Душанба, 26 Август 2019

“Ака шариф”дан антиқа совға

Катта экранда “Бир ўпичнинг баҳоси” номли кинокомедия   мухлислар эътиборига ҳавола этилганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Ушбу фильм ижодкорлари атоқли ўзбек ҳажвчиси Саид Аҳмаднинг шу ҳикояси мотивлари асосида ишланган телесериални ҳам томошабинларга тақдим этишди.

Саид Аҳмаддан қолган мерос

Толиб Ҳожиев, фильм продюсери ва бош роль ижрочиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

— Тўғрисини тан оламан, сериални бир оз ҳаяжон билан тақдим этгандик. Кўпчиликдан анча-мунча илиқ сўзларни эшитиб, анча дадиллашиб қолдик. Ўзи аслида-ку, хавотиргаям ўрин йўқ эди. Чунки асар ўзбегимнинг отахон ҳажвчиси Саид Аҳмаддан қолган мерос. Устозининг васиятига кўра уни томошабинларга тақдим этишни ният қилиб елиб югурган каминаи камтарин — ака Шарифниям таништириб ўтиришга ҳожат йўқ. Режиссёр сифатида ўз маҳоратини кўрсатган одам ҳам ҳаммага яхши таниш, кимсан “Бегона баҳор”, “Жийда гули”, “Қизғалдоқ” ва бошқа бир қатор ажойиб фильмлари билан элнинг эътиборига сазовор бўлиб улгурган Иброҳим Расулов. Сценарийнинг ҳар бир сўзини дуру гавҳардек бир чизиққа тизиб берган укамиз — Микоил Сулаймонов. Қалами бунданам ўткир бўлсин, илоҳим! Энди актёрларга келадиган бўлсак, Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комиловни танимайдиган одам йўқ, Зуҳра Солиеванинг “қошингга бит тушгур” деган гапидан қотиб-қотиб кулмаган одамни учратиш қийин. Онахонимиз Шафоатхон Раҳматуллаевани таништириб ўтиришга умуман ҳожат йўқ.  Санъат мухлислари Шерзод Боймуродов, Хосият Ҳусанова, Камронбекларни ҳам яхши танишади.

— Фильмда янги қиёфалар ҳам кўринди, шекилли?

— Устозларнинг “Экрандаги янги чеҳралар фильмни безайди” деган гаплари тўғрилигини ҳам исбот қилдик, десак хато бўлмайди. Каттақўрғон театри артисти Даврон ака, Гулбаҳор Мамедовалар актёрлар ансамблига жуда чиройли тушишди. Энди бу ёғини сўрасангиз, ғирт таниш-билишчилик. “Бир ўпичнинг баҳоси” саундтрекининг ижрочиси ва куёв ролида ўғлимиз Эргаш Ҳожиев, официант — Толмасбек Ҳожиев, Камронбекнинг қўшниси ролида қизимиз Нигорахон Ҳожиева ўйнади. “Ана боринг, борига барака” деб, қизнинг онаси ролини рафиқамиз Шоҳида Тешабоевага бергандик. Бинойидай ўйнаб бердилар. Ҳаммаларига раҳмат, бадиий кенгашдан эшитган биринчи эътирофимиз “Актёрларнинг ҳаммаси тўғри танланган”, деган гап бўлди.

Ҳа, шундай бўлганидан кейин “Мана бу жойи унча чиқмабди”, “Бу жойини кесиб ташланг” ёки “Фалон жойи менталитетимизга тўғри келмайди” деган гапниям эшитмаймиз-да! Бундан кейин ҳам эшитмайлик, илоҳим! Бу гапларимни мақтанишга йўйманг, ҳаммаси айни ҳақиқат.

— Демак, ҳаммаси сип-силлиқ!

—Ҳа(қотиб кулади), Тўлаганнинг ибораси билан айтганда, ҳаммаси сип-силлиқ. Қаҳрамонимнинг бу ибораси анча тилга тушиб қолди, хурсандмиз. Қаерга борсам, “Ака Шариф, ҳаммаси сип-силлиқми?” деб қўйишяпти. Мен ҳам: ”Ўзингиздан сўрасак, ишлар сип-силлиқ кетяптими, ишқилиб?”деб жавоб қайтаряпман. Фильм қаҳрамонининг гапи тилга тушганидан билингки, томошабинга  маъқул, деган фикрдан бошимиз осмонда. Шундай бўлса-да, ижодкор одамларда барибир ҳаяжон бўлиши табииий ҳолат экан. Буни бошдан ўтказиб билдик. Шу ўринда, фурсатдан фойдаланиб, бизни қўллаб-қувватлаб, ҳалолгина меҳнатимизни томошабинга етказишга ҳисса қўшган “ZO‘R TV” телеканалига ҳам  раҳматимизни айтамиз.

Бугунги кунгача халқимизга жуда кўп сериаллар тақдим этилди. Улар орасида кўнгиллардан жой олган, севиб томоша қилинганлари кўп бўлди. Аммо ҳажвий сериал жанрини биринчилардан бўлиб бошлаб берганимиздан хурсандмиз. Қадамимиз қутлуғ келиб, бу ёғига энди ҳажвий сериаллар ҳам кўпайиб кетсин!

— Бадиий фильмни суратга олиш ниятида иш бошлагандинглар, сериал қилиш ғояси қандай туғилди?

— “Бир ўпичнинг баҳоси” фильмини монтаж қилиш жараёнида суратга олинган эпизодлар анчагина эканлигини кўриб, ачиндик. Ҳаммасини бадиий фильмга сиғдиришнинг имкони бўлмади. Ўшанда ”Шунча меҳнат қилиб олинган тайёр материални увол қилмайлик-да, сериал қилиб томошабинларга етказайлик”, деган фикр туғилганди. Яхши ниятга Яратганнинг ўзи етказар экан.

Айниқса, бир пой туфли ҳангомаси ҳамманинг эсида қолибди. Бир даврада “Совчиликка борган одамга янги туфли кийдириш одатини биз ҳам ўргансакми, деб турибмиз”, деб кулишди. “Бутун сериални ёддан айтиб берайми?” деган одамларни кўриб, бир қоп семирдим. Ижодкорга бундан ортиқ баҳо борми?


Тикка тепаликдан югуриш осон бўлмади

Зуҳра СОЛИЕВА, Миллий театр актрисаси:

— Зуҳрахон, қаҳрамонингизни мухлисларингиз қабул қилишдими?

— Қабул қилишди, деб ўйлайман, “Яхши ўйнабсиз”, дейишяпти. Шу ролга мени танлаганларидан хурсандман, чунки режиссёр Иброҳим Расулов билан ишлаш менга жудаям ёқди. Ҳар бир актёрга, сценарийдаги ҳар бир сўзга алоҳида эътибор билан ёндашар эканлар. Ҳар бир эпизоднинг мағзини чақиб, тушунтиришга вақтини ҳам, кучини ҳам аямадилар. Шунинг учун ҳам ролимни ўйнаш менда ҳеч қандай қийинчилик туғдирмади. Озгина қийинчилик — чилла пайти, иссиқда, рўза оғиз ҳолатда суратга тушганим бўлди. Айтгандай, рўзадор одам бир килоли тошни кўтариб, тикка тепаликдан югуришим ҳам осон бўлмади. Тағин айнан  ўша эпизод  5-6 марта қайта-қайта тасвирга олинди. Иброҳим ака ўша тошни эсдаликка сақлаб қўйдилар.


Сир кейин аён бўлди

Иброҳим РАСУЛОВ, режиссёр:

— Мелодрамаларингиз мухлислари “Иброҳим Расулов нега бирдан комедия ишлашга ўтди?” деб ташвишга тушишмадимикин?

— Кўпчилик билмаслиги мумкин. Иброҳим Расулов ўзи аслида кино санъатига “Шариф ва Маъруф” комедиясининг иккинчи режиссёри ва “Ака Шариф Тошкентда” фильмининг режиссёри  сифатида кириб келган. Лекин “мелодрама устаси” ёрлиғига эга бўлиб қолганимдан хафа эмасман. Насиб этганига шукур! Аммо ҳар сафар йиғлатадиган кинони олишга киришишдан аввал актёрларимни роса мазза қилиб кулдириб, “Энди йиғлаймиз”, деб йиғлатаман.

Бу фильмимиз ҳам, аслида комедия эмас, сатира. Буни томошабинларга етказишни қанчалик уддаладик билмадим, фильмнинг замирида “Оила муқаддас. Катта хиёнат ҳам, кичкина хиёнат ҳам, барибир хиёнат” деган маъно бор. Чунки оила — жамиятнинг бир бўлаги, шундай экан, унга хиёнат маҳаллага, яшаётган шаҳрига, юртига хиёнат, деган гап. Мен томошабинлар фильмимиздан ана шу маънони уқиб олишларини истардим.

Фильм ҳам, съёмка жараёнлари ҳам кулгили воқеаларга бой бўлди. Зуҳрахоннинг гапларини давом эттирадиган бўлсам, ўша эпизодда Толиб Ҳожиев бир оз бетоб бўлиб суратга тушгандилар. Қарасам, Зуҳра Солиева рўза оғиз, бир килоли тошни кўтариб ҳам у кишига етиб олай, етиб олай деяптилар. Толиб акага “Тезроқ югуринг!” деган буйруқнинг фойдаси бўлмаяпти. Зуҳрахонга “Сиз секинроқ югуринг” десам, камерада ёлғон сезилиб қолади. Шунга йўлини қилиб: ”Зуҳра, агар Толиб акага етиб олсангиз, шу тош билан урасиз!” дедим. Мўлжалимга кўра, бу гапни эшитган Зуҳра Толиб акани тош билан урмаслик учун, тезликни бир озгина камайтиришлари керак эди. Аммо мени ҳайрон қолдириб, икковлариям  бирданига тезлашиб кетишди. Суратга оляпман-у, Толиб аканинг чопаётганларини кўриб, “Шунча қувватлари бор экан-ку!” дейман ўзимга-ўзим.

Ҳамма сир пастга тушганимдан кейин очилди. Менга тепадан кўринмаган экан. Аллақаердан пайдо бўлган бир ит орқаларидан югургани учун иккалалари ҳам жон-жаҳдлари билан чопишган экан…


60 йиллик тўй ош”и

Толиб ҲОЖИЕВ:

— Фильмимиз мухлисларимизнинг қалбига озгина илиқлик олиб кирган бўлса, бошимиз осмонга етади. Санъаткор учун томошабин билан учрашув, унинг кўнглини топиш — энг олий мақсад. Каминаи камтарин ҳам буни ҳисобга олган ҳолда, шу ерда ўтирган дўстларим билан маслаҳатни бир жойга қўйдим. Яқинлашиб келаётган 60 йиллик тўйимни қайсидир машҳур ресторанда 600 кишига 100 кило ош дамлаб меҳмон қилиб эмас, ўша маблағни шу фильмга сарфлаб, уни томошабинларга совға ўрнида тақдим этиш билан кутиб олишга қарор қилдим. Қоидани бузганим учун улардан узр сўраб,  фильмимизни катта ош ўрнида қабул қилишларини илтимос қиламан. Кино санъатига бўлган меҳрлари ҳеч қачон сўнмасин, дейман. Биз доим уларнинг хизматларида бўлаверайлик!

Туҳфа НАЗАРОВА.