Душанба, 18 Ноябрь 2019

Тиббиёт оламининг мўъжизалари

Янги технологиялар ҳозирнинг ўзидаёқ тиббиётни таниб бўлмас даражада ўзгартириб юбормоқда.

 Ҳали туғилмаган болани операция қилиш, тишларни электр токи билан тозалаш, электрон ҳамшира хизматидан фойдаланиш ва принтерда касал аъзолар ўрнига янги аъзоларни босиб чиқариш – буларнинг ҳаммаси илмий фантастика эмас, бугунги куннинг ҳақиқати! Ҳар қандай касалликнинг олдини олиш ёки даволаш, генлардаги бузилишларни тўғрилаш, умрни 2-3 баравар узайтириш ва ҳатто 50 ёшдан кейин фарзанд кўришнинг ҳам оддий ҳолга айланишига нима дейсиз?

Тишларнинг “учинчи авлоди”

Ҳужайрали технологияларнинг келажаги порлоқ. Ҳозирнинг ўзида ҳужайрадан организм учун керакли ҳар қандай аъзони етиштириб чиқариш олимлар учун муаммо эмас. Хайриятки, юрак ёки буйракни кўчириб ўтказишга ҳамма ҳам муҳтож эмас, аммо кўпчилик 30-35 ёшда, ҳеч бўлмаганда, битта тишини йўқотишга улгуради. Тишларнинг “учинчи авлоди”ни яратиш бўйича тажрибаларни бундан 10-15 йил олдин сичқонларда ўтказишган, ҳозир эса инсоннинг курак, қозиқ ва озиқ тишларини ўстириш имкони яратилди. Куйишдан шикастланган тери ўрнига янги тери ўстириш ёки қариган, ажин тушган ва салқиган терини ёшартириш ҳам мумкин. Салқиган тери у ёқда турсин, мутахассислар тез орада миянинг инсульт ёки жароҳат туфайли шикастланган қисмларини ҳам тиклашни ўзлаштиришга муваффақ бўлишади. Улар лабораторияда функционал фаол нейронларни ўстиришди, аммо уларни мия тўқимасининг шикастланган қисмларига киритиш технологиясини ҳали охиригача ишлаб чиқишмади.

Ҳужайрали технологияларни қонунийлаштириш қолди, чунки фирибгарларнинг қўлида бу технологиялар “эчкини истагандим, момақалдироқ олдим” тамойили асосида ишлаши мумкин. Ахир ҳужайрадан нафақат тиш ёки жигарни, балки хавфли шишни ҳам ўстириш мумкин. Буни истамаймиз, албатта…

Ақлли хапдори

Дорини чин маънода ақлли қилиб бўлмайди, аммо унинг таркиби устида ишлаш мумкн. Масалан, унинг керакли аъзога тўғри бориши ва белгиланган вақтда таъсир кўрсатишига эришиш мумкин. Бундай “ақлли” хапдориларни Қозон давлат тиббиёт университетининг ходимлари ишлаб чиқишди. Яратилган препаратларнинг мўлжалланган аъзога етиб бориш аниқлиги — тахминан ярим соат. Олимлар аниқ мақсадга қаратилган ҳаракатлари туфайли қўшимча таъсирлар эҳтимолини қисқартириб, таъсир кўрсатувчи модданинг дозасини камайтириш ва бу билан дориларни бир умр қабул қилишга мажбур бўлган астматиклар, гипертониклар ва бошқа беморларнинг ҳаётини яхшилашга эришишди. Масалан, гипертониклар учун қон босимининг эрталаблари кўтарилиши жуда хавфли бўлиб, бу инсульт, инфаркт ва тўсатдан ўлимга олиб келиши мумкин. Бу ҳолат соат 3дан 5гача, одатда инсон ҳали ухлаётганида содир бўлади. Энди хавотирга ўрин йўқ: бемор дорини ётиш олдидан, соат 22:00 қабул қилади, дори роппа-роса 5 соатдан кейин, қон босими назорат остидан чиқа бошлаганида таъсир қилади.

Диабетдан халос бўлиш мумкин

Қандли диабет бедаво касаллик ҳисобланиб келинган. Унинг энг хафлиси — инсулинга боғлиқ шакли (1 турдаги диабет). У одатда болаликда бошланади ва доимий инсулин юборишни талаб қилади. Олимларда организмда инсулин ишлаб чиқарувчи ҳужайраларни ўстириш фикри туғилди. Ҳозир бу технология ишлаб чиқилди. Тўғри, ҳозирча касалликни тўлиқ енгдик деб бўлмайди, аммо умид қилса бўладиган натижаларга эришилди. 2 турдаги диабетни эса ҳужайрали технологиялар ёрдамида даволашнинг иложи йўқ. Чунки касалликнинг бу шаклида организмда инсулин етарли, аммо ҳужайраларнинг унга сезувчанлиги йўқолади. Шунинг учун бу касалликни даволашнинг бошқа йўлини излашга тўғри келади.

Принтердан чиқарилган жигар

Тадқиқотчилар ички аъзолар ва томирларни пурковчи принтердан чиқаришга уста бўлиб қолишди! Картрижни бир оз ўзгартириш талаб қилинади: уни сиёҳ ўрнига эритмага жойланган ҳужайралар билан тўлдирилади, қоғоз ўрнига термосезувчан гель билан қопланган шиша пластинкалардан фойдаланилади. 32 даражадан юқори бўлган ҳароратда гель қотади ва унга “босилган” ҳужайраларни керакли тартибда сақлаб, уч ўлчамли тузилмаларни, масалан, бўлажак вена ва артерия томирларининг асоси бўлмиш кавак найчаларни қуришга ёрдам беради.

Қурилиш “каркаси” сифатида ҳужайрали массага коллаген – бириктирувчи тўқиманинг тузилишли оқсили қўшилади. У биологик конструкция каркасини яртадаи. Томир ёки аъзо шаклланганида, уларни 20 даражагача совитилади. Бу ҳароратда гель суюлади ва тайёр тўқимали тузилмадан осон ювилади. Майда органик қисмларни бир неча соатда босиб чиқариш мумкин, йирик қисмларни тайёрлаш учун эса бир неча ҳафта ва ойлар керак бўлади.

Сув билан жарроҳлик операцияси

Сув ёрдамида операция қилиш – наҳотки бунинг иложи бўлса? Бор. Юқори аниқликдаги асбоб — сувоқимли скальпель миллиметрлаб операция қилиш имконини беради. Юқори босим остидаги ингичка сув оқими қон томирларидан бошқа барча тўқималарни бузади. Масалан, жигарда улар кўп ва  оддий скальпелдан фойдаланилганда кўп қон оқади. Барча томирлар худди кафтингиздагидай кўриниб туради. Жарроҳ уларни боғлаб, сўнг шиш ёки бошқа патологик ҳосилани тўлиқ олиб ташлайди. Жигарнинг шикастланмаган қисми сақланиб қолади. Бемор қон йўқотмайди!

Мартел армияси

Вақти келиб, скальпель ва игна тиббиётчилар асбоблари орасидан йўқолади. Барча тадқиқотлар ва операциялар тана ичида саноқли сонияларда ўтказилади! Соч кесимидан минг бор майда роботлар ташхис қўйишади ва ҳар қандай “бузилиш”ни йўқотишади. Америкалик олимлар “Наноковловчи” лойиҳаси устида ишлашни якунига етказишмоқда. Унинг мақсади – тиббиётни, масалан, таҳлил учун қон олиш ёки лимфа тугун пункцияси каби эскирган амалиётдан узоқлаштириш. Энди ташхис асбобининг ўзи тўқиманинг ўлчамигача кичраяди ва касаллик пайдо бўлган жойнинг ўзида таҳлил ўтказиш учун аъзога киради.

Микроскопик ташхисчилар учун аномал ҳужайраларни хавфли ўсманинг хосил бўлишидан 3-5 йил олдин аниқлаш ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди. Ҳеч бир юқори сезувчанликка эга маммограф кўкракдаги 0,1мм дан кичик тугунчаларни аниқлай олмайди, нанороботлар учун эса — бу муаммо эмас. Жипслашган митти даволовчилар жамоаси (олимлар уларни Мартел армияси деб аташди) 200 мингта аниқ ҳаракатларни бажаришга қодир. Улар шифокорларнинг назорати остида ҳаракат қилишади: майда камералар тасвирни ташқи экранга узатади, инфрақизил узатгичлар эса ҳар бир нанороботнинг ҳолатини қайд қилади.

Электрон ҳамшира

Япон муҳандислик ғоясининг фахри — териси силикон ва кўзлари чақноқ, бошига оппоқ қалпоқча, эгнига халат кийган мафтункор ҳамшира. Яқиндагина робот-ҳамшира боши ўрнида дисплей бўлган ғилдиракли катта шкаф кўринишида бўлиб, беморларни даҳшатга соларди. Янги “ҳамшира” эса беморлар ва врачларда фақат ижобий ҳиссиётларни уйғотади. Бундай ҳамшира жуда қиммат туради, аммо ҳамиша аъло кайфиятда, ҳеч қачон касал бўлмайди, ҳеч нарсани адаштирмайди, назардан четда қолдирмайди, маош ҳам талаб қилмайди. Яхши томонлари бисёр!

Тиш пастаси ўрнида электр токи

3 кишидан иборат оила бир ойда ўртача 75 мл тиш пастасини сарфлайди. Зарарни ҳисоблаб чиққан тежамкор японлар тиш пастаси ўрнига элекр токидан фойдаланишга қарор қилишди. Токиолик муҳандислар тиш чўткасига иккита мис ва магний чизиғини ўрантишди. Улар намланганда электролиз принципи бўйича ишлайди. Бунда пайдо бўладиган манфий ионлар  мусбат зарядга эга кальций ионлари томон тортилиб, улар хосил қилувчи тиш эмалини тозалайди. Муолажа мутлақо оғриқсиз ва хавфсиз.

Қозонлик олимлар бутун дунёда иложиси йўқ деб ҳисобланган ақлли хапдориларни ишлаб чиқишди!

Дилором ТОҒАЕВА тайёрлади.