Жума, 20 Aprel 2018

Томга чиқмай ёрилган шиферлар

Фарғона вилояти Қувасой шаҳар ИҲҲҚ жамияти томонидан истеъмолчиларнинг электр, газ ва сув таъминоти, соғлиқни сақлаш, савдо ҳамда бошқа соҳалардаги мурожаатлари Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунлари талабларидан келиб чиққан ҳолда ўрганиб борилмоқда.

Жумладан, шаҳар жамиятига К.Ёрматов кўчасида яшовчи Б.Мирзаабдуқодиров мурожаат қилиб, ўзи сотиб олган шиферларнинг сифатсиз чиққанидан шикоят қилди. Маълум бўлишича, у шиферларни сотиб олиб, томга қоқиши жараёнида 44таси, томга чиқариш жараёнида яна 7таси, жами 51 дона маҳсулот ёрилиб сифатсиз ҳолатга келган. Натижада фуқаро шаҳар ИҲҲҚ жамиятига мазкур масалада амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Истеъмолчи мурожаати мазкур маҳсулотни ишлаб чиқарувчи корхона вакили иштирокида ўрганилди. Натижада ёрилган шиферлар корхона томонидан бошқа сифатлисига алмаштириб берилди.

Шаҳарнинг А.Қодирий кўчасида яшовчи У.Ходжиматов ҳам шунга яқинроқ масала билан жамиятга мурожаат қилган. Маълум бўлишича у уйида таъмирлаш ишларини олиб бораётиб, тадбиркор Х.Маматқуловга қарашли пластик эшик ва ромлар ясаб ўрнатиш шохобчасига хонадонидаги учта ромни пластик ромларга алмаштириш учун мурожаат қилган. Тадбиркор унинг уйига келиб,  ромларнинг ўлчовларини олгач, икки томон ўртасида юқоридаги ишларни тўлиқ амалга ошириш учун оғзаки равишда жами 3 миллион сўм иш ҳақига оғзаки келишишган. Уй эгаси бу пулларни хизмат кўрсатувчига берган, лекин орадан 12 кун ўтган бўлишига карамай, хизмат кўрсатувчи ишларни бажаришга киришмаган. Истеъмолчи эса шу сабаб уйидаги таъмирлаш ишларини тугаллай олмаётганлиги ва ўртадаги озаки келишув шартлари бузилаётганлиги тўғрисида шикоят қилиб, муаммони ҳал қилишда жамиятдан ёрдам сўраган.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида тадбиркорга Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни талаблари тушунтирилди. Натижада у истеъмолчи У.Ходжиматовнинг 3 миллион сўм пулини қайтариб берди.

Зиёдахон ФОЗИЛОВА,

Фарғона вилояти Қувасой шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси.