Душанба, 18 Ноябрь 2019

“InterCOM-2018”:Миллий ахборот майдонида кимлар ғолиб?

Миллий ахборот миқёсида фойдаланувчилар учун қулай бўлган контент ва ахборот хизматларининг энг яхши намуналарини биласизми? Рақамли иқтисодиёт, электрон савдо, миллий ахборот манбалари ҳамда турли кўринишдаги хизматларни янада ривожлантириш учун нима қилмоқ керак? 

Пойтахтимизда “Internet, kommunikatsiya — InterCOM-2018” биринчи миллий кўргазмаси бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги кўмагида ўтказилди.

Ёшларимиз ахборот хуружлари қуршовида…

Тадбир иштирокчиларининг таъкидлашларича, ҳозирги кунда ахборотни қабул қилиш ва уни узатишнинг барча воситалари кенг тарқалиб бормоқда. Жаҳондаги барча оммавий ахборот воситалари бу воситалардан керагича фойдаланмоқда. Биргина жадал ривожланаётган интернет тизимининг тараққий топиши айрим ғаразли кучлар учун асосий қурол бўлиб улгурди. Шу сабабли ахборот майдонида мувозанатни сақлаш учун инсон, албатта, мустақил онг ва фикрга эга бўлиши, миллий маҳсулотларимиз хизматидан қониқиши керак.

Ахборот олиш борасида аҳолининг энг фаол қисми ёшлар ҳисобланади. Маълум даражада ижтимоий фойда келтираётган ахборотларнинг истеъмолчилар, яъни ёшлар томонидан олиниши яхши, бироқ беозоргина бўлиб кўринган оддий реклама ҳам муайян мафкуравий мақсадларни ўзида ифода этишини унутмаслик лозим. Шундай экан бундай “илмоқлар”ни кўра-била туриб индамай туришимиз мумкин эмас. Ҳозирги ёшларни ишотириш ва ҳайратлантириш осон эмас. Аммо уларнинг ишончини биргина асосли ва тўғри маълумот орқали қозониш ҳеч гап эмас. Кўргазма иштирокчилари айни мулоҳазалар атрофида баҳслашишар экан, бугунги миллий ахборот майдонида ғолиб бўлиш учун олиб бораётган муҳим лойиҳалари борасида тажриба алмашишди. “Ўзбекистон 24” телеканалидаги ижтимоий-сиёсий кўрсатувларнинг сифати ошиб бораётганини алоҳида эътироф этишди. Шунинг билан биргаликда хусусий телеканаллардаги ижодий эркинлик ижодкорларга ўзгача имконият бераётганлигини ҳам таъкидлашди. “ЗЎР ТВ” теканали ижодкорлари мухлислар томонидан энг яхши кўнглочар дастурлар телеканали сифатида айтиб ўтилди.

Электрон ва “қоғоз китоблар” рақобати

Кўргазмада қатнашаётган нашриёт уйларининг янги нашрлари иштирокчиларнинг муҳокама марказида бўлди. Улар томонидан чоп этилаётган китобларни нашриётлардан ҳудудларга арзон нархларда етказиш, онлайн буюртма бериш ва манзилга етказиш тизими суст ривожланган, шунингдек, аҳолига хизмат кўрсатишда электрон китоб шаклларидан кенг фойдаланиш яхши йўлга қўйилмагани алоҳида таъкидлаб ўтилди.

“Бугунги даврда ахборот-коммуникация технологиялари ҳаётимизга шунчалик сингиб кетдики, нафақат кундалик фаолиятимиз, балки ижтимоий-иқтисодий соҳалар ривожини ҳам уларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ахборот технологияларининг бу қадар жадал тараққий этиши китобхонликка ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда, — деди журналистлар билан учрашувда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Лазиз Тангриев. — Бугун жаҳондаги кўпгина босма нашрларнинг адади камайиб, уларнинг онлайн версияси кўпроқ ўқилмоқда. Айни чоғда электрон китоб қурилмалари ишлаб чиқариш кун сайин ўсиши натижасида маҳсулот нархи арзонлашиб, улардан фойдаланиш имкониятлари эса кенгайиб бормоқда. Авваллари бундай қурилмаларда махсус форматдаги китобларнигина ўқиш мумкин эди, эндиликда уларда сурат ва видео томоша қилиш, аудиоматериаллар эшитиш функцияси ҳам мавжуд”.

Маълумки, замонавий электрон қурилмалар ҳатто дангасароқ ўқувчилар учун китоб матнини ўзи ўқиб беради. Шу тариқа нархи арзон, фойдаланиш учун қулай, кам жой банд этадиган ва безиён виртуал китобларнинг тобора оммалашиб бораётгани, ўз-ўзидан, электрон китоблар ва “қоғоз китоблар” ўртасидаги рақобатни кучайтирмоқда.

“Ўсмирларни телевизорга михлаш осон эмас…”

“Кўргазмада бизнинг телеканал ҳам қатнашяпти. Мухлисларнинг телеканалимиз ҳақидаги ижобий фикрлари мени қувонтирди, — дейди “ZO‘R ТВ” телеканали муҳаррири Шоира Мирсодиқова. Ҳозирги пайтда ёшларни, айниқса, балоғат ёшидаги ўсмирларни телевизорга михлаб олиш осонмас, бироқ биз бунинг йўлини топдик, деб ўйлайман. Масалан, “Бу менинг онам” кўрсатувида оналарнинг кўнглини олиш ва фарзандларнинн оналарга бўлган меҳрини ошириш орқали мухлислар эътиборини жалб қила олдик. “Тавба-тазарру” саҳифасини ҳатто ўзим ҳам кўзимда ёш билан тайёрлайман. Бу саҳифага келаётган мактублар ва ижтимоий тармоқлардаги эътирофлар ҳамиша мени хурсанд қилади. “Гувоҳман” кўрсатуви эса ўзининг ҳаётий ва ҳеч ким кутмаган савол-жавоблари билан ўз ўрнига эга бўлди, деб ўйлайман. Бугунги кўргазма бизга мухислар билан учрашиш ва уларнинг таклиф ва мулоҳазаларидан бохабар бўлиш имконини берди”.

“Дизайн ҳам муҳим аҳамиятга эга”

“Китобхонлар эътиборини жалб этиш учун нималарга эътибор беряпсизлар?” — деган саволимизга Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа уйининг маркетинг ва реклама бўлими маркетологи Ўткир Йўлдошев шундай жавоб берди: “Бугунги кунда китобхонлар нафақат китобларнинг мазмунига, балки уларнинг дизайнига ҳам катта эътибор қаратмоқдалар. Демак, дизайн китобни тўла-тўкис баҳолай олиши керак. Ҳозирги кунда электрон китоблар сафи кенгайиб бормоқда. Нашриётимизнинг ўз сайти бор. Китобхонлар ушбу сайтдан китобларимизни бемалол харид қилишлари мумкин”.

Янги лойиҳа ишбилармонга ёрдам беради

Суҳбатдошларимизнинг таъкидлашларича, ҳозирги кунда мобиль иловалар юртдошларимизга кутилмаган имкониятларни тақдим этмоқда. Кўргазмада янги мобиль лойиҳалар ҳам иштирокчилар диққатини тортди. Мазкур лойиҳалар ҳозирги кунда компаниялар фаолиятида муҳим аҳамият касб этмоқда. Масалан, тақдим этилган янги мобиль лойиҳалардан бири ишбилармонларга бепул ва чегарасиз хизматларни таклиф этади. Ушбу лойиҳа ёрдамида тадбиркор юртдошларимизнинг маҳсулотлари янада кўпроқ сотилиши мумкин. Шунинг билан биргаликда сиз ушбу лойиҳага уланишингиз билан сиз билан суҳбатда бўлган барча инсонларнинг сўзлари сақланиб қолади. “Мижоз” сервери муҳим учрашувлар уюштиришда ҳам катта ёрдам беради ва ҳужжатлар билан ишлаш учун қулай тавсияларни тақдим этади. “Очиқ линия” орқали эса ижтимоий тармоқлардаги ҳар бир дўстингиз билдирган мулоҳазалар лаҳза ўтмай, сизнинг иш тизимингизда пайдо бўлади.

Бу жабҳада барчамиз фаол бўлмоғимиз лозим!

Айни пайтда тегишли маълумотлар ва ахборотларсиз жамият ҳаётининг бирор соҳасида самарали фаолият юритиш ёки ижобий натижаларга эришиш мумкин эмас. Ва бу жараёнда миллий маҳсулотларимиздан фойдаланиш  муҳим аҳамиятга эга. Биринчи миллий кўргазманинг ўтказилиши ана шу майдонда фаолият юритаётган юртдошларимизни сергак торттирди. Кўргазмага келган ҳар бир замондошимиз янги бир мезонлар талабларини янада чуқуррроқ ҳис қилди. Эртанги кунимиз равнақи ва камоли  нафақат мутасадди ходимларга, балки эл-юрт олдида ўзини масъулиятли деб билган барча инсонларга боғлиқ эканлигини англаб етишди. Ҳа, ахборот бугун ҳаётимизнинг асосий ОБРАЗИ ва МАЗМУНИ эканлигини англаш пайти келди. Шундай экан уни саралаш жараёнида ҳар биримиз жон куйдирмоғимиз муҳим ва шартдир!

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА.