Душанба, 26 Август 2019

Тетиклик ва саломатлик гарови

Баҳор фаслида бизни тез-тез шамоллаш, терининг қуруқшаши, сочларнинг синувчанлиги каби муаммолар безовта қилади. Касал бўлмаслик ва гўзал кўринишга эга бўлиш учун эфир мойларидан фойдаланинг.

Эфир мойлари — бу ўсимликлардан олинадиган учар бирикмалар. Улар кўплаб касалликларнинг олдини олувчи восита сифатида қўлланиб келинади. Мойни дорихоналарда ёки махсус дўконлардан харид қилиш мумкин.

Эфир мойининг ҳақиқий ёки сунъийлиги қандай аниқланади? Ҳақиқий эфир мойи ёрқин ҳиди ва тузилиши билан ажралиб туради. Қоғозга озроқ томизиб кўрганингизда, бир неча сониядан кейин изи ҳам қолмаслиги керак. Агар доғ буғланиб кетмаса, демак, бу восита таркибида мойдан ташқари хушбўйлаштирувчи моддалар ҳам бор ва ундан фойдаланиш тавсия қилинмайди.

Фойдаланиш усуллари кўп 

Хушбўй мойлардан турли усулда фойдаланса бўлади:

  • Уларни хушбўйлантирувчи чироқларга қўшиш, ҳавога сепиш, хонага тарқалиши учун очиқ идишда қолдириш мумкин;
  • Атир ўрнида терига суриш;
  • Шифобахш ванналарга қўшиш;
  • Сочлар ва баданга суриш;
  • Ҳаммомда буғланишда фойдаланиш мумкин.

Фойдаланишда бу усуллардан айнан ўзингизга мосини танланг. Мойларни алоҳида ёки аралаштириб ишлатса бўлади. Таркиби тўғри қўшилса, улар бир-бирининг шифобахш хусусиятларини тўлдиради ва кучайтиради.

Ҳар бир муаммода алоҳида у ёки бу мойдан фойдаланилади. Фойдаланишда, айниқса, терига суришда, синалган рецептларга амал қилган маъқул.

Шамоллаш ва гриппда ёрдам беради 

Респиратор касалликларнинг олдини олишда лимон, чой дарахти, кедр, лаванда, бергамот, қарағай мойлари яхши — улар микробларга қарши таъсирга эга.

Қарағай, лимон мойлари 2-3 томчидан аралаштирилиб, қоғозга сурилади ва уни хонага қўйиш мумкин. Ёки бу мойни ҳавони тозалашда хушбўйлантирувчи чироқ учун қўлласа ҳам бўлади.

Шамоллаш ва гриппни даволашда эвкалипт, лимон, лаванда, қарағай, розмарин, ялпиз мойларидан фойдаланинг. Улар йўтал, тумов, томоқдаги оғриқни даволашга, умумий аҳволни енгиллаштиришга ёрдам беради.

Рўмолга тенг миқдорда лимон (ёки апельсин) ва ялпиз мойини томизиб, рўмолни герметик идишга жойланг. Уни вақти-вақти билан ҳидлаш бурун битишини йўқотишга ёрдам беради.

Кучли йўталда кўкракка тошчўп, лаванда, эвкалипт ёғларини суриш фойдали. Асос сифатида 1 ош қошиқ кокос ёғини олиб, унга 2-3 томчи эфир ёғи қўшилади. Аралашмани ёруғликни ўтказмайдиган идишда сақланг.

Чарчоқдан халос этади 

Бугунги ҳаёт суръатида дам олишга вақт етмаслигига қарамай, организмнинг дам олиши ва кучини тиклашига имкон бериш лозим. Бунинг учун апельсин, арпабодиён, сандал, бергамот, лаванда мойларига эътибор беринг — улар сизни чарчоқдан халос этади, кайфиятингиз ва иш қобилиятингизни кўтаради.

Ухлашдан олдин илиқ сув тўлдирилган ваннага 5 томчидан лаванда ва бергамот мойини томизинг. Бундай ваннани 20 дақиқа қабул қилиш етарли.

Сочларни мустаҳкам ва қалин қилади 

Сочларнинг қалинлиги, жилоси ва кучларини қайтариш учун апельсин, мирра, атиргул дарахти, ёронгул, лаванда мойларидан мунтазам фойдаланинг. Тез орада қуруқ ва синувчан сочлар ҳақида унутасиз.

Асос сифатида 2 ош қошиқ канакунжут ёғини олиб, 2 томчи атиргул дарахти мойини қўшинг. Арашмани сочларга суриб, бош терисини яхшилаб уқаланг. Сўнг бошни сочиқ билан ўраб, бир соатдан кейин шампунь билан ювинг.

Қуруқ териларни юмшатади 

Терининг қуруқшаши, шўралаши ва ёрилишларини енгишда маврак, атиргул, лимон, лаванда, розмарин, эвкалипт мойлари ёрдам беради.

Ҳар куни юз кремига эфир мойини қўшинг. Бунинг учун бир қисм кремни олиб, 1 томчи эфир мойи билан қўлингизда аралаштиринг. Аралашмани эрталаб ва кечқурун юзингиз, бўйнингизга суринг. Бир ҳафтадан кейин сезиларли натижани ҳис этасиз.

Ҳар бир эфир мойидан фойдаланишдан олдин унинг қарши кўрсатмалари билан танишиб чиқинг.

Д.ТОҒАЕВА тайёрлади.