Сешанба, 18 Декабрь 2018

Қулупнай ҳамма учун ҳам фойдалими? Кимларга зарарли?

 

Баҳорнинг сўнгги ойи кириб келиши билан савдо расталари қулупнайга тўлиб кетди, бекаларимиз оила аъзоларини у билан хушнуд қилиш мақсадида ширин десертлар тайёрлаб беришмоқда, ҳаттоки қишга ғамлаб қўйишга ҳам улгуришмоқа. Бу тотли меванинг фойдали хусусиятларини биласизми? Билиб олиш фойдадан ҳоли бўлмайди.

 Табиий дармондори

Мазали таъмга, бир қатор фойдали хусусиятларга эга бу хуштаъм мева ёрдамида камқонлик, буқоқ, ошқозон-ичак касалликларини даволаш мумкин. Қулупнайда организмни вируслардан ҳимояловчи аскорбин кислотаси, ошқозон-ичаклар ишини таъминловчи никотин кислотаси, моддалар алмашинуви ва қон томирлар деворини мустаҳкамловчи рибофлавин, рутин моддалари мужассам. Қулупнай қонни кўпайтирувчи темир моддасига, суяклар, тишларни мустаҳкамловчи кальций ва фосфорга, асаб тизими учун ғоятда зарур магний моддасига бой.

Бу тотли мева С витаминининг конидир. Бу борада унга фақатгина лимон, апельсин ва қорағат тенг келиши мумкин. Кимёвий таркибидаги фойдали минерал моддалар ва антиоксидантлар организмни ёшартириш хусусиятига эга.

Қулупнай юрак-қон томир хасталиклари (стенокардия, инфарктдан кейинги ҳолат, хафақон, атеросклероз ва ҳ.к.) га чалинган инсонлар учун ҳам фойдали. Ҳафтасига 2 маҳал, қулупнайдан тайёрланган компот ичиш юрак хасталикларида (инфарктдан кейинги ҳолат), камқонликда, операциядан кейинги дармонсизликда қувватбахш восита сифатида қабул қилинади.

Аёл организми учун ғоят керакли бўлган фолат кислотасини ҳам айнан қулупнайдан топасиз. Организмда гормонал мувозанатнинг сақланиши, ҳайзнинг бир муддатда келишини таъминлаш учун вақти-вақти билан қулупнайли шарбат, компот ичиб туриш фойдали. Бундан ташқари, қулупнай организмни вируслардан ҳимоялайди. Йилнинг совуқ палласида грипп ва бошқа ўткир респиратор хасталиклардан сақланай десангиз, ҳозирда бу мазали мевага тўйиб олинг.

Қандли диабетга чалинган беморлар қулупнай борасида иккиланмасалар ҳам бўлади. Негаки, қулупнай қондаги қанд даражасини пасайтириш хусусиятига эга. Уни шакар қўшмасдан яхлит ҳолда, озроқ қаймоқ билан аралаштириб тановул қилиш мумкин.

Қулупнай меваси таркибидаги йод моддаси ичакларга тез сингиб, тўлақонли ўзлаштирилади. Шунга кўра, бу мевани буқоқ касалига чалинган инсонлар истеъмол қилишлари буюрилади.

Дилбар ЗИЁЕВА, шифокор-диетолог.

Кимлар учун зарарли?

Қулупнайни ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак яраси қўзғаган пайтда, гастритнинг ўткир турида камроқ истеъмол қилиш керак. Негаки, бундай пайтда қулупнай уруғидаги баъзи моддалар касалликни янада қўзғатиши мумкин.

Хафақонга чалинган инсонлар қон босимини туширувчи дори воситасини қабул қилганларида қулупнайни тановул қилмаганлари маъқул. Чунки бундай дори ва қулупнай аралашмаси қон босимини “яхшигина” туширса-да, буйракларни зўриқтиради.

Қулупнай истеъмол қилганингиздан кейин терида қичишадиган тошмалар пайдо бўлса, мевани тановул қилишни дарҳол тўхтатинг. Негаки, қулупнай аллергияни чақирувчи хусусиятга эга. Умуман олганда, қизил тусдаги барча озиқ-овқат маҳсулотлари, аллергияга чалинган инсонларга тавсия этилмайди. Аксинча, яшил, сариқ тусдаги мева-сабзавотлар аллергияга чалинган беморлар саломатлиги учун фойдалидир.

Терини ёшартиради

Қулупнайли ниқоблар терини ёшартириб, таранглаштиради, керакли витаминлар билан бойитади, ўсмир қизларда кузатиладиган хуснбузардан халос бўлишга ёрдам беради, теридаги майда қора нуқталар, доғларни кетказиб, юз терисини майинлаштиради.

Юзингизни болалар совунида ювиб бир дона қулупнайни терига суртинг. Мева юмшоқ бўлгани учун, терига тез сингади. Бундан ташқари қулупнайни сузма, асал, лимон шарбати билан аралаштириб ниқоб тайёрлаш мумкин. Улар терини юмшатиш ва оқартириш хусусиятига эга.

Адолат ХУДОЙБЕРГАНОВА, дермато-косметолог.

                                        КАМОЛА тайёрлади.