Чоршанба, 17 Июль 2019

Қулупнайли рулет

Масаллиқлар: Хамирига: 6та тухум, 6 ош қошиқ шакар, 4 ош қошиқ ун, 2 ош қошиқ крахмал, 1 чой қошиқ кўпиртиргич, 2 ош қошиқ ўсимлик ёғи, ½ ош қошиқ 5 фоизли сирка.

Кремига: 500 г қулупнай, 200 г сариёғ, 120 г қанд упаси

Желесига (таъбга кўра): 1 ўрам қулупнайли желе (75 г), 300 мл сув

 Тайёрланиши: Желе кукуни 300 мл қайноқ сувда ивитилади ва саёзроқ қолипга солиб, қотгунича музлатгичга қўйилади. Тухум оқи шакар билан кўпиртирилади. Тухум сариғи алоҳида кўпиртирилади, кейин тухум оқига қўшилади. Бирга эланган ун, крахмал ва кўпиртиргични қўшиб, пастдан тепага аралаштирилади. Сариёғ ва сирка қўшиб, аралаштирилади. Хамир ёғланган қоғоз солинган қолипга жойланади ва 180 даража ҳароратда 15 дақиқа пиширилади. Пишган бисквит қоғози билан бирга сочиққа қўйиб, ўралади ва шу ҳолатда совитилади.

Кремни тайёрлаш учун қулупнай блендерда майдаланади ёки санчқида эзилади. Сариёғ кўпиртирилади, қанд упаси ва қулупнай қисм-қисмлаб қўшилади. Совиган бисквит очилади, чеккасига 2 сантиметр етказмай крем суртилади. Бошқа бурчагидан тасма қилиб қирқилган желе жойланади. Рулет желе жойланган чеккасидан бошлаб ўралади, “чоки” пастга қилиб тугатилади. Камида 1 соат музлатгичга қўйилади, кейин устини қолган крем, желе билан безатилади ёки қанд упаси сепилади.