Чоршанба, 17 Oktabr 2018

Ўткинчи ҳислар алдови

Коллежга ўқишга қатнар эдим.. Негадир уни бир кўришимдаёқ ичимда қандайдир нотаниш ўзгариш рўй берди. Руҳимга ёқимли бўлган ҳиссиётлар ўрмалади. Кўриниши ниҳоятда тартибли, чиройли, замонавий кийинадиган бу йигитга коллежнинг олди қизлари мафтун бўлишди. Аммо Аюб ҳеч сир бой бермай, доим бир қолипда юрар, ичидагиларни ҳаммадан яширарди. Беихтиёр уни зимдан кузата бошладим. Бу кузатишларим билан унга боғланиб қолишимни билмагандим. Аста-аста танишиб, суҳбатлар қура бошладик. Дилимдаги ҳисларимни доим беркитишга уринганман, бироқ соғинч тўла нигоҳларим буни ошкор этиб қўяверарди. Куз фасли яқинлашгани сайин юрагимга ғашлик чўмди, сабаби у Россияга ўқишини давом эттиришга кетиши керак. Охирги учрашувимизда севиклигим мени илк бор қаттиқ қучиб кўнгил изҳорини айтди. Ўшанда Бахт деган туйғуни туйиб сармаст ҳолатда тонггача ухлолмай чиққанман. Қишгача у билан хат орқали гаплашиб юрдик. Инсон кўнгли мураккаб хилқат эканки, мен унга виртуал тарзда боғланиб тобора алоқаларимиз жиддийлашиб борди.  Вақт соғинчли ҳисларимизни аросатда синарди.

Онам менга доим “қиз боланинг ҳусни унинг иффатида”, дея кўп таъкидлардилар. Бу гапларни ёдга олишимнинг сабаби бор. Қишки таътил бошланиб Аюб дам олишга бир ҳафтага Тошкентга келди. Авваллари ҳеч бундай кичик таътилларда келмагани учун отаси ҳам ҳайратини яширмади. Бир куни у билан кўришадиган бўлдик. Коллежда дарсдан эртароқ чиқдим. У билан катта хиёбонда учрашадиган бўлдик. Табиийки, кўзлаган манзилимиз уйимиздан анча олисда жойлашган. Мен учрашув жойини аранг топиб бордим. Хиёбоннинг чекка қисмига ўтдик. Аюб мени соғинч билан бағрига босди. Шу куни менга нима бўлди тўлиқ англолмайман. У билан танишининг хилватроқ квартирасига бордик. Отам бу иснодни кўтаролмай ётиб қолдилар, мени қарғадилар. Аюб Россияга кетиб қолди. Оиламизда менинг қилган номақбул бу ишим барчани ларзага келтирди. Уйдан ҳайдалдим.

Мана, бу воқеаларга етти йил бўляптики, ҳамон аросатда яшаяпман. Бирим икки бўлмади. Остонамизга неча маротаба бош уриб борсам-да, қондошларим мени кечиришмади. Яқинда отам вафот этганларини эшитиб ўзимни ўлдиришга ҳам жазм қилиб кўрдим, бироқ тақдир экан яшаяпман. Мени бугун азоблаётган оғриқ Аюбнинг номардлиги бўлди. Мен уни севаман, биз бир-биримизни танлаганмиз, деб қаттиқ янглишган эканман. Қанийди вақтни ортга қайтариш имкони бўлганда бу хатони сира қилмаган, ўткинчи ҳисларга берилмаган бўлардим. Онажон, гуноҳкор қизингизни кечиринг, бир марта сизни бағрингизга бош қўйиб, тўйиб-тўйиб йиғлаб олсам ҳасратларимни бир сонияга бўлса ҳам унутган бўлардим…

 ДИЛИСЛОМ ёзиб олди.