Душанба, 16 Июль 2018

“Фарзандимиз кимга ўхшади?”

Кўпинча ота-оналар болаларининг қулоқсиз бўлиб улғаётганидан ранжиб, афсус билан уларнинг йўл-йўриқлари, ўгитлари “фарзандининг бир қулоғидан кириб, иккинчисидан чиқиб кетиши”ни айтиб нолийдилар. Аксарият ота-оналар ўзбошимча ўсмир-фарзандларини панд-насиҳат, танбеҳ ва дашном билан тарбиялашга ҳаракат қиладилар.  Жеркиш ва иззалаш билан тартибга чақириш ҳа деганда ижобий натижа беравермайди…

Болалар ва ўсмирларда ўзига хос хулқ-атвор ва кўникмалар  шаклланиши жараёнида  бевосита ота-оналарда мавжуд  бўлган феъл, ўзини тутиш ва муомала маданияти, фикр жоиз бўлса, маданиятсизлиги ҳам муҳим роль ўйнайди. Чунки кичкинтойлар биринчи галда ёши катталарга тақлид қиладилар. “Қондан ўтади” деганларидек, ота-онанинг хулқи, суҳбатлашиш ва мулоқот услуби қанчалик яхши бўлса, болалар ана шундай мулойим ва хушфеъл бўладилар. Агар улар қўрс ва дағал бўлишса, фарзандлар уларнинг ёмон қилиқлари ёки уришқоқлик каби ножоиз қусурларига ўрганадилар. Агар отаси “қизларни ҳурмат қилиш керак” деса-ю, ўзи фарзандининг онасига қўрс гапирса, қандай қилиб болакай рисоладагидай хушмуомалаликка ўргансин? Яна “Сен кимга ўхшадинг-а?!” деб дашном берилса…

Баъзан ота-оналар болаларим қўполлик ёки бошқа хунук нуқсонларни қаердан ўрганишди экан, деб бош қотиришади-ю, ўзлари бир бор фикр-мулоҳаза кўзгусига қарамайдилар. Ҳолбуки, болалар барча ёмон қилиқларни, дағал сўзлик, оғзига келган сўзнинг маъносини англамай айтиб юборишни ўз “устозлари”, яьни ота-оналаридан ўрганадилар.

Агар ёши катталар самимий, озода, ширинсўз, мулоҳазали  ва чор-атрофдагиларга меҳрибонлик кўрсатишга мойил бўлсалар, болалар ҳам шу хислатни юқтириб оладилар. Аксинча бўлса, ота-онасининг феъл-атворидан айнан нусха кўчирилади.

 Фарзандингизга намуна бўлинг

Болалар кўпинча  ота-оналарининг ўзларини тутишларига ва гапириш услубларига тақлид қиладилар. Гўдак бир кўрганини анча пайтгача хотирасида сақлаб қолади. Агар она оғир-вазмин бўлиб, мулоқот чоғида ширин сўзлардан кўп фойдаланса, бола ҳам худди ана шундай бўлишга интилади. Ўз ота-оналарнинг атрофдагиларга қўпол муносабат ва дағал  муоамала қилганини кўрган болалар,  ҳеч шубҳасиз, ўйинлар ва ўзаро суҳбатлашиш чоғида  ахлоқ нормаларига амал қилмайдилар.

Бола билан бирга сайр қилиш чоғида ота-оналар атрофда бўлаётган воқеаларга муносабатларини  билдиришлари лозим.  Жумладан, агар улар биргаликда    чекувчи одамни кўришса,  бу нарса соғлиқ учун ўта салбий таъсир қилишини айтишлари шарт.  Болалар билан суҳбатда кинояли, кўчма маънодаги қўллаш керак эмас. Аксинча, ҳар бир гапни лўнда ва аниқ қилиб тушунтириш лозим.

 Фарзандингиз дарс тайёрлашга эринчоқлик қиладими?

Баъзан  болаларда ўқиш, ёзиш, уйга берилган вазифаларни бажариш учун рағбат ва хоҳиш йўқлиги кузатилади.

Шундай пайтларда сиз телефон орқали яқин кишингиз билан гаплашинг. Сабаби болалар ота-оналари ким билан нима ҳақида галашаётганига жуда ҳам қизиқишади. Суҳбатингиз давомида астойдил фарзандингизнинг меҳнатсевар эканлиги ва бошқа фазилатларини тинмай  мақтайверинг. Масалан, “болам жуда ҳам кўп китоб ўқийди, мактабдан келиши билан дарс тайёрлашга тушиб кетади, карра жадвалини ёддан айта олади, математикадан умуман хато қилмайди”, деб атайин унинг  бажаргиси келмаган фанлардан яхши ўқишини таъкидланг. Кўп ўтмай  болангиз қўлига китоб, дафтарини олиб, дарс тайёрлашга тушиб кетади. Унутманг, болалар  ҳамиша ўз ота-оналарининг  қўллаб-қувватлашлари, ширин сўзлари ва рағбатлантиришларига муҳтож бўладилар.

Туронбека ШАРОФУТДИНОВА тайёрлади.