Душанба, 18 Ноябрь 2019

Эҳтиромга сазовор ноёб истеъдод эгаси

Мусиқа инсон ҳаётининг оҳанглардаги инъикосидир. Шу боис бўлса керак, мусиқа тараннуми эгалари элнинг назарида, эъзозида ва доимо ардоғида бўлиб келганлар. Бунинг замирида бир умрлик меҳнат, касбга садоқат, шогирдларга саховат сингари омиллар мавжудки, миллатнинг маънавий тарихига муҳрланиш осон иш эмаслигига амин бўласиз.

Замонасининг бетакрор овоз соҳиблари, устоз санъаткорлари қаторида Ориф Алимаҳсумов ҳам ўзининг истеъдоди, меҳнати, билими, ва серқирра ижоди билан халқ эътирофига эга бўлди. 1926 йилнинг 21 май санасида Тошкентда таваллуд топган ҳофиз ўзбек мақом ижрочилигида ёрқин из қолдирди. У адабиётни севган, нотиқликда мукаммал, Яратган томонидан берилган ноёб истеъдод эгаси эканлиги билан қадр топди. Унинг ижодий фаолиятида Ўзбекистон радиоси қошидаги мақом ансамбли алоҳида саҳифа сифатида муҳрланган. Зеро, бу даргоҳ хонанда учун устозлар сабоғи, мактаб, амалиёт ўчоғи бўлиб хизмат қилди. Шу боис ижодкор бу жамоада оддий хонанда сифатида иш бошлаб, ансамблнинг бадиий раҳбари даражасига етди.

Ўзбекистон халқ артисти Ориф Алимаҳсумов сўзга бойлиги, тафаккурининг кенглиги билан ҳар қандай тингловчини ўзига ром эта олиш хусусиятига эга эди. Шу сабаб, у маҳалла раиси ва “Оталар сўзи, ақлнинг кўзи” кўрсатувининг бошловчиси сифатида ҳам самарали фаолият юритди. Бу йўналишдаги меҳнатлари билан халқ маънавияти ва маърифати ривожига муносиб ҳисса қўшди.

Ориф Алимаҳсумовнинг устоз сифатидаги меҳнатлари ҳам таҳсинга лойиқ. У шогирдларига касб сирларини ўргатишдан чарчамади, улардан меҳр-муҳаббатини аямади. Фарзандлари учун Аллоҳдан: “Ўзингдан ўзгага муҳтож қилма, бола-чақанинг доғини кўрсатма, бахтли бўлишсин, орқамизда қолишсин. Биз эришолмаган нарсаларни уларга лойиқ кўргин”, деган тилакларни сўраб яшади. Бу тилаклар ижобат бўлган бугунги кунда машҳур ҳофиз ва ажойиб инсон Ориф Алимаҳсумовни фарзандлари даврасида бирга хотирладик.


Отам кўрсатган йўл

Марғуба Азизова, Ориф Алимаҳсумовнинг қизи:  

— Оилада тўрт ўғил, икки қиз фарзанд эдик. Отажоним жуда меҳрибон ота эдилар. Бақириб-чақирган, дўқ қилиб гапирганларини эслай олмайман. Бирорта хато қилиб қўйганимизни “сиз”лаб эмас, “сен”лаб гапирганларидан билиб олардик. Ота-оналар мажлисидан: “Қанийди, бизнинг ҳам фарзандларимиз сизникига ўхшашса…” деган гапларни эшитиб келиб, хурсанд бўлардилар. Чунки бирортамиз ҳам тўполончи бўлмаганмиз, ҳаммамиз яхши ўқирдик.

Мактабни тугатгач, отамга санъат йўлини танламоқчи эканлигимни билдирганим эсимда. Ёнларига ўтирғизиб: “Санъат йўлидан боришингизга мен қарши эмасман. Аммо бошқа оилага борганда уни давом эттира олармикинсиз, шуни ҳисобга олинг. Одам  ўзини бир умр боқадиган касбни танлаши керак”, дегандилар. Отамнинг гаплари билан дизайнерликни танлаб, тикувчи бўлдим, бугунги кунда ўз ательем бор. Ҳаммаси худди улар айтганларидек бўлди. Аммо қўшиқ айтишга ҳавасим ҳалигача сўнгани йўқ. Берта Давидова, Коммуна Исмоиловаларнинг ашулаларини биргаликда хиргойи қилсам, невараларим ҳайрон бўлишади. Биз шу қўшиқларни эшитиб катта бўлганмиз, дейман.

Эл назарига тушган инсоннинг фарзанди бўлиш насиб этгани — энг катта бахтимиз. Отамизнинг жуда ноёб овози бор эди. Ўзларидан эшитган бир воқеа ёдимда: 7та чет мамлакат — Англия, Франция, Португалия, Дания, Испания, Италия бўйлаб 26 кунлик круиз сафарига санъаткор сифатида лойиқ кўрилиб, ярим пулини ўзлари тўлаб борганларида, Лондонда кўпроқ туришибди. Опера театрига тушишганда, таржимоннинг “Орамизда бир санъаткор бор” деган гапи билан ҳеч нарсадан хабари йўқ, спектакль бошланишини кутиб ўтирган отамнинг қулоқларига “Ориф Алимаҳсумов” деган овоз чалинади. Қарасалар, саҳнага таклиф қилишяпти. Кулиб-кулиб саҳнага чиқадилар. Микрофон йўқ, чўнтакларида тахланган иккинчи дўппилари бор экан, шуни ликопча ўрнида ишлатиб “Бир келсин” катта ашуласини куйлаб берган эканлар. Ашула тугаши билан атрофни қарсаклар овози тутибди. Бир пайт атрофларига йиғилган 5-6та опера артистлари “Оғзингизни очинг, кўрайлик”, дейишибди. “Овоз кучайтиргични излашди, шекилли?” деб кулардилар отамиз. Овозлари паст, ўрта, баланд пардаларда ҳам зўр чиққанига маҳлиё бўлиб, “Овозингиз колоратурали тенор экан”, деб баҳо беришган экан. Ўшанда опера театрининг директори: “Юртдошингиз Қориёқубовнинг ҳам ашуласини эшитгандим-у, бунчалик завқланмагандим”, деб тан олибди. “Совға-саломни  олиб, операни кўриб, меҳмонхонага қайтганмиз”, деб айтиб берардилар…


“Ўзингиздан кечиб бўлса-да, бировнинг кўнглини олиш савоб…”

Маҳбуба Мирҳамидова, кенжа қизи:

— Отам бир гаплашган одам яна гаплашишни орзу қиладиган ширинсухан, қалби пок, хушчақчақ инсон эдилар. Гина-кудурат, араз, бировнинг орқасидан гапиришни ёмон кўрардилар. Отажоним бадиий тилда сўзлаганларида, сўзлар бамисоли садафдек чиройли терилишига маҳлиё бўлиб қолмасликнинг иложи йўқ эди. Чарчаганларига ёки бетоб бўлишларига қарамай, бировнинг ҳожатини чиқаришга ҳамиша тайёр турардилар. “Болам, ўзингиздан кечиб бўлса-да, бировнинг кўнглини олиш савоб”, дердилар доим.

Ажойиб бир қобилиятларига ҳавас қилса арзирдики, шеър ёки бирор матнни бир марта ўқишларининг ўзи етарли эди, қайтиб сўрасангиз, ёддан айтиб берардилар. Биринчи Президентимиз таклифи билан отажонимиз Мустақиллигимизнинг биринчи ва иккинчи йиллик тантаналарини очиб берган кунлари барча оиламиз аъзоларининг ёдида бир умрга муҳрланиб қолган.                                                                              Отамизнинг санъаткор сифатида бу даражага етишларида волидаи муҳтарамамизнинг катта ҳиссалари бор.

Ориф Алимаҳсумовнинг қизи эканлигимни билган инсонлар отамни қўшиқлари қаторида ширинсуханлик билан томошабинларга манзур даражада олиб борган “Оталар сўзи, ақлнинг кўзи” кўрсатувини эслашади. Мақом қўшиқларни меъёрига етказиб, сўзларини дона-дона қилиб ижро этардиларки, барча қўшиқлари тингловчининг қалб торини чертишдек қудратга эга. Бир радиоэшиттиришда Миср Араб Республикасида яшовчи инсон отамнинг қўшиқларини тинглаш истагини билдирганини эшитиб, қувончдан ўзимни қўйишга жой тополмагандим. Ҳаж сафарига борганларида ҳам, ўша ерда истиқомат қиладиган ўзбекистонликларнинг катта эҳтиромига сазовор бўлганларини кўп гапириб берардилар. Илоҳим, отажонимизнинг жойлари жаннатда бўлсин!


Раҳмдил, сахий инсон эдилар

Носир ҳожи Алимаҳсумов, ўғли:

— Отам кўп қатори оддий инсон эдилар. Болалар тарбиясида гап билан берган танбеҳлари урган билан баробар кучга тенг бўларди. Камтарлик, сабрлилик, соддалик, бировнинг ҳаққидан қўрқиш, меҳнатсеварлик, хушчақчақлик, кўнгли бўшлик, раҳмдиллик сингари хислатлари бор эди. Шахсан ўзим гувоҳи бўлган бир воқеадан сўнг отам қанчалар сахий инсон эканликларини билганман.

Маҳалламизда бир савдо ходими, обрўли инсон яшарди. Дўкон директори бўлган бу одам дўконини савдо қиладиган аёлга бутунлай ишониб топшириб қўйгани учун панд ейди. Текширув натижасида дўконда 24 минг сўм камомад борлиги аниқланади. У пайтларда камомад 10 минг сўмдан ошса, ишни Москва ҳал қиларди. Йўқолган маблағ жойига қўйилса, айбдор кечирилиб, жойига қўйилмаган тақдирда қамоқ жазоси бериларди. Буни билган Ўлмас ака бойвачча ўртоқларининг ҳаммасига мурожаат қилиб, пул топа олмайди ва эртага қўйилган муддатнинг охирги куни, деганда бизникига келади.

“Бормаган жойим қолмади, пул эмас, маслаҳат сўраб келдим. Нима қилишимни билмай, бошим қотиб қолди…” — деган Ўлмас акага отам раҳматли ичкаридан 26 минг сўм олиб чиқиб берадилар.

“Бу ниятда келмагандим”, — деганча хижолатдан боши эгилган  Ўлмас ака: “Нега 26 минг бераяпсиз, камомад 24 минг-ку?” — деб сўраган.

“Икки мингини ишларинг юришиб кетгунча рўзғорга ишлатиб турарсан”, — деган жавобни олгач, у пулни халтага солиб чиқиб кетганди.

Отам бу ҳақда ўша одамга ҳеч қандай тилхат ҳам ёздирмадилар, “Қачон қайтарасан?” деб ҳам сўрамадилар. У одам қарзини бўлиб-бўлиб, 6-8 ой деганда қайтарди ва шундан кейин улар ака-укалардай қадрдон бўлиб қолишди. Ўлмас ака хонадонимизда бирор тадбир бўлса, уч-тўрт кун аввал хабар оладиган бўлдилар. Отамиз вафот этганларида ҳам катта ака ўрнида ёнимизда турдилар.

Япон дўкондорнинг қимматбаҳо совғаси

Отам Японияга борган кунларида яна бир воқеа эсимда қолган.  Саёҳатчилар Владивостокдан кемага ўтириб, Япониянинг Осако шаҳридаги  портга тушишган экан. Кемадан тушаётганларни кузатиб турган бир нотаниш киши бош яланг, шляпа кийган одамлар орасидан айнан дўппи кийган отамнинг ёнларига бориб, ўзини таништирибди.

— Уруш йиллари асир тушиб, Тошкентда қурилишда ишлаганман. Ўшанда уларнинг бизга кўрсатган меҳрибончиликларидан ҳайратга тушгандим. Наҳотки, ўзларига  қарши уришиб, асирга тушган одамларни сут-қатиқ, мева-чева бериб сийлашса, булар ажойиб халқ экан-ку, деган хаёлларга борганман. Ўша-ўша ҳамма таниш-билиш, яқинларимга “Қаерда ўзбек миллатидаги одамни кўрсангиз, биз учун миннатдорчилик ўрнида илтифот кўрсатинг!” деб тайинлаганман, деб ташриф қоғозини берибди. Дўконига албатта боришларини тайинлаб кетибди. Бир куни ташриф қоғози тасодифан чўнтакларидан чиқиб, таржимон билан бирга манзилни топиб борсалар, дур сотадиган катта дўконмиш. Хуш тавозе, салом-аликдан сўнг дўкон эгаси отамизга:

— Кўнглинг тусаганидан хоҳлаганингча  ол, — деб таклиф қилибди. Дурлар тўпламининг тагидаги “Нархи фалон миллион иен” деган ёзувларни  кўриб:                                                            –

— Йўқ, йўқ менда унча пул йўқ! Керакмас! — дебдилар отам. Чунки уларга арзимаган миқдорда пул алмаштириб берилган экан. Шунда у одам “Чўнтагингдаги бор пулингни чиқар”, дебди-да, уларнинг орасидан бир иенни олиб, 25 миллион иенли дур солинган халтачани: “Аёлларингни хурсанд қиласан”, деб узатибди.

Отам бу совғани уйга олиб келганларида бир заргар танишлари бу ниҳоятда қимматбаҳо, табиий япон дури эканлигини, шунинг учун тешиги ҳам йўқлигини айтиб, ўртасини тешиб, онам ва сингилларим учун ипга тизиб берган экан…

Отамизни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин! Отаси бор инсонлар уларнинг дуоларини олиб қолишга ҳаракат қилишсин!

Туҳфа НАЗАРОВА.