Жума, 14 Декабрь 2018

Умидни йўқотишга шошилманг!

Баъзан гинеколог ҳузурига келган аёллар ҳомиладор бўлолмаётганидан шикоят қилишади. Кўп ҳолларда вазиятни яхши томонга ўзгартириш мумкин!

 “Бепуштлик” ташхиси туғиш ёшидаги аёл контрацептив воситалардан фойдаланмаса-да, бир йил давомида ҳомиладор бўлмаган ҳолатда қўйилади. Бу ташхиснинг энг кенг тарқалган сабаблари қандай?

 Эндометриоз

Бачадонни қоплаган шиллиқ қават — эндометриянинг патологик ўсиши кузатилади. Кўп ва оғриқли ҳайз (одатда қуюлиб қолган қонли), ҳайз оралиғидаги қонли ажралмалар, дефекация ёки бовул қилишнинг оғриқли кечиши эндометриознинг белгиларидир. Иммун бузилишлари, ирсият, гормонал бузилиш, ҳайз қолдиқлари қолиши, жарроҳлик операциялари, туғруқнинг оғир кечиши, бачадон миомаси бунинг сабаблари бўлиши мумкин.

Эндометриозда гормонал, яллиғланишга қарши ва оғриқсизлантирувчи даволаш, физиотерапия тавсия қилинади. Касаллик ўтказиб юборилган ҳолларда жарроҳлик йўли билан олиб ташланади.

Ўсмалар

Тухумдоннинг юзи ва ичида ўсмалар — сариқ сувли пуфакчалар ҳосил бўлади. Уларни ҳайз циклининг номунтазамлиги, бадан ва юзда ортиқча сочларнинг пайдо бўлиши, ҳуснбузар, терининг ёғлилиги, кўп терлаш, теридаги тўқ доғлар (кўпинча бўйин соҳасида), ортиқча вазн каби белгилардан тахмин қилиб, текширув ўтказилади. Бу ҳолатга буйракусти безлари пўстининг гиперплазияси, қалқонсимон без касалликлари, қандли диабет, инсулинни қабул қилмаслик, эркаклар гормонларининг ортиқ даражада бўлиши, ирсият, ҳомиладорликни тўхтатиш, туғруқнинг оғир кечиши, зиқлик ҳолатлари, сурункали инфекциялар сабаб бўлиши мумкин.

Даволашда гормонал терапия, ёғ босишида вазнни камайтириш, витаминларни даврий қабул қилиш (аскорбин кислотаси, Е, В12, РР, В1, В9, В6), физиотерапия, жарроҳлик (лапарокскопия), инсулинни қабул қилмасликда тегишли дори воситаларини қабул қилиш ва парҳез тавсия қилинади.

Даврийлик бузилса…

Тухумҳужайралар ҳар циклда етилмаганда, кечикиб ёки умуман бу ҳолат кузатилмаганда ҳам ҳомиладорлик кузатилмайди. Бунинг ягона белгиси ҳайз даврийлигининг бузилишидир. Ушбу ҳолатга эндокрин тизимдаги бузилишлар, тухумдонлар ёки буйракусти безларидаги шишлар сабаб бўлиши мумкин.

Даволашда гормонал терапия қўлланилади.

Найчаларнинг беркилиб қолиши

Бачадон найчалари беркилиб қолганида ҳам аёлларда ҳомиладор бўлмаслик муаммоси кузатилади. Қориннинг пастки қисми ва белдаги оғриқлар, ҳайзнинг оғриқли кечиши ушбу ҳолатнинг ўзига хос белгиларидир.

Найчаларнинг беркилиб қолишига жарроҳлик операцияларидан кейин (ҳомиладорликни тўхтатиш, кўричакни олиб ташлаш в.ҳ.) найчаларда бириктирувчи тўқималардан ҳосила пайдо бўлиши, найчалар ва тухумдонларнинг яллиғланиши ёки жинсий йўл билан юқадиган инфекциялар, аввал кузатилган бачадондан ташқари ҳомиладорлик сабаб бўлиши мумкин.

Ушбу муаммони ҳал қилиш учун найчаларнинг бирикиб қолган жойи лапароскопия усулида жарроҳлик йўли билан ажратилади.

Тухумдонлар фаолияти сустлашса…

Ҳайз даврийлигининг иккинчи қисмида фолликула сариқ жисмга айланиб, прогестерон — “ҳомиладорлик гормони”ни чиқара бошлайди. Прогестерон ишлаб чиқарилиши пасайганида ҳам ҳомиладор бўлиш эҳтимоли деярли қолмайди.

Ҳайз даврининг қисқалиги (24 кундан кам), ҳайзнинг жуда оз ва қуюқ бўлиши, 3 кундан кам келиши, шишишлар, кайфиятнинг ўзгарувчанлиги, йиғлоқилик, жаҳлдорлик, тушкунлик, уйқунинг бузилиши, ҳайз даврининг иккинчи қисмида сут безларининг қаттиқлашиши ва оғриши, мастопатия, ҳомиланинг эрта босқичларда тушиши бу касаллик белгилари ҳисобланади.

Ушбу муаммо гормонал терапия, тухумдонлар фаолиятини яхшилаш учун дорилар қабул қилиш йўли билан даволанади.

 ДИЛОРОМ тайёрлади.