Чоршанба, 19 Сентябрь 2018

“Уйимиз каптархона бўлиб кетди…”

Савол: Мен 4-қаватли уйда яшайман. 1-қаватда яшайдиган қўшним қушларни яхши кўради ва уларга дон, нон беради. Аввалига қушлар кўп эмасди, кейин эса каптарлар ва бошқа қушлар ҳам кела бошлашди. Улар деразалар, дераза токчалар ва умуман уйнинг олд томонини ифлослашяпти. Қанча айтмайлик, қўшни аёл аҳамият бермаяпти, бошқаларни безовта қилаётганини тушунмаяпти.

Уй ёнида қушлар, дайди мушуклар ва итларни боқишни тартибга солувчи, чекловчи бирор ҳужжат ёки қоида борми?

Жавоб: — Албатта, бор. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 159-моддасига мувофиқ, турар жойларни сақлаш ва улардан фойдаланиш, умум фойдаланадиган жойларни санитария ҳолатида сақлаш қоидаларини бузиш, уй-жой фондидан техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларини бузиш, кўп квартирали уйлардаги турар жойларда чорва молларни, худди шунингдек, одамларнинг саломатлигига хавф солувчи ҳайвонларни боқиш — фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.