Жума, 14 Декабрь 2018

Улуғбек ҲОЛИҚОВ: “Янгиликларни синаб кўришга ҳамиша тайёрман”

“Вақт чиндан ҳам шафқатсиз ҳакам. Уни чалғитаман деган деган одам ўзини алдайди, холос. Айниқса, ижодкор ниҳоятда ҳушёр ва мулоҳазакор бўлиши керак”,— дейди Улуғбек Ҳолиқов. Унинг ўзига хос овози ва изланишларини мухлислар самимий қарши олишаётгани ёш хонандага ниҳоятда катта масъулият юклагани аниқ. Суҳбат асносида ана шу муҳим хулосани англадик.

 Улуғбек Ҳолиқов деган номни янгилик ва изланишларга ўч ижодкор сифатида танишлари сизга қандай масъулият юклайди?

Агар шундай деб танишса, мен бахтли инсон эканман. 2014 йилда санъат оламига кириб келган бўлсам, ҳамиша ўз овозим ва ўрним бўлишига интиламан. Шукурки, озми-кўпми, мухлисларга эга бўлдим. Ҳар бир инсон олдига қўйган мақсади билан тирик. Мақсадларга эса машаққатсиз етиб бўлмайди.

Сизга қулай бўлган ижодий жараён ҳақида айтиб ўтсангиз…

Тўғрисини айтсам, ижодий ҳамкорларимни тез ўзгартирмасликка интиламан. Энг қулай имкон мен учун тунда ёлғиз ижод қилишдир. Сокинликни яхши кўраман. Бундай пайтларда инсон ўз қалбини тинглай олади. Агар астойдил интилса, бутун олам руҳи билан тиллаша олади. Гарчи эрталаб туришим мушкул бўлса-да, тундаги ижод сеҳрини ҳеч нарсага алмашгим келмайди. Агар эрта ухлаб қолсам, қайсидир азиз қўшиғимдан айрилиб қолгандай ҳис қиламан ўзимни.

Мутолаага ҳам ана шундай ижод онларида берилиб кетсангиз керак?

—  Детектив асарларни ёқтираман. Тоҳир Малик асарларини қайта-қайта ўқийман. Шунинг билан бирга Муҳаммад Юсуфнинг  шеърларини кўп мутолаа қиламан. Ўзи ҳақиқий асарларнинг барчаси оддийлиги, табиий ифодалари билан азиздир. Шунинг учун ҳам бундай асарлар юракни жизиллатади, сизни ижод қилишга, курашиб яшашга ундайди.

Шеър мутолаа қилиб, беихтиёр қўлига чолғусини олган устозларимиз куйлаган қўшиқлар барибир бошқача…

Нима демоқчилигингизни тушундим. Тайёр мусиқага шеър излаб қўшиқ ёзгандан кўра ўзингиз ўқиган шеърдан таъсирланиб мусиқа ёзганингиз бошқача. Ўзини ҳурмат қилган ижодкор ҳар бир ижодий жараёнга масъулият билан ёндашади. Ноанъанавийлик мазмунли сўзда бўлиши керак, деб ўйлайман. Қолаверса, зукко ва шоиртабиат халқимизни алдаш осон эмас. Юки бўлмаган қўштирноқ ичидаги қўшиқни, барибир ҳеч ким юрагини бериб тингламайди.

Ҳар бир ижодкор илк қадамларида қайсидир устоз санъаткорга  тақлид қилади.  Сиз кимларга ҳавас қилгансиз?

Болалигимдан Ботир Зокировнинг ижодига ҳавас қиламан. Насиба Абдуллаеванинг қўшиқларини ҳам кўп тинглайман. Ёш эстрада хонандаларидан Алишер Файз, Шоҳруҳхон, Жаҳонгир Отажонов, Отабек Муҳаммадзоҳид ҳамда Ботир Қодировларга қизиқаман. Чин дилдан изланган санъаткорнинг қалб учқунлари, албатта, ўз мухлисини топади.

— Санъат борасида айнан кимлардан сабоқ олдингиз?

— Глиэр номидаги академик лицейида ўқиган давримда Дилфуза Жўраева менга устозлик қилдилар. Консерваторияда Дилором Омонуллаевадан таҳсил олдим. Бугунги эришган ҳар бир ютуғимда бу инсонларнинг меҳнати катта. Улардан жуда миннатдорман.

Бир суҳбатда отангиз тор чалиб қўшиқ айтишларини таъкидлаган эдингиз. Демак, оилангиздаги муҳит санъат оламига кириб келишингизга сабаб бўлган экан-да?

Дадам ҳарбий шифокор бўлсалар ҳам, санъатга қизиқишлари жуда кучли. Уйимизда ҳамиша Шерали Жўраев, Ортиқ Отажоновларнинг қўшиқлари янграб туради. Шунинг учун бу қўшиқлар менинг нафақат қулоғимга, бутун руҳиятимга ўрнашиб қолган. Мумтоз қўшиқларимизнинг ўзгача сеҳри ва чексиз қуввати борлигини болалигимдан ҳис қилганим учун дадамдан жуда миннатдоран.

Дадам доимо менинг қизиқишларимни қўллаб-қувватлаганлар. “Мен мактаб кўрмаган ҳофизман, сен эса, албатта, ўқишинг керак”, — дердилар. Дастлаб 21-болалар мусиқа ва санъат мактабига етаклаб борганлар. Уч йил давомида пианинодан таҳсил олганман. Кейин “Булбулча” болалар ансамблига олиб боришди. Шермат Ёрматовдан саҳна маданияти борасидаги илк сабоқларни олдим. Сўнгра Глиэр номидаги Республика  ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейида 8 йил ўқидим. Ўқишларим билан боғлиқ ҳар қандай масалага дадам ва онамнинг жиддий  эътибор беришгани мени ҳамиша ҳушёрликка ва шижоат билан ижод қилишга ундаган. Айниқса, китобхонлик борасида онам мен билан баҳслашишни ёқтирадилар.

—  Клипларингизда кўпинча ўзингиз роль ижро этгансиз. Сизни киноларга ҳам таклиф этишганми?

— Ҳа, таклиф этишган. Аммо кинода роль ўйнашга рози бўлмаганман. Клипларда эса уларнинг ғояси ўзимники бўлгани учун қаҳрамонни ўзим ижро этганман. Тоғамнинг ўғли режиссёр бўлган, шу сабаб, бир муддат актёрликка ҳам қизиққанман.

— Бирон-бир қўшиғингизни мухлисларга клипсиз тақдим қилишингиз мумкинми?

Мумкин, бу мен учун фожиа эмас. Мана, яқинда “Эркак” деб номланган қўшиғимни клип ишламай тақдим этдик. Бу сафар атай шундай йўл тутдик. Ҳар кимнинг ўз тасаввури ва хаёлот олами бор. Шундай экан, қўшиққа клип ишлаб, томошабин мулоҳазаларини, тасаввурини чекламаслигимиз керак. Шу мақсадда ертўлага тушдим-да, қўшиғимни оддий гитара билан ёздирдим. Шунинг ўзи кўнглимни тўлдирди.

“Бугунги кунда ҳар бир санъаткорнинг ўзига хос клип майдони пайдо бўлган, назаримда. Лекин томошабиннинг эътирофига сазовор бўлиш ҳам осон эмас. Клип, бу кичик бир фильм деганидир. Шундай экан, бу жараёнга ҳам масъулият билан ёндашиш зарур, деб ўйлайман.  Айниқса, мавзулар бетакрорлигига жиддий эътибор беришимиз керак. Ҳозирги кунда бу борада клипмейкерлар — Жасур Шаметов ҳамда Ёдгор Носировлар билан ҳамкорликда ишлаяпман”.

 Жаҳон эстрадасидан кимларни тинглайсиз?

Мен кўпроқ жаз ва рок йўналишларига қизиқаман. Ҳар бир йўналишнинг ўз идеали бор. Майкл Бубле ва Майкл Болтонлар ижодини кузатиб бораман.

Мухлисларга қандай янгилигингиз бор?

— Яқинда “Хўп демагин” деб номланган таронамга клип олдик. Биринчи марта 3D форматида клип ишладик. Янгиликларни синаб кўришга ҳамиша тайёрман. Мухлисларнинг танқидларидан қўрқмаслигимиз керак. Фикр-мулоҳазалар, баҳслар жараёнида кўп яхши нарсалар кашф этилган.

“Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар” деган мақолимизни аксарият ёшлар эътироз билан таъкидлайдиган бўлиб қолишган…

Агар бу мақолни шундай қабул қилишаётган бўлса,  ўша ёшларни мен асл ижодкор деб билмайман. Ҳар қандай янги йўналиш ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Аксинча, устозларнинг даккиларидан, синовларидан эсон-омон ўтган шогирдгина устозидан ўза олади. Тажриба ва синовларсиз, машаққатларсиз кўзлаган мақсадимизга ҳеч қачон эриша олмаймиз! Шу сабаб, айни пайтда ҳар бир соҳага устоз-шогирд анъаналари қатъий жорий қилинмоқда.

— Асл ўзбек қўшиқчилиги билан шоу-бизнеснинг ўртасидаги фарқни қандай баҳолайсиз?

Инсоннинг маънавий олами ва нафси ўртасида қанчалик фарқ бўлса, асл ўзбек қўшиқчилиги билан шоу-бизнес ўртасида шунчалик фарқ бор. Агар Аллоҳ юқтирмаган бўлса, манаман деган ҳомий ҳам сизни истеъдодли қилиб қўймайди. Асл ўзбек қўшиқчилиги мезонларига жавоб бериш осон эмас. Мумтоз қўшиқларимизни тинглаганимда, устоз санъаткорларимиз қанчалар юксак билим ва маҳоратга эга бўлганларидан ҳайратга тушаман. Мен ана шундай бебаҳо санъати, буюк тарихи бор халқ фарзанди эканлигимдан фахрланаман.

З. МЕЛИБОЕВА суҳбатлашди.