Пайшанба, 20 Сентябрь 2018

“Арчалар” — Янги йил эртагининг ажралмас қисми

Янги йил байрами одамларга қувноқ кайфият бағишлайди. Бу бежиз эмас, албатта. Айнан шу байрам баҳонасида ишдан, турли ташвишлардан чарчаган одамлар оила даврасида дам олиб, фильмлар томоша қилишади. Кўп йиллардан бери севимли комедияга айланиб улгурган “Тақдир ҳазили ёки қушдек енгил бўлинг”, “Уйда ёлғиз” фильмлари қаторига “Арчалар” (“Ёлки”) сингари замонавий комедияларнинг қўшилгани эса байрамона кўтаринки кайфият муддатини янада узайтиради.  

Михаил Задорнов ижодига мурожаат

Режиссёр Тимур Бекмамбетов суратга олган “Арчалар” фильмининг 2010 йилда ишланган биринчи қисми киноижарада жуда яхши натижа кўрсатди. Томошабинлар эса бу эзгу Янги йил ҳикоясини севиб қолишди. Фильмда ўша пайтда Россия президенти бўлган Дмитрий Медведевнинг байрам мурожаатидаги парчалардан фойдаланилди. Чанғичи ва сноубордчи ҳақидаги новеллалар сюжети эса Михаил Задорновнинг ижодидан олинди. Сатирачи чиқишларидан бирида ўзи ва телебошловчи Леонид Якубович билан содир бўлган худди шундай воқеа ҳақида сўзлаб берганди.

Картина экранларга чиқиши билан ижодкорлар фильмнинг давомини олишга ваъда беришди ва ишга киришишди. 2011 йилнинг илк кунларида “Арчалар-2” фильмининг илк эпизодлари суратга олинди. Суратга олиш гуруҳи Янги йил қандай нишонланишини тасвирга тушириш учун Москва, Санкт- Петербург, Екатеринбург, Пермь, Самара, Новосибирск, Киров ва Остонада бўлди. Биринчи “Арчалар”даги воқеалар ҳам турли жойларда — Москва, Калининград, Пермь, Уфа, Қозон, Екатеринбург каби шаҳарларда юз беради.

“Арчалар-2” фильми 2011 йил 15 декабрга экранга чиқди. Ундаги бош ролларда Иван Ургант, Сергей Светлаков, Алексей Петренко, Ирина Алфёрова, Тимур Орцуевлар суратга тушишди.

“Арчалар-2” фильмида депутат томонидан айтиладиган “Кимдир йўқотади, кимдир топади. Кимдир кетади, кимдир келади” ибораси “Кундузги назорат” фильмидан олинган. Унда ҳам бу иборани Виктора Вержбицкийнинг қаҳрамони — Завулон айтади.

“Арчалар-2” фильми Россия ва МДҲда киноижаранинг илк кунида 1 192 000 доллар тушум қилди.

Яхшилик албатта қайтади

Фильмнинг иккинчи қисми ҳам муваффақиятли намойиш этилгач, Тимур Бекмамбетов учинчи фильмни суратга олишга аҳд қилди. Кинокартина тақдимоти 2013 йилнинг 26 декабрида ўтказилди. Фильмда “Эзгулик бумеранги”, эзгу иш қилган ҳар қандай инсонга дарров бўлмаса ҳам, қачондир албатта яхшилик қайтиши, яхшилик кўрган инсон эса уни ким биландир баҳам кўриши кераклиги ҳақида ҳикоя қилинади.

Киноижаранинг илк кунида “Арчалар-3” фильмидан 2 006 126 доллар тушум бўлди. Бу — “Арчалар-2”никидан икки баробар кўп. Дам олиш кунлари эса фильм 11,5 миллион даромад қилди.

Энг даромадгир фильмлар учлиги

2014 йилнинг январида “Арчалар-3” Россия киноси тарихида энг даромадгир миллий фильмлар учлигидан жой олгани маълум бўлди. Кинокартинани Россия ва МДҲ давлатларида 4,3 миллион нафар томошабин томоша қилди.

“Арчалар-1914” — “Арчалар”, “Арчалар-2” ва “Арчалар-3”нинг муқаддимаси саналади. Фильм тақдимоти 2014 йилнинг 14 декабрида бўлди. Ижарага эса 25 декабрда чиқарилди.

Фильм воқеалари 1914 йилда эндигина бошланган Биринчи Жаҳон уруши фонида Россия империясида юз беради. Олтита новеллада Россиянинг йирик ва кичик шаҳарлари, зодагонлар қўрғонларида ва камбағал оилаларнинг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади. Шу фильмни суратга олиш жараёнида энг оммавий селфи бўйича Россия рекорди ўрнатилди. Акция фонида 349 нафар пермлик, 441 нафар саратовлик, 423 нафар қозонлик, 369 нафар иркутсклик, 312 нафар омсклик, 318 нафар воронежлик ва 420 нафар красноярсклик ўз автопортретини олди.

“Alawar” компанияси “Базелевс” студияси билан ҳамкорликда фильм ғояси асосида шундай номланган ўйин чиқарди.

Халқаро космик станциядаги воқеалар

Тимур Бекмамбетовнинг 2016 йил 22 декабрда экранга чиққан “Арчалар-5” фильмида бош ролларни Сергей Светлаков, Кирилл Плетнёв, Катерина Шпица, Анна Хилькевич, Гоша Куценко, Мария Шукшина ва бошқалар ижро этди. Бу фильм еттита новелладан иборат бўлиб, воқеалар Москва, Санкт-Петербург, Сочи, Челябинск, Пермь, Екатеринбургда, нефть платформасида ва Ердан 400 километр баландликда жойлашган Халқаро космик станцияда юз беради.

Фильм режиссёри Тимур Бекмамбетовнинг айтишича, кинокартина “содиқ томошабинлар” талабининг бажарилиши бўлди: “2015 йилнинг декабри давомида “Bazelevs” студиясига бутун мамлакатдаги кинотеатрлардан томошабинлар янги “Арчалар”ни кутишаётгани ҳақида хабар келиб турди… “Арчалар” Янги йил эртаги, Янги йил мўъжизасининг ажралмас қисмига айланди”.

Муваффақият сири нимада?

Арчалар” фильмининг муваффақияти сабаби шундаки, унда Эльдар Рязановнинг ажойиб фильми — “Тақдир ҳазили”да бўлгани каби (бадиий афзалликларини солиштирмаганда) ҳаммамизни бирлаштирадиган байрам тарихи ҳақида ҳикоя қилинади, — дейди Тимур Бекмамбетов. — Бу байрам — ҳақиқий ўзак. Янги йил — турли байрамлар уйғунлиги, шунинг учун ҳам у ўзгача”.

Ҳаммани бирлаштирадиган яхши кино

“Арчалар” фильмининг бир нечта қисмида бош ролни ўйнаган Иван Ургант “Тақдир ҳазили”ни севиб томоша қилади. “Серёжа (Светлаков) билан мен бошқа-бошқа одамлармиз, аммо “Тақдир ҳазили”ни жуда яхши кўрамиз, — дейди у. — 31 декабрда салат тўғраш учун ошхонага кирганимизда, шу фильм намойиш этилишини янада яхши кўрамиз. Маълум бир пайтда машғулотингни қўйиб, экранга ўгириласан, севимли иборанг айтилишини кутасан ва ўз болалигингни, онангни эслайсан… Қачондир томошабинларнинг қайси биридадир биз “Тақдир ҳазили”га нисбатан ҳис қиладиган туйғунинг ҳеч бўлмаса ўндан бири уйғонса, бундан фақат бахтли бўламиз. Аммо ўз олдимизга бундай вазифани қўймаганмиз. Чунки фақат аҳмоқлар ўз олдига қандайдир чўққиларни забт этиш ёки кимнингдир ўрнини эгаллашдек мақсад қўйиши мумкин. Бизнинг мақсадимиз оддий — ҳаммани бирлаштирадиган яхши кино олиш”.

Янги йил фильмларидаги бўшлиқ

“У пайтда мен катта кинода ишлаш борасида умуман тажрибага эга эмасдим, — дея “Арчалар”даги тажрибаси ҳақида ўртоқлашади бош роллардан бирининг ижрочиси Сергей Светлаков, — шундай бўлса-да, ҳамма таклифларни лупада текширгандек синчиклаб кўриб чиқардим: ўзимга ҳам ёқмайдиган аҳмоқона фильмда ўйнашни истамасдим. “Арчалар”да эса ҳаммаси тўғри келди: кулгили сценарий, ўз ишининг устаси бўлган жамоа. 2010 йилда, суратга олиш гуруҳи билан илк бор учрашганимизда, Россияда Янги йил фильмлари жанрида қандайдир бўшлиқ бор эди. Биз ёш авлод учун “Тақдир ҳазили”га ўхшаш замонавий нимадир яратиш вақти келганини ҳис қилардик. Бу катта байрам арафасида миллатнинг бирдамлик ҳиссини йўқотмаслик учун ҳам керак.

Бу ажойиб фильмнинг (“Тақдир ҳазили”) ўрнини босиб бўлмайди. Бу бутун умрлик одат бўлса керак. Мен барибир “Тақдир ҳазили”ни кўриб салатларни тўғрайман, иамадди пайтида эса “Арчалар”ни кўраман. Биттаси бошқасига халал бермайди. Юмор, оилавий қадриятлар, келажакка ишонч — бу фильмларни энг эзгу ва гўзал туйғулар бирлаштиради”.

Бу йил ҳам “Арчалар”сиз ўтмайди

Ижодкорлари “Арчалар” туркумини яна бир фильм билан бойитишга қарор қилиб, бу йил “Арчалар-6”ни тақдим этишди. Унда бош ролларни Иван Ургант, Сергей Светлаков, Дмитрий Нагиев, Юлия Александрова ўйнади.

“Арчалар-6”да катта мамлакатнинг турли жойларида истиқомат қиладиган, аммо барча одамлар сингари Янги 2018 йилни қалбига яқин инсон билан кутиб олишни орзулайдиган қаҳрамонларнинг янги саргузаштлари ҳақида ҳикоя қилинади.

Женя ва Борянинг дўстлиги оилавий можаро оловида ёниб кетишига бир баҳя қолади; ҳомиладор Қорқиз нижегородлик оилаларни хурсанд қилишга жўнайди; новосибирсклик Галя севимли шифокорининг васлига етиш учун ҳамма нарсага тайёр; арча топиш мақсадида ўрмонга қилган сафари тюменлик ёш олифта ва унинг бўлажак ўгай отаси учун ҳақиқий синов бўлади.

“Арчалар”нинг янги ва томошабинга яхши таниш қаҳрамонлари ошиқ бўлади, жанжаллашади ва ярашади, қаҳрамонона ишлар қилишади, хатоларга йўл қўйишади, аммо нима бўлганда ҳам, Янги йил арафасида қалбларига яқин инсонни топишга уринишади. Уларга фақат мўъжиза… ёки бутун мамлакат ёрдам бериши мумкин!

Севара АЗИЗ тайёрлади.