Душанба, 26 Август 2019

Эҳтиёткор одам (Ҳажвия)

Онажонимни кўрган-билганлар “шаддод хотин” дейишади. Яна айтишадики, қирққа яқинлашиб қолган бўлсам ҳам, ойимнинг айтганларидан чиқмас эмишман. Бунинг нимаси ёмон? Ахир менга бировнинг меҳнатини қадрлашни  ўргатган ким? Онажоним-ку!

“Тақир-туқурингни кўтариб кўчага жўна, ҳовлида ўйналаринг. Ҳозиргина уйни тозаладим!” — дейишлари шу кунгача қулоғим тагида жаранглаб туради. Ҳа, яна ойижонимдан ҳар доим, ҳар қандай ҳолатда ҳам яхши ният қилишга ўргатганлари учун ҳам миннатдорман.

“Ювганимда кийимингдаги доғ кетсин, деб худодан сўраб тур! Бўлмаса, кўрадиганингни кўрасан!” Ойижоним мени қийинчиликларни бардош билан енгишга ўргатганлариниям айтиб ўтмасликнинг сира иложи йўқ!

“Хархашани тўхтат! Музқаймоқ йўқ! Энди чакагингни ўчириб, шўрвангни ичасан!” Хуллас, айтганимдек, билганларимнинг барчаси учун ойимдан миннатдорман. Фақат о-о-о-озгина омадлироқ қилиб туғганларида янаям яхши бўларди… Йўқ, йўқ, Мик Уиллори исмли бир инглиз фермеридан “омадли”роқ эканимни биламан! У ким дейсизми? Интернетда ўқимадингизми? Олтмиш беш йиллик ҳаёти мобайнида қирқ саккиз маротаба бахтсиз ҳодисага учраб, довруғи дунёга танилибди-ку? Қўллари, оёқлари, қовурғасию бармоқлари синган бўлсаям, у жаҳондаги “энг омадли одам” ҳисобланармиш. Агар шу “омад” саналадиган бўлса, мен Уиллоридан “омадли”роқ эканлигим аниқ. Кўчада қайси қатордан юрмай, қўшни қатордаги машиналар мени машинам юрган қатордан кўра тезроқ ҳаракатланади. Бир амаллаб ўша қаторга тиқилиб олсам, ундаги ҳаракат умуман тўхтаб, ҳозиргина мен  юз ўгирган қатордаги машиналар ғиз-ғиз ўтишни бошлайди. Поездга чиқсам, албатта, хуррагидан қўшни вагондагилар ҳам уйғонадиган шерикка дуч келаман.

Бу ҳали ҳаммаси эмас! Ҳарбий хизматда юрганимда, аҳду-паймон қилган қизимдан хат олдим. “Сизни кутолмайман. Бошқасини ёқтириб қолдим. Унга турмушга чиқсам керак. Илтимос, суратимни  ўзимга қайтариб юборсангиз. Бир кун келиб, жанжал чиқиб юрмасин”, деб ёзворибди. Мен нима қилдим, денг?! Ичингни ит тирнагандир, десангиз, хато қиласиз! Хизматдошларимдан севган ёки таниш қизларининг суратларини йиғиб олдим-да, ҳаммасини бир конвертга солиб: “Мени кечир, юзингни эслаёлмадим. Шунинг учун ўзимдаги ҳамма суратларни юборяпман. Ўзингнинг расмингни олиб қолгин-да, қолганларини қайтариб юбор”, деган сўзлар билан қизга юбордим. Ана, ялинишини кўринг! Гапини қаранг, “Қайтинг! Сизсиз яшолмайман”миш! Бўларкан-ку, мана?!

“Кейин шу қизга уйландингми”, дерсиз. Йўқ! Бунинг ҳам сабаби — “омадли”лигим. Хизматдан қайтгач, қизни учрашувга таклиф қилдим. Рози бўлди. Биргалишиб хиёбонга бордик, музқаймоқ едик. Шу ерда бир шоввоз одамларни бургут билан расмга тушираётган экан. Навбатимиз етганда, мағрур қушнинг эгасидан: “Бунингиз каптарга ўхшаб, ҳалигидақа…?” деб сўрамаган бўлсам ҳам, алам қилмасди. Лекин у: “Нималар деяпсиз? Шундай мағрур қушнинг қўлидан “бунақа иш” келмайди! Сиз айтаётган нарса бир йилда бир марта рўй бериши мумкин”, деб қасам ичганиям рост. Аммо айнан ўша куни бургут қурмағур менга бир йил кутганини исботлаб қўйса бўладими?!. Қарабсизки, на сурат бор, на қиз! Мени кўрса, кулгиси қистаётганмиш… Тақдир экан, хайрлашдик… Хуллас, ана шунақа, “омади чопган” одамман.   Шу сабабдан жуда эҳтиёткор бўлиб қолганимниям тан оламан.

Бир куни рўпарамдан чиққан қўшним Тўлқинбойни “Хайрли кун” деган гапи учун “қопиб бердим”.

— Сиз қаёқдан биласиз? — дедим шартта.

— Нимани, “мен қаёқдан биламан?”

— Куннинг хайрли эканини сиз қаёқдан биласиз?

— Билмайман, шунчаки сизга хайрли кун тиладим, холос!

– Кун давомида бирон-бир кўнгилсизликми, дилсиёҳликми, рўй берса-чи? Кимдир мени хафа қилса, режамдаги бирор нарса амалга ошмай қолса-чи? Ўшанда кун сиз айтгандай “хайрли” бўлмай қолади-ку?! Алданиб қолган ёки умиди чил-чил синган одамнинг аҳволини ўзингиз бир тасаввур қилиб кўринг! Шунда сиз менинг устимдан кулган бўлиб қолмайсизми?

— Йўқ, йўқ, мен ҳаммасини тушундим. Кечирасиз, тавба қилдим! Минг бор узр, яна сизга “Хайрли кун” тиласам, тилим кесилсин! Кўришгунча! — деб талмовсираган қўшнимни баттар эзиб, яна:

— Сиз қаёқдан биласиз? — дедим.

— Нимани “мен қаёқдан биламан?” деди у оёқ-қўллари қалтираб.

— Яна кўришамизми-йўқми, буни сиз қаёқдан биласиз?! — деб ола қараш қилганимдан бери кўзимга кўринмайдиган бўлди. Ҳа, нима? Эҳтиёткор бўлиб, ҳамма нарсани аввалдан кўра билган яхши-да, тўғрими? Ёки қаршилигингиз борми?!

ЭҲСОНБЕК.