланинг инқирози сабабли рўй берган фожиа кўрсатилди. Томошабинлар Малика Иброҳимова ва Рустам Каримов оиласининг тақдири мисолида нопок йўл билан топилган пулнинг вафо қилмаслиги, “ҳовлисини сотиб, чет элга кетган ватангадолар” оиласининг пароканда бўлиши фожиасига гувоҳ бўлишди. Буларнинг барчаси бугунги кунимизнинг оғриқли масалалари, ҳаётда ҳаммамиз гувоҳ бўлаётган, ечимини топишга ҳаракат қилаётган муаммоларимиз.

Нима сабабдан сериалдаги  актёрлар таркиби ўзгарди?

—  Биринчи фаслда асосий қаҳрамонлардан бири бўлган  севимли актрисамиз Саида Раметованинг қаҳрамонини иккинчи фаслда актриса Гулбаҳор Йўлдошева ижро этдилар. Бунга сабаб, сериал суратга олинаётган вақтда  Саида Раметова театрдан ишдан кетиб, бир оз тушукунликка тушган пайтлари эди, ўз хоҳишлари билан ролдан воз кечдилар. Шу туфайли  биз бу образни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Йўлдошевага топширдик. Одатда баъзи  актёрлар бошқа касбдоши ижро этган ролнинг давомини ўйнашга рози бўлмайди. Фурсатдан фойдаланиб, бунга рози бўлганлари учун  Гулбаҳор опага миннатдорчилик билдирмоқчиман. Улар билан ишлаш жараёнида иқтидорлари ва тафаккурларига тан бердим. Баъзи инжиқликларини кўтаришимизгаям тўғри келди. Сценарийдаги “Мана буни ўйнаёлмайман, ҳазм қилолмайман” деган жойларини қайтадан ёзиб берган пайтларим ҳам бўлди ва актриса Гулбаҳор Йўлдошева  Ёқуб Аҳмедов билан партнёрликда ажойиб она сифатида намоён бўлдилар. Севимли санъаткорларимиз Пўлат Саидқосимов ва Эркин Комиловлар ижросидаги қаҳрамонлар ҳам мукаммал образ даражасида яратилди. Асосий қаҳрамонимиз бўлган “куёв йигит”  чет элда эканлиги боис ва келин ролидаги қизимиз турмушга чиқиб кетгани сабабли уларни ҳам ўзгартиришимизга тўғри келди. Куёв болани Теша Мўминовнинг ўз ўғиллари Толиб Мўминов ва унинг рафиқасини Азизахон исмли қизимиз ўйнашди. Уларнинг ҳам ижросидан кўнглим тўлди.

Демак, суратга олиш жараёнлари ортиқча қийинчиликларсиз кечибди-да?

— Сериални тасвирга тушириш мураккаб жараён. Актёрлар гуруҳи, ижодкорлар жамоаси, воқеалар содир бўладиган манзиллар ва уй-жойлар эгаларининг бошларини қовуштириб, бир вақтда бир жойга жамлаш ниҳоятда мураккаб иш. Кутилмаганда содир бўлган бирор воқеа эса ойлаб тайёрлаган  режангизни чиппакка чиқариб юборади. Суратга олиш жараёни бошланганининг  учинчи куни Турсуной ролининг ижрочиси Муқаддас Ҳолиқова тоблари қочиб, касалхонага тушиб қолдилар. Режиссёримиз Ҳамид ака: “Энди  ролларини  кимга берамиз?”  деб саросимага тушганларида, мен:  “Хавотир олманг, Муқаддасхон дардгаям чап берадиган, чапдаст аёл. Тасвирга олиш жараёнлари ҳали бир йил давом этади. Муқаддасхон иштирок этмайдиган воқеаларни олиб турамиз, бу орада  сафимизга қайтадилар”, деб ишонч билан тасалли бердим. Дарҳақиқат, севимли санъаткоримиз нафақат дард, балки унинг асоратлариниям  енгиб, яна ижодга қайтдилар. Ва ҳеч нарса бўлмагандек сериалнинг тасвирга олиш жараёнларига қўшилиб, улфатлари учун жонкуяр, ҳалол, тўғрисўз, қалби тўла дард бўлсаям бошқаларнинг дардига шерик бўладиган тадбиркор аёл образини яратишга муваффақ бўлдилар.

Иш бор жойда, қийинчилик, тасодифлар бўлиши, табиий. Сценарий бўйича Гулбаҳор Йўлдошева, Зуҳра Ашурова, Муқаддас Холиқоваларнинг қаҳрамонлари ўн йилдан сўнг бир чорраҳада машиналари тўқнашиб, учрашиб қолишади. Суратга олши жараёни тунда бўлиб ўтди, кун совуқ.  Одатда операторимиз Маннон Зуннунов суратга олган материалларни компьютерга тушириб қўйиб, кейинги эпизодларни суратга олишга киришаверарди. Монтаж қилиш олдидан қидирамизки, ўша лавҳа ердаям, кўкдаям йўқ. Компьютерда титмаган жойимиз  қолмади, йўқ!  Ана энди асабийлашишни кўринг!   У саҳнани қайтадан ташкил қилиш учун озмунча ҳаракат керакми? “Тез ёрдам”, ДАН инспекторининг машиналари, пачоқ бўлган машинани олиб келиш керак бўлади… Шуларнинг ҳаммасини ўйлаб, бошқа чора йўқлигини билган ҳолда  ДАНдан рухсат олиш учун махсус хат ёзиб, монтажчи Мурод Одиловга:  “Қани, компьютерни яна бир қараб кўр-чи?” десам, чиқиб турибди-да!  Қаёққа йўқолганди, қаердан пайдо  бўлди, билмадиг-у… топилганидан  бошимиз осмонга етгудай хурсанд бўлдик. Ана шундай кутилмаган ҳолатларни енгган ҳолда, ҳеч қандай   бюджет ажратилмаган, фақат муаллиф, режиссёр ҳамда актёрларнинг жонбозликлари билан белгиланган лойиҳанинг ярми, яъни  20 қисми  суратга олинди.

Сериал томошабинлар учун катта совға бўлди

— Худди шундай. “Қирқ тоғоранинг қирқ ноғораси” сериали томошабинларимиз қалбига шунчалар мустаҳкам кириб борган эканки, “Қирқ тоғоранинг қирқ ноғораси” сериалининг давомини суратга олиш учун уй қидираётгандик” , деган гапимизни эшитиб, бизга уйларини бўшатиб берган инсонлар топилди. Биз томошабин учун, меҳнат қилдик. Лекин иш тўлиқ режалаштирилганидай амалга ошмагани, чет билан боғлиқ саҳналарни суратга олишнинг имкони бўлмаганига ўхшаш холатлар ижодкор одамни  хафа қилади, тушкунликка туширади, албатта…

Ижодкорни тушукунликдан нима қутқаради?

— Нима қутқарарди, албатта, ижод-да! Шу кунларда ойнаи жаҳон орқали  барча севиб томоша қилаётган  турк ижодкорларининг “Косем” телесериалига ҳавас қилиб,  “Ахир Турон заминининг тарихида ҳам бугунги авлодга айтиладиган жуда кўп маълумотлар бор-ку?” деган хаёл менга тинчлик бермай қўйди. Икки йил аввал таниқли ёзувчи  Нурали Қобул Амир Темур ҳақида бошлаган 18 томлик солномасининг ярмини чоп эттирганида, ушбу асарни ўқиб, “тайёр телесериал экан”, дегандим-у, бу осон иш эмаслигини билиб,  жазм қилмагандим.  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган  санъат арбоби, таниқли кинорежиссёр  Ҳожимурод Иброҳимов   “Менда ана шундай тарихий мавзуда ёзилган Мирзо Улуғбек телесериалининг тайёр сценарийси бор..” деб менга бундан 25 йил муқаддам  Бўрибой Аҳмедов ва Шуҳрат Аббосов  билан ҳамкорликда ёзилган 20 серияли  сценарий матнини  берди. Телесериал  жуда мураккаб ва турли фитналарга бой Улуғбек ҳаётининг охирги икки йили ва фожиаси ҳақида  экан. Уни ким экранлаштира олиши ҳақида ўйлаб турганимда, Президентимиз Хоразм воҳаси меҳнаткашлари  билан учрашиб: “Сизлар Жалолиддин  Мангубердидек буюк саркардани етиштирган элнинг фарзандларисиз.  Ҳатто Чингизхон ҳам унинг мардлигига тан бериб: “Жалолиддиндек ўғлим бўлганида мен бу дунёдан беармон ўтардим”, деган. Сизлар бу қаҳрамон  хақида фильм  яратинглар…” деб мурожаат қилдилар. Мен ўша куни Нурали Қобулнинг рафиқаси таниқли ёзувчи Шаҳодат  Исахонованинг “Туркан хотин” романини қайта ўқиб чиқиб, Турон салтанатининг тарихига бағишланган Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Улуғбек мирзоларнинг ҳаёти ва ўша даврларга бағишланган трилогия телесериални яратиш лойиҳаси ҳақида ўйлай бошладим. Ва устоз кинорежиссёр Шуҳрат Аббосов  бошчилигида Ҳожимурод Иброҳимов, Нурали Қобул,  Шаҳодат Исахоноваларнинг  розилиги билан таниқли кино ва телережиссёр Жаҳонгир Қосимовни  бош режисёрликка таклиф қилдим. У “Менга тайёр сценарийни берсангиз. Устоз Шуҳрат Аббосовнинг оқ фотиҳалари билан жон деб ишлайман”, деб розилик билдирди. Шу кунларда Турон салтанати давридан ҳикоя қилувчи ҳар бири 100 қисмдан иборат 3 мавсумли телесериалнинг матни ана шу ижодий гуруҳ иштирокида ёзилмоқда. Мақсад, Қорахонийлар давлатининг парчаланиши  ва Хоразмшоҳ даврида Жалолиддин Мангубердининг  мўғул босқинчиларига қарши кураши, Амир Темур салтанати пайдо бўлиб, невараси Улуғбек томонидан у бошлаган ишнинг давом эттирилиши каби тарихий воқеалар орқали бугунги ёшларда кимларга муносиб авлод бўлишлари кераклиги ҳақида тўла тасаввур уйғотиш, умуминсоний қадриятлар асосида эзгуликни тараннум этиш.

  Туҳфа НАЗАРОВА суҳбатлашди.