Жума, 20 Сентябрь 2019

Тез ўсиш нимадан дарак беради?

Акселерация — тез ўсишни бугунги кун болаларининг муаммоси дейишади. У қандай пайдо бўлади ва агар шу ҳолат кузатилса, ота-оналар нима қилишлари керак?

 Баланд бўйли, қўл-оёқлари узун ёш йигит тиқилинч автобусга чиқишга ҳаракат қилади. Кўринишидан унга 17 ёшдан кам бермайсиз, аслида эса унинг ҳали паспорти ҳам йўқ. Кимдир бундай хусусиятни яхши деб ҳисоблаши мумкин, болаларнинг ўзлари эса кўпинча бундан азият чекишади.

Янги муаммо эмас 

Тез ривожланиш — бу ҳамиша соғлиқ билан боғлиқ муаммолар ва бир талай “ўсмирлик” ташхислари. Тўқималар тез ўсаётган скелетнинг кетидан ўсиб улгурмайди ва шу сабаб, гипертония, вегетотомир дистонияси, буйракусти безларининг етарлича ишламаслиги, аллергик реакциялар каби қатор касалликлар келиб чиқади. Аммо болалар акселерацияси фақат тиббиёт масаласи эмас, у руҳшунослар ва педагоглар, ижтимоий ходимлар, юристлар ҳамда ҳатто болалар пойабзали ва кийимлари ишлаб чиқарувчиларини ҳам ўйлантиради.

Акселерацияга умумий мойиллик сўнгги йилларда бутун дунёда кузатилмоқда. Болалар ўзларининг бир неча авлод аввалги тенгдошларидан баланд, вазнлари оғир бўлиб бормоқда. Бу ўзгаришларнинг ҳаммаси бола ҳали гўдаклигида бошланиб, ўсмирлик даврида ривожланишнинг энг юқори чўққисига етади. Тарихга мурожаат қиладиган бўлсак, акселерациянинг кўплаб мисолларини топиш мумкин: бунинг учун авваллари ўн уч ёшда турмушга чиқиб, ўттиз ёшда буви бўлишганини эслашнинг ўзи кифоя. Кўриниб турибдики, тез улғайиш янги муаммо эмас.

Сабаби нимада? 

Болалар акселерацияси бўйича тадқиқотлар кўп, аммо уларнинг биронтаси ҳам исботли жавобни бермаяпти. Баъзи олимлар бунда иқлимий шароитларнинг ўзгариши ва ёмон экологияни айблашмоқда. Бу билан шаҳарлик ўсмирларнинг қишлоқдаги тенгдошларига нисбатан тез ривожланишининг сабабини тушунтириш мумкин. Бошқалар эса унинг сабабини ҳаёт ҳамда тиббий хизмат сифатининг яхшиланишида кўришмоқда. Яна бошқалар болалар кимёвий моддалар билан тўлдирилган ёмон маҳсулотлар туфайли тез ўсишмоқда, деб ҳисоблашмоқда.

Ҳақиқатан ҳам, замонавий болалар кўп овқатланишиб, ёғ босиши муаммосига эрта дуч келишмоқда. Бугунги кунда гўшт гормонлар ва антибиотикларга, сабзавотлар пестицидларга бой, шоколад батончалари таркибида сунъий қанд ва таъмни кучайтирувчи моддалар кўп бўлиб, улар бола организмига инсулин бомбаси каби таъсир кўрсатади. Бу рўйхатга ўсмирлар яхши кўрадиган гени ўзгартирилган маҳсулотлардан тайёрланган фастфудларни қўшадиган бўлсак, бола организмидаги ўзгаришларга ажабланмасак ҳам бўлади.

“Боланинг бўйи баланд бўлса, буни нимаси ёмон?” дерсиз. Аммо тадқиқотларнинг кўрсатишича, физиологик меъёрнинг бир йилга ошиши ақлий ривожланишнинг икки йилга ортда қолишига олиб келади.

Кичкина катталар 

Физиологик акселерация билан бирга руҳий акселерация ҳам мавжуд. Бунда боланинг бўйи ва вазни меъёрга мос келади, аммо унинг гаплари, фикрлаши ёшидан анча катта кўринади. Бу тоифадаги болалар ростдан ҳам катталар каби фалсафий фикр юритади. Улар ҳаёт муаммоларини жуда эрта англаб, тез катта бўлишади.

Боланинг доимий зиқликда бўлиши, гаджетларга қизиқиши, йўргакдалигидан ривожлантиришнинг бошланиши руҳий акселерациянинг сабабларидир. Кичкинтойнинг болалиги йўқ, лекин спорт тўгарагида, мактаб олимпиадалари ва танловларда муваффақиятга эришган, шу билан бирга эрта невроз ва қатор соматик касалликларни ҳам орттирган. Бола катта бўлишга, вазиятга мослашишга мажбур бўладиган шароитда ўсади, ҳаётида мураккабликлар кўп пайдо бўлади. Уларни ота-она ёрдамисиз ўзи енгишига тўғри келади…

Фарзандингиз болаликнинг гаштини суришига, ростдан ҳам бола бўлишига имкон беринг, уни ўз муаммоларингизга шерик қилманг. Балоғат ёшида тарбиянинг панд-насиҳат усулидан камроқ фойдаланинг. Чунки бу унга акс таъсир қилиши мумкин. Ўсмирнинг энергиясини яратувчилик оқимига — спорт, ижод билан шуғулланишга йўналтиришга ҳаракат қилинг.

Айрим ўсмирлар катталар ҳаётини ўйнаётгандай туюлади. Аммо уларнинг кўпчилиги ҳақиқатан ўз тенгдошларидан эрта улғайишади.

Д.ТОҒАЕВА тайёрлади.